СИФАТНИ ТЕКШИРИШ УЧУН ШАРОИТ ЕТАРЛИМИ?

104

    Мамлакатимизда маҳсулотларнинг рақобатбардош, харидоргир тайёрланиши ва ишлаб чиқарилиши учун техник стандартлар етарли даражадами? Маҳсулотлар сифатини текширишга мўлжалланган лаборатория жиҳозларининг аҳволи қандай? “Ўзстандарт” агентлигида “Янги Ўзбекистоннинг янги стандартлари амалда” мавзусида бўлиб ўтган очиқ эшиклар кунида журналистлар ўзларини қизиқтирган шу каби барча саволларга жавоб олишди.

– “Ўзстандарт” институти қошидаги меъёрий ҳужжатлар фондида бугунги кунда 37 мингдан ошиқ маҳсулотларнинг стандартлари мавжуд. Уларнинг 18 мингдан ошиғини давлатлараро стандартлар ташкил этади, қолганлари маҳаллий стандартлардир, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги қошидаги Стандартлар институти директори Ғайрат Ғозиев. – Босқичма-босқич мазкур стандартлар электрон шаклга ўтказиб борилмоқда. Олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири мавжуд стандартларимизни халқаро меъёрларга мослаштиришдир. Чунки тадбиркорларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар жаҳон бозори талабларига жавоб бериши, эскпортбоп бўлиши учун халқаро стандартларга жавоб бериши керак. Бунинг учун бизнинг муассасамиз халқаро стандартлар ва талабларни ўрганиб, ўзимиздаги мавжуд ҳужжатларни уларга мослаштириш устида ишламоқда.  Жорий йил бошида бу кўрсаткич 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, йил якунига етгач 29 фоизга етиши режалаштирилган. 

    Мутахассисларнинг айтишича, стандартларнинг кўп ёки камлиги соҳа ривожини белгилаб бермайди.  Уларнинг янгилангани муҳим. Агар стандартлар қанчалик тез-тез янгиланса, ўша маҳсулотни ишлаб чиқириш борасида силжиш, такомиллашув бўлаётганини тушуниш мумкин.

Шундан сўнг журналистлар  Республика синов ва сертификатлаштириш маркази ҳамда Ўзбекистон миллий метрология институтларига қарашли лабораториялар мажмуаси билан танишишди. Бу ерда ширинликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехник буюмлар, қурилиш моллари, болалар ўйинчоқлари, саноат соҳасида ишлатиладиган зарарли нурлардан ҳимояловчи мосламалар, барча-барчаси гуруҳ-гуруҳ ҳолда синовдан ўтказилади.

– Муассасамизда барча маҳсулотларни қиёслаш, уларнинг белгиланган талаб ва нормаларга мослигини текшириш учун шароитлар етарли. 2015 йилдан бошлаб агентлигимизга аввал ўзимизда бўлмаган ускуналар ҳам келтирила бошланди, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги директор ўринбосари  Рустам Қиёмов. – Масалан, суюқликда ва ҳавода газ босимини ўлчайдиган, қурилиш маҳсулотлари зичлигини синовдан ўтказадиган ускуналарни текшириш мосламалари илгари мавжуд эмасди. Бунинг учун Россия, Беларус, Вьетнам каби давлатларга бориб қиёслаш амалга оширилиб келинар ва ҳар бир ашёни текширтириш учун 1000 Ақш долларидан 2000 АҚШ долларигача маблағ сарфланарди. Эндиликда эса замонавий техника ускуналари давлатимиз томонидан  сотиб олиниб, ўзимизда амалга оширилмоқда. Бунинг устига Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатларидан келтирилган ашёлар ҳам қиёсловдан ўтказиб берилмоқда. Натижада, аввало харажатларимиз тежалмоқда, сўнгра қўшни давлатларга ҳам хизмат кўрсатишга муваффақ   бўлмоқдамиз. Агентлигимизга келгусида ҳам янги қиёслов ускуналари келтиришни режалаштирганмиз.

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»  

Бошқа хабарлар