Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

350

Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори юртдошларимизни, хусусан, зиёли ва олимларимизни жуда руҳлантириб юборди. Чунки унда белгилаб берилган қатор вазифалар она тилимизни асраб-авайлаш, уни бор гўзаллиги ва жозибаси билан юксакларга кўтариш, тарихий мавқеини тиклаб, келгусида халқаро миқёсда ишлатиладиган тиллар сафига қўшишга имкон яратади.

Миллат тараққиётининг бирламчи шарти

– Дунёдаги энг илғор мамлакатлар, биринчи навбатда, ўз миллий тиллари воситасида тафаккур қилгани натижасида юксак тараққиётга эришган.
Она тилимизга давлат тили мақоми берилганини, таъбир жоиз бўлса, баҳор олдидан учиб келадиган қалдирғочга ўхшатиш мумкин. Ўша паллада биз талаба эдик. Тарихий воқеликни ўз кўзимиз билан кўрдик: ўзбек тилининг софлиги, мавқеи, мартабаси учун зиёлилар жон-жаҳди билан кураш майдонига чиқди…

Она тилимиз ўша маҳалларда сал бўлмаса, оила доирасида гаплашиладиган маиший бир тилга айланиб қолиш хавфи остида турган эди. Ҳайриятки…
Ўша кунларнинг ўтганига ҳам мана ўттиз йил бўлибди. Бу орада ўзбек тили кўп янгиликларга юз тутди. Она тилимизга хориж тилларининг хавф солишига ҳеч бир ўзбекистонлик зиёли бефарқ бўла олмайди.
Бошқа ҳамма соҳа дунёнинг исталган жойида тараққий қилиши мумкин. Бироқ ўзбек тили ва адабиётининг ривож­ланиш негизи Ўзбекистондир.
Нутқдаги нуқсон ва камчиликлар устида кўплаб мулоҳаза билдириш мумкин. Зиёлиларимиз фикрларини равон ифодалаши учун мамлакатдаги барча олий таълим даргоҳларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитилиши шарт. Мактаб ва лицей даврида ўзбек тили ва адабиётидан олинган сабоқлар зиёли учун камлик қилади.
Ўзбек тилининг бойишига қайсидир маънода адиблар улкан ҳисса қўшади. Ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай вазифани бажарган. «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонлик­ларини ўзбек тилига тўнкамасинлар». Абдулла Қодирийнинг ўзбек тили қадри ҳақидаги фикри шундай. У ўз асарлари билан бу мумтоз тилнинг ифода имкониятларини, сўз воситасида худди рассомдек нафис ва латиф манзаралар чизиш, сўздан бебаҳо маънавият қасрларини бунёд қилиш мумкинлигини исботлаб берди. Чўлпон эса «Мен суюб…мен суюб…кимни суюбмен? Мен суйган «суюкли» шунчалар гўзал, Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!» каби ўнлаб беназир мисралари билан шоир юрагини шеърга солиб, ўзбек тилининг жозибадор оҳангини, инсоннинг қалб садоси ва унинг акс-садосини, ўзбекона тасвир, тасаввур ва тафаккур кўламини намоён қилди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунни байрам қилишга ҳақлимиз. Чунки биз учун ота-она, эл-юрт, қариндош-уруғ қанчалар қадрли бўлса, ота макон ва она тил шу даражада азиздир. Шу маънода, муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарори тарихий аҳамиятга эга.

Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори, профессор:

Қутлуғ кунлар нашидаси

– Авар шоири Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» китобида ибратли бир воқеа ҳикоя қилинган. Ўғли урушда бедарак йўқолган авар аёли узоқ йиллар унинг йўлига кўз тикиб яшайди. «Келиб қолар» деган умидидан воз кечмаган она шу илинж­­да кексаяди, сочлари оқариб, қомати букчаяди. Ҳаёт эса тасодифларга тўла. Иттифоқо, ўғлининг тирик экани, Европанинг қайси бир давлатида яшаётгани, таниқли рассом экани ҳақида хабар келади. Онанинг қувончи чек-чегара билмайди. Шу асно у жиддий тортиб, хушхабар олиб келган кишидан «Ўғлим сен билан қайси тилда ­гаплашди?», деб сўрайди. Саволига «Ўзимизнинг тилимизни унутган экан, тилмоч орқали сўзлашдик», деган жавобни олади. Аёл маъюс тортиб қолади. Сўнг ўрнидан туриб уйига кириб кетади-да, қора кийиб чиқади ва «Ўғлим тирик деб юрсам аллақачон ўлган экан», деб аза очади.
Ҳикоядан кўринадики, тилдан воз кечиш, унутиш – ўзлигидан қайтиш демакдир. Инсон учун бу маънавий фожиа. Одамзод она тилисиз миллат сифатидаги қиёфасини сақлаб қололмайди. Она тилимизга ҳар хил таъсирлар кўпайган пайтда ҳар бир ўзбек фарзанди, айниқса, қалам аҳли уни асраш учун қаттиқ жон куйдириши, ёзувчи, шоирларимиз асарларида она тилининг бой имкониятини бор бўй-басти билан кўрсатиб бериши лозим. Мен дунёнинг машҳур ёзувчиларини биламан. Улар тўрт-бешта тилни мукаммал билади. Аммо фақат битта тилда – ўз она тилларида ёзади. Чунки улар, биринчидан, фақат ўз тилидагина маромига етказиб тасвирлаб, ҳис-туйғуларини ифода эта олиш лозимлигини яхши англайди, иккинчидан, ўз она тилига бўлган ҳурмат бошқача ёзишига йўл қўймайди.
Президентимизнинг давлат тилимизнинг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарори тарихий воқелик ҳисоб­ланади. бу кунни муносиб нишонлаш бурчимиздир.

Хосият РУСТАМОВА,
«Китоб дунёси»
газетаси бош
муҳаррири:

Қадринг ҳам, қаддинг ҳам мудом тик бўлсин

– Президентимизнинг «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарори жавобини кутаётган баъзи саволларга ечим, мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз бўлган ўз она тилимизга давлат миқёсида бўлган эътиборнинг муносиб эътирофи бўлди.
Ҳа, айтиш жоизки, тил ўзлигимизни англашнинг бош белгисидир. Халқимизда «Ўз қадрини билмаган ўзганинг қадрини билмас», деган ҳикмат бор. Бу бежиз айтилмаган. Аввало, она тилимиз қадрига етсак, ўзга тиллар аҳамиятини англаймиз, ҳис қиламиз. Чет тилларни чуқур ўрганиб, керакли ўринда фойдаланишимиз фойдадан холи бўлмайди. Аммо, уларни бўлар-бўлмасга тилимизга қориштириш яхши эмас. Она тилимизга ўзга сўзларни чоғиштириш гўёки булбул куйига тўтиқуш сайроғи қўшилгандек бир ҳодиса. Фикрли, сўз қадрига етган инсон буни яхши анг­лайди, ватандек азиз, онадек табаррук ўз она тилининг келажаги йўлида қайғуради. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шундай деган эди: «Ўзбек тилим бошқаларга қандоқ, билмайман, лекин мен учун дунёда энг бой, энг гўзал, энг баркамолдир. Ўзбекча гапириб тилим чиққан, қўлимга қалам олиб ўзбекча ёзганман. Қалбим севинчлари ва изтиробларини ўзбекчада туширганман, она тилимнинг кўрки, барваста қомати саҳифалардан жаҳонга бўй кўрсатиб турса дейман».
Қарорда «ўзбек адабий тилининг асос­чиси, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга Тошкент шаҳридаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросимини уюштирилсин», деган жумлани ўқиб қалбимизда фахр туйдик. Бир неча аср аввал туркий тилнинг латофати, гўзаллиги ва бойлигини илмий, бадиий жиҳатдан исботлаб берган ҳазрат Навоий бобомизга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак кам.
Тилини йўқотган эл халқ сифатида ҳам унутилади. Шундай экан, ёш авлодни ўз она тилига муҳаббат руҳида тарбия­лашимиз, тилни эъзозлашга, бу тилда равон ва ширали сўзлашга ўргатишимиз шарт.

Шарофат
ТОШМИРЗАЕВА,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси, Халқ таълими аълочиси:

Салим АБДУРАҲМОНОВ ёзиб олди

:

Бошқа хабарлар