Кадрлар тайёрлаш сиёсатида янги босқич

74
Фото: "Ma'rifat" gazetasi

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида алоҳида эътироф этилган қуйидаги масала ҳақида ўқиб, кўнглим қувончга тўлди: “Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси 2030-йилга бориб халқаро ташкилотлар рейтингининг мингталигидан жой олиши керак”. Бу вазифа бошқаларни ҳам, умуман, жамиятимиздаги ҳар бир инсонни мулоҳаза юритишга чорлайди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, олий таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёни бир неча ўн йил давом этди. Бозор иқтисодиётига мос таълим тизимини жорий этиш, олий таълим муассасаларини етук педагог кадрлар билан таъминлаш, молиявий қўллаб-қувватлаш, ёшларни талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда замо­навий мутахассисликлар бўйича ўқитиш, моддий-техник базани шакллантириш, энг асосийси, таълим жараёнига инновацион ёндашиш бирмунча мураккаб кечди, аммо натижага эришилди. Юртимизда кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари очили­ши ҳамда чет элда ўқиш, малака оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бироқ қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилганидан кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, ривож­ланган давлатларда таҳсил олган етук мутахассисларимиз чет элда ишлагани қолди, кўплаб олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базаси янгиланишига, шароитлари яхшиланишига эътибор берилмади.

Энг асосийси, профессор-ўқитувчилар, умуман, педагог кадрларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маошини ошириш каби муҳим масалалар тўлалигича ҳал этилмади. Мутахассислар ўзларига тааллуқли бўлмаган, кераксиз юмушларга кўмиб ташланди, бюрократия, ортиқча ҳужжат тўлдириш кучайиб кетди. Боз устига, замон талабидан келиб чиққан ҳолда ўқув адабиётлари яратиш ишлари ҳам талаб даражасида ривожланмади. Яқин-яқингача бундан эллик йил аввал фойдаланилган адабиётлар талабаларга ўқиш учун тавсия этилди. Яратилган янги китоблар ҳам зўрма-зўраки, чет эллик мутаха­с­сислардан олинган тезис, таржима-кўчирмалардан нарига ўтмади. Натижада етишиб чиққан кадрлар бандлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини ташкил этишда қатор муаммолар юзага келди. Мамлакатимиз кадрлар тайёрлаш сиёсатида айрим камчиликлар кузатилди. Бир қатор соҳаларда, айниқса, тиббиёт, суд-ҳуқуқ, молия, ҳатто педагогикада ҳам кўзбўямачиликка йўл қўйиш, касбга масъулиятсизлик билан ёндашиш ва ко
ррупсия ҳолатлари бўлганини яширолмаймиз. Юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги таълим, хусусан, олий таълим соҳасига бориб тақалар экан, бу йўлда хато қилиш кечирилмас оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини бугун яхши англаб турибмиз.

Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўнгги икки-уч йил ичида узлуксиз таълим тизимини тубдан модернизация қилиш, халқаро даражада етук кадрлар тайёрлашга қаратилган ўндан ортиқ қарор ва фармонга имзо чекди. Охирги йиллардаги ўзгаришларни сарҳисоб этсак, дастлаб ўзини оқламаган, ёшларнинг вақтини ўғирлаётган ва жамиятда эҳтиёж юқори бўлмаган ўрта махсус, касб-ҳунар мутахассисликлари бекор қилиниб, улардан қолган моддий-техник база умумий ўрта таълим мактаблари ихтиёрига берилди ва 11 йиллик таълим жорий этилди. Алоҳида вазирлик сифатида мактабгача таълим тизими қайтадан ташкил қилинди, олий таълимга кириш имтиҳонлари қайта ислоҳ этилди, бакалавриат, магистратура, докторантура, малака ошириш, қайта тайёрлаш тизими янгидан кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23-августда ўтказилган видеоселектордаги му­ро­жаат­номасида биринчи галда ўқитув­чининг обрўси, мақомини кўтариш, педагог кадрлар сафини кенгайтириш, айниқса, кейинги йилларда камайиб кетган эркак педагогларни кўпайтириш, ўқув муассасаларидаги шароитларни яхшилаш, мактабларга олий таълимдан профессорлар, фан докторларини жалб этиш вазифасини қўйди. Энг муҳими, Президент томонидан “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармоннинг имзоланиши олий таълим тизими ривожини янги босқичда ташкил этиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 11-июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, йиллар давомида самарасиз фаолият кўрсатиб келган турли ташкилотлар фаолияти янгидан ташкил этилди. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги­нинг Касб-ҳунар таълими маркази тугатилиб, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази негизида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази ташкил этилди. Бу билан янги инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув-таълим стандартлари ва адабиётлари яратилишига, бу борада илмий-тадқиқот ишларининг самарали йўлга қўйилишига ва халқаро талаб даражасида илғор кадрлар тайёрлашга эришилади. Шу ўринда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази олдида қандай вазифалар турибди, умуман, марказ ўтган вақт давомид
а соҳа ривожи йўлида қандай илмий-тадқиқот ишларини олиб борди, деган саволларга жавоб излаймиз.

Аввало, таълим стандартлари ва ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш марказнинг асосий фаолият мезони эканини эслатиб ўтмоқ жоиз.

Таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаларини такомиллаштириш бўйича: 2019-2020-ўқув йили учун олий таълим йўналишлари ва классификаторига мувофиқ, 4 таълим соҳаси бўйича давлат таълим стандартлари, 45 бакалавриат таълим йўналиши ва 52 магистратура мутахассислигининг малака талаблари ҳамда ўқув режалари иқтисодиёт тармоқларининг соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилди, тасдиқланди ва келишувдан ўтказилди ҳамда олий таълим муассасалари ўқув жараёнига жорий этилди.

Классификаторга мувофиқ, яна 53 бакалавриат таълим йўналиши ва 93 магис­тратура мутахассислиги бўйича малака талаблари ва ўқув режалари таянч олий таълим муассасаларида ташкил этилган ижодий ишчи гуруҳлар томонидан халқаро тажрибалар асосида қайта ишлаб чиқилмоқда.

Фан дастурларини такомиллаштириш бўйича:

2019-2020-ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режалари асосида 3830, магистратурада 2173 фан ўқитилиши режалаштирилган. Жорий йилда бакалавриатнинг 3561, магистратуранинг 1632 фан дастури вазирликнинг Мувофиқлаштириш кенгашида муҳокама қилиниб, ўқув жараёнига тавсия этилди.

Ўқув адабиётларини яратиш ва ОТМ ахборот-ресурс марказларининг фондини бойитиш ҳамда янгилаш бўйича:

2018-2019-ўқув йили якунлари бўйича олий таълим муассасалари томонидан 3012 ўқув адабиёти киритилган бўлиб, уларнинг 2820 тасига (872 та дарслик, 1458 та ўқув қўлланма) Мувофиқлаштириш кенгаши томонидан ижобий хулосалар берилган, қолган 394 таси эса қайта ишлашга тавсия этилган.

2018-2019-ўқув йили учун тасдиқланган ўқув режаси бўйича фанларнинг ўқув адабиётлари билан таъминланганлик ҳолати инвентаризациядан ўтказилганда, 3758 фан учун 2552 ўқув адабиёти зарурлиги аниқланди. 2019-2020-ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида олий таълим муассасаларига зарур бўлган 4859 номдаги ўқув адабиётлари рўйхати шакллантирилди. Уларни экспертизадан ўтказиш натижасида 3034 номдаги ўқув адабиётларини босқичма-босқич чоп этиш ва электрон вариантини тарқатиш режаси ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори ва вазирлик буйруқлари асосида нашр этиш­га рухсат этилган 1528 номдаги ўқув адабиётларининг электрон шакллари Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази орқали Ахборот-ресурс марказлари электрон базасига жойлаштирилмоқда.

Олий таълим муассасалари Ахбо­рот-ресурс марказларининг ўқув хоналарини намунавий ҳолатга келтириш ишлари амалга ошириляпти. Бундан ташқари, 203 номдаги 55350 ўқув адабиёти олий таълим муассасалари бўйича тақсимланди ва жойларга етказилди. Шу йилнинг 26-июлида Япониянинг юртимиздаги элчихонаси беғараз тақдим этган 259 номдаги адабиётлар қабул қилиб олинди ва экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, ОТМларга тақсимланмоқ­да. Цингапурдан 1350 га яқин илмий ва ўқув адабиётларини қабул қилиб олиш режалаштирилган.

2018-2019-ўқув йили учун тасдиқланган ўқув режасидаги фанларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга Фарғона давлат университети ва Жиззах давлат педа­гогика институтидан бор-йўғи 6 тадан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университе­тидан 3 та, Фарғона политехника институтидан 5 та, Гулистон давлат университе­тидан 4 та, Наманган муҳандислик-қурилиш институтидан 1 та ўқув адабиёти тақдим этилган. Марказ жамоаси шу каби камчилик ва нуқсонларга барҳам бериш, ўз фаолиятини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш чораларини кўрмоқда. Таж­рибали мутахассислар ва ёш кадрлар ҳисобига жамоанинг илмий-амалий фаолияти мустаҳкамланяпти.

Марказ олимлари бир неча ўқув предметини ўзида бирлаштирган, таълим, фан ва амалиётни интеграциялаштирувчи, дунё таълимидаги тажрибаларни таҳлил этиб, талаба ва педагоглар ҳамда истеъмолчиларнинг инновацион қарашларини рўёбга чиқаришда кўмаклашувчи ҳамда катализатор вазифасини ўтовчи, бир неча касбий йўналишларни боғловчи универсал ўқув предмети ҳисобланмиш “Фаолиятшунослик” фани дарслигини яратиш, “Фаолиятшунослик” касбий йўналиши бўйича педагог-фаолиятшунослар тайёрлаш ю­за­сидан янги лойиҳа устида иш олиб бор­япти.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекис­тон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва но­давлат олий таълим муасса­салари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш; Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантириш; республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рей­тингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўринда­ги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш вазифалари белгиланган. Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширув­чи “хаб”га айлантириш; олий таълимнинг инвести
циявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш; талаба-ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шаро­итлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш каби масалаларни бажаришда Марказ олдида жуда катта илмий-ташкилий вазифалар турибди.

Марказ олдида ҳали ҳал этилиши зарур бўлган бир қатор муаммолар бор. Жумладан, Марказ ходимлари, профессор ва фан докторларининг хорижда тажриба алмашишига шароит яратиш, халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни амалий йўлга қўйиш, жаҳоннинг барча илғор мамлакатлари қўлга киритган таълим соҳасидаги янгиликларни ўрганиш учун шароит яратиш, ўқув адабиётларини тайёрлаш, чоп этиш, тадқиқот ишларини олиб бориш билан боғлиқ мураккаб жараёнларни соддалашти­риш, умуман, Марказ илмий салоҳиятини ошириш учун керакли барча масалаларга эътибор қаратиш лозим.

Дадахон ЁҚУБОВ,

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази бош мутахассиси,

Ўзбекистон санъат арбоби

Бошқа хабарлар