Самарадорликнинг бош омили – муносиб меҳнат

44

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни» муносабати билан «Ўзбекистон Респуб­ликасида меҳнат соҳасининг ҳолати ва ривож­лантириш истиқболлари» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирни Федерация раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев кириш сўзи билан очиб, ушбу мулоқотдан кўзланган асосий мақсад – меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси, касаба уюшма фаоллари, шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида мавзу муҳокамаси юзасидан атрофлича ­фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажаришга кўмаклашиш» лойиҳаси катта техник маслаҳатчиси Анастасия Дубова ўз маърузасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароити яратиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева Ўзбекис­тон Республикасининг янги таҳрирдаги «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ва ундаги ўзгартиш ва қўшимчалар, қонуннинг афзалликлари хусусида сўз юритди.
ХМТнинг «Пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг Учинчи томон мониторинги» лойиҳаси катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп пахтачиликда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйи­­ча Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида маъруза қилди.
Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси Ижрочи директори Фаррух Омоновнинг муносиб меҳнат концепциясини татбиқ этишда конфедерация томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маърузаси ҳам кўпгина масалаларга ойдинлик киритди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримованинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги соҳасидаги ишларнинг жаҳон ҳамда юртимизда қай даражада амалга оширилганига оид маълумот ва далиллари қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Давра суҳбатида меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазасига оид масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар