Яқин шарқ яна янги «олов ўчоғи»га айланадими?

50

Туркиянинг Сурия ҳудудида, аниқроғи, унинг шимолий кенгликларида «хавфсизлик зонаси»ни яратиш мақсадида аксилтеррор операцияларни бошлагани дунё миқёсида кучли резонанс келтириб чиқарди. Суриядаги курдларнинг Сурия демократик кучларига қарши бошланган уруш Яқин Шарқда янги оловли нуқтанинг пайдо бўлишига олиб келди, дейиш мумкин.

Шубҳасиз, ҳуқуқлари топталган, ўз яшаш жойидан бадарға қилинаётган, асрлар бўйи ўз давлатига эга бўлиш орзусида ёнган, дунё бўйлаб тарқалган 40 миллионли нуфузга эга курдлар жанговар ҳаракатларни Туркия ҳудудига кўчириши эҳтимоли юқори. Туркия жанубий қисмларида яшайдиган курдлар ўз миллатдошларини ҳимоя қилиш иддаоси остида мамлакатда қўпорувчилик амалиётларига қўл уриши мумкин. Эрон, Ироқ ва Туркияда яшайдиган курдлар Суриядаги қуролдошларига ёрдам кўрсатишларини инкор этиб бўлмайди.

Туркия Суриядан нима истамоқда?

Яқинда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясида президент Режеп Таййиб Эрдўғон Туркия Сурия билан чегарада ўз назоратига олишни истаётган узунлиги 480 километр ва Сурия томон 30 километр кириб борувчи «хавфсиз ҳудуд» харитасини намойиш қилган, ҳозирда Туркияда яшаётган 3,6 миллион суриялик қочқиннинг 2 миллионга яқини мазкур ҳудудга кўчирилишини айтган эди. Бироқ Туркия ўзининг Сурия шимолидаги асосий мақсади «сурияликларнинг ўзи ва минтақа тинчлиги учун зарур хавфсиз ҳудуд» яратиш эканини иддао қилса-да, у шимоли-шарқий Сурия билан чегара бўйлаб ўрнашиб олган курд жангчиларига ҳужум уюштириш билан мунтазам таҳдид қилиб келади.

Туркия, асосан, Сурия Демократик Кучлари билан бирга, бошқа курд қуролли гуруҳларини ўз ҳудудида ўттиз йилдан буён тақиқ остида бўлиб келган ва Курд Автономияси учун курашган Курдистон Ишчилар Партиясининг кенгайтирилган кўриниши, дея ҳисоблайди. Бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, 1960 йилларда АҚШдаги айрим стратеглар томонидан Эрон, Ироқ, Туркия ва Суриядаги курдлардан иборат ягона Курдистон давлатини тузиш ғояси ишлаб чиқилган. 2003 йилдаги АҚШ бошлиқ халқаро коалициянинг Ироққа ҳужумидан кейин курдлар бирмунча мустақилликка эришди. 2011 йилги Сурияда бошланган «араб баҳори»дан кейин шимолдаги курдлар ҳам деярли мустақилликка эришди. Энди навбат Эрон ва Туркияга келди. Туркиянинг асосий хавотири ҳам курдларнинг ўз мустақил давлатига эга бўлиш эҳтимоли.

Шу нуқтаи назардан, Туркия қўшинларининг Сурия ҳудудига киришини расмий Дамашқ агрессия ва суверен давлатга тажовуз деб баҳолаётганига қарамай, аввалига бирмунча босиқ позицияда турди. ИШИДга қарши урушда курдларнинг Россия билан эмас, америкаликлар билан иттифоқчиликка қўл уриши уларнинг анъанавий иттифоқчиси — Москвани Туркия операцияларига нисбатан бетараф позицияда қолишига сабаб бўлди. Аммо Туркия ҳарбий ҳаво кучлари ва артиллериясининг кучли зарбалари оқибатида ва АҚШнинг деярли курдлардан юз ўгириши, қўшинларини олиб чиқишга киришгани курдларнинг яна русларга бўйин эгишига олиб келди.

Туркия қопқонга тушиб қолдими?

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Россия воситачилигида Сурия ҳукумати ва курдларнинг Сурия Демократик кучлари ўртасида русларнинг Хмеймим базасида музокара бўлиб ўтган ва унинг натижасида Сурия ҳукумат қўшинлари курдлар яшайдиган барча шимолий ҳудудларда ўз назоратини ўрнатадиган бўлди. Сурия армиясининг бўлинмалари Ракка яқинидаги Тобка шаҳрига кириб келган ва энди минтақанинг бошқа аҳоли пунктларига ҳам йўл олишган. Бу эса 2011 йилда ИШИДга қарши мамлакатнинг марказий қисмларида жанг олиб бориш учун Сурия — Туркия чегарасидан олиб кетилган Сурия ҳарбийларининг курдлар устидан қайта назорат ўрнатишига ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашига олиб келиши мумкин. Аммо Туркия президенти ҳарбий операция охиригача давом этишини даъво қилиб келмоқда. Бу эса Туркиянинг нишони фақат курдлар эмас, балки Суриянинг шимоли-шарқий қисмлари устидан назорат ўрнатиш ва Сурия Озодлик армияси тимсолида бу ерларда ўзига мойил ҳокимият ўрнатиш экани аёнлашиб бормоқда.

Туркиянинг ҳозирги аҳволини «қопқонга тушиб қолиш» дея тасвирлаш ўринли бўларди. Чунки бир томондан, Анқаранинг ҳаракатига НАТОдаги барча иттифоқчилари — АҚШ, Германия, Франция ҳамда Европа Иттифоқининг барча давлатлари қарши чиқмоқда. Ҳатто Франция ва Германия Туркияга қурол-яроғ етказиб беришга санкция қўйди. Араб давлатлари Лигаси, Саудия Арабистони, БАА, Миср каби давлатлар ҳам Туркиядан қуролли агрессияни тўхтатиш ва қўшинларини Суриядан олиб чиқишни талаб қилмоқда. Иккинчи томондан, Россия президенти Владимир Путин барча давлатлардан Сурияни тарк этишни талаб қилди. Путиннинг айтишича, агар расмий Дамашқ Москвадан ҳам қўшинларини олиб чиқишни талаб қилса, РФ бу талабга ён беришини маълум қилди. Учинчидан, Сурия ҳукумат қўшинлари чегарани назорат остига олишга киришмоқда. Бу, шубҳасиз, Сурия ва Туркия ўртасида уруш эҳтимолини юзага келтиради.

Мабодо уруш келиб чиқса, Россия Суриянинг ҳудудий яхлитлиги учун курашга қўшилади. «Остона жараёни»нинг яна бир иштирокчиси Эрон ҳам Асад режимини қўллаб-қувватлашини ҳисобга олсак, Анқара мушкул аҳволда қолади. Демак, Эрдўғон Сурия Демократик кучларини тўла бартараф эта олмайди. Негаки, курдлар жуда катта жамоа, катта куч. Бунинг учун минтақадаги бутун курдларни қириб ташлашга тўғри келади. На АҚШ, на Россия, на Эрон Туркияга муайян доирадан чиқиб кетишига имкон бермайди.

Халқаро майдондаги реакция

БМТ Хавфсизлик кенгаши 10 октябрь куни ЕИнинг беш давлати — Буюк Британия, Польша, Франция, Германия ва Бельгия илтимосига кўра, Сурия шимолидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу давлатлар Туркияни ҳужумни тўхтатишга чақириб, ҳарбий ҳаракатлар фақат минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришидан огоҳлантирмоқда. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам жиддий хавотирларини билдириб ўтди. АҚШ президенти Дональд Трамп ўз twitterида зиддиятнинг барча томонлари билан алоқани сақлаб тургани ҳақида ёзган. У томонлар ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди.

Трамп позициясини тушунса бўлади. У жуда мураккаб дилемма қаршисида қолган. Бир томондан, Вашингтон НАТОдаги иттифоқчиси Туркияни буткул ўз қаноти остидан чиқариб юбормоқчи эмас. Иккинчидан, океанорти мамлакати бутун Яқин Шарқ устидан ҳукмронлик қилишига имкон берадиган, катта тепаликда жойлашган Курдистон давлати тузиш мақсадидан қайтмаган. Курдлар яшаётган ҳудудда АҚШ қўшинлари кейинчалик назорат ўрната олса, бу минтақани осон назорат қилишига йўл очади.   

Эрдўғоннинг пўписаси

Европа Кенгаши раиси Дональд Туск Европа Иттифоқи ҳудудига миллионлаб қочқинларни жўнатиш билан таҳдид қилган Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғонни шантаж қилишда айблади.

«Эй, Европа Иттифоқи, уйғон. Мен яна бир марта такрорлайман: агар сиз бу амалиётни оккупация деб атасангиз, унда эшикларни очамиз ва 3,6 миллион қочқинни сиз томонга жўнатамиз», деганди Эрдўғон 10 октябрь куни. Тускнинг сўзларига кўра, Европа Туркия қочқинлардан фойдаланишига тоқат қилиб турмайди: «Туркия тушуниши керакки, биз бу давлатнинг ҳаракатлари янги гуманитар фалокат олиб келиши мумкинлигидан ташвишдамиз». Туск ташвишларини инкор қилиб бўлмайди. БМТ ҳисобига кўра, янги уруш ўчоғини 100 мингга яқин курдлар ташлаб чиққан. Кейинчалик бу рақамнинг 500 мингга етиши эҳтимолдан узоқ эмас. 

Туркия етакчиси, шунингдек, Анқаранинг Суриядаги ҳаракатларини қоралаган Саудия Арабистони ва Мисрни ҳам аяб ўтирмади. «Саудия Арабистони кўзгуга бир қарасин. Яманни шу аҳволга ким олиб келди? Олдин шу нарса учун жавоб беришсин. Сизнинг бизга гапиришга умуман ҳаққингиз йўқ. Миср умуман жим ўтирсин, у ерда ўз давлатида демократияни ўлдирган одам ҳукмронлик қилади».

Америкаликлар қандай фикрда?

Туркиянинг Сурияда ҳарбий операция ўтказиш нияти Дональд Трамп учун жиддий бош оғриқ бўлади. Демократлар уни хоинликда, «Анқара ихтиёрига» америка иттифоқчиси — курдларнинг Сурия Демократик кучлари гуруҳини топшириб, «қўзичоқни бўрига ем қилиш»да айблашмоқда. Айниқса, Оқ уй раҳбарининг америкалик аскарларнинг турк қўшинлари ўз операциясини ўтказаётган Сурия шимоли-шарқидан олиб чиқилиши ҳақидаги баёноти Трамп мухолифларининг танқидига сабаб бўлди.

Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси президентдан «бу хавфли қарорни бекор қилишга» чақирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон позицияси АҚШнинг барча дўстларига америкаликлар бундан буён ишончли шерик эмаслигини намойиш этади, холос. Трамп қарорига қаршилар орасида унинг партиядошлари ҳам бор. Уларнинг фикрича, Америка қўшинларининг «шошилинч чиқарилиши» «Россия, Эрон ва Асад режими» фойдасига хизмат қилади.

Муҳим иттифоқчи

Ўз навбатида, АҚШ президенти Twitter’даги ўз саҳифасида қолдирган хабарида агар Туркия унинг «буюк ва чексиз донолиги» бўйича «чегарадан чиқувчи» бирор амалга қўл урса, мамлакат иқтисодиётини «буткул вайрон этиш» билан таҳдид қилди.

Аммо Сурия, Ироқ ва Эрон каби давлатларга чегарадош бўлмиш Туркия билан сиёсий ва стратегик ҳамкорликнинг ўта муҳим эканидан келиб чиқиб, АҚШ амалда унга зиён келтиришни истамаслиги эҳтимоли юқори. Туркия АҚШ мудофаа анжом-аслаҳаларини қабул қилиб олишда Исроил ва БААдан кейинги ўринда турувчи йирик иттифоқчидир. Мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг катта қисми ҳам айнан АҚШ томонидан таъминланади. Шунингдек, АҚШ ва НАТО кучлари Туркия жанубидаги Инжирлик ҳаво базасидан фойдаланади. Шундай экан, Туркиянинг иқтисодиёти заиф нуқталарга бой бўлиши мумкин, лекин у стратегик жиҳатдан муҳим иттифоқчи сифатида қолаверади. Демак, Анқара Сурия шимолида ҳарбий операцияларини бемалол амалга оширавериши мумкин. Фақат урушнинг чўзилиб кетиши Туркия иқтисодиётини муқаррар ҳалокатга етаклайди.

Абдували САЙБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

«Mahalla» газетаси

(45-сон, 17 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар