Ўзбекистонлик ҳарбийлар Англияда ўтказилган халқаро «Кембрия патрули» танловида ғолиб бўлди

71
Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Жорий йилнинг 6 – 21 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган  халқаро танловда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси британиялик, непаллик ва швейцариялик ҳамкасблари билан бирга биринчи ўринни қўлга киритди. Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг Ishonch’га маълум қилишича, танлов шартига кўра ҳар бир совринли ўрин бир нечта жамоага берилиши ҳам мумкин.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Иккинчи ўрин Буюк Британия, Франция ва Ҳиндистон жамоаларига, учинчи ўрин ҳам мезбонларга насиб этди. Мазкур мусобақада 39 мамлакатдан жами 144 та жамоа қатнашди. Қайд этилишича, мезбон давлат танловда 63 та жамоа билан иштирок этган.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

9 босқичдан иборат танлов давомида иштирокчилар навигация воситаларисиз Кэмбрия тоғлари бўйлаб 25 кг юк билан 70 км масофага марш юриш, 1000 метрдан ортиқ баландликка кўтарилиш ва 750 метрлик пастликка тушишни амалга оширдилар. Бунда уларнинг етакчилик қобилияти, амалий кўникмаси, руҳий ва жисмоний қуввати синовдан ўтди.

 Марш юриш давомида ҳар бир жамоа, тоғли ва сув тўсиқларидан ўтиш, ҳудуд разведкасини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар операцияларни амалга ошириш, шартли ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ноқонуний кучлар томонидан гаровга олинганларни озод этиш, мураккаб тоғли ҳудудларда пистирмаларни ташкил этиш каби вазифаларни бажарди.

Бугун, 21 октябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон вакилларини тантанали кутиб олиш тадбирида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ўқувчи ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Таъкидлаш жоизки, бу – разведкачиларимизнинг илк ғалабаси эмас. 2018 йилда ҳам «Кембрия патрули» халқаро танловида ватандошларимиз тенгсиз эканликларини исботлашган.

Жорий йилда соҳа мутахассислари ўртасида ўтказилган мусобақалар: Қозоғистонда “Олтин укки” ва Ҳиндистонда “Қўшин разведкаси аълочилари” беллашувларида иккинчи ўрин айнан юртдошларимизга насиб этган эди.

Бошқа хабарлар