Талабалар нега кўзларигa ишонишмади?

31

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг 2-талабалар турар жойи 1974 йилда қурилган бўлиб, 108 ўринга мўлжалланган эди. Мазкур ётоқхона капитал реконструкция қилиниб, кенгайтирилди. Эндиликда бу ерда 130 нафар талаба истиқомат қилади.

Ётоқхонанинг ҳар бир қаватида талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар яратилган. Жумладан, Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш йўлида белгилаб берган беш ташаббусига асосан кутубхона, мусиқа хонаси, компьютер ва интернет хонаси, спорт билан шуғулланиш имконияти бор.

Ошхоналарга замонавий русумдаги газ плиталари, музлатгичлар, 10 та сув иситгич, 6 та кир ювиш машинаси, ошхона буюмларини сақлаш учун шкафлар ва шунга ўхшаш кўпгина қулайликларга эга маиший техника воситалари қўйилгани эътиборга лойиқ. Шунингдек, ётоқхона ҳовлисида спорт билан шуғуланиш учун тренажёрлар қўйилган, волейбол ва стол тенниси майдончалари ҳозирланган.

– “Нефт ва газ” факультетининг 3-босқичида ўқийман, – дейди Абдулла Ҳамидов. – Ушбу ётоқхонада ўтган йили ҳам яшаганман. Бу йил илк келган кунимиз таний олмай қолдик. Бизга шундай шароитларни яратиб берганлардан миннатдормиз.

– Ногиронлар учун махсус хона ташкил қилингани яхши бўлибди, – дейди Дилбек Раҳмонов. – Хонада компьютер бор, китоб жавонида янги адабиётлар. Жуда хурсанд бўлдим. Институтнинг магистратура бўлимида ҳам ўқиш ниятим бор. Олган билимларимни жонажон Ватаним равнақига сарфламоқчиман.

Файзиддин ТИЛОВАТОВ,

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти

 ходимлари ва талабалари касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар