Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади. ШҲТ Бош котиби билан интервью

49
Фото: "Халқ сўзи"

Эксклюзив интервью

Ташкилот мамлакатлари иқтисодий алоқалар учун истиқболдаги ва барқарор шароитларни таъминламоқчи.

Жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Айни пайтда хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари мухбирлари ана шу муҳим тадбир олдидан ШҲТ Бош котиби Владимир Норов билан суҳбатлашди.

— Владимир Имамович, яқин кунларда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишдаги энг асосий воқеаларидан бири — ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. Ушбу тадбирга тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Дарҳақиқат, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ташкилотимиз учун ШҲТ Саммитидан кейинги энг муҳим тадбирдир. Ўзбекистонлик ҳамкасблар таклифи билан томонлар унинг навбатдаги 18-йиғилишини 2019 йил 1-2 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказишга келишиб олишди.

Ўзбекистон пойтахтига ШҲТнинг барча мамлакатлари бош вазирлари келиши кутиляпти. Анжуманга, шунингдек, ташкилотнинг кузатувчи давлатлари — Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон ва Эрон ҳукуматлари раҳбарлари, қолаверса, қатор ҳамкор халқаро ташкилотлар, ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси ва Ишбилармонлик кенгаши раҳбарлари таклиф этилган.

ШҲТ Котибиятининг фаол кўмаги ва мувофиқлаштириши остида ташкилот давлатлари миллий координаторлари кенгаши йўналишида комплекс ҳамда аниқ мақсадга қаратилган тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.

ШҲТ давлатлари тегишли вазирликлари ва идоралари раҳбарлари учрашувлари ҳамда мажлислари, хусусан, темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари учрашуви (2019 йил 19 сентябрь, Нур-Султон), ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирлар мажлиси (2019 йил 26 сентябрь, Тошкент) ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига жавобгар вазирлик ва идоралар раҳбарлари мажлиси (2019 йил 27 сентябрь, Москва) Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишини муваффақиятли ташкил этишнинг яна бир асоси бўлиб хизмат қилиши керак.

Вазирлар мажлисларининг конструктив олиб борган ишлари ҳамда экспертлар учрашувлари туфайли Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ҳукумат раҳбарлари кўриб чиқиши ҳамда имзолаши учун ҳужжатларнинг салмоқли пакети тайёрланди.

— Одатда, Ҳукумат раҳбарлари кенгаши ташкилот доирасида иқтисодий ва гуманитар ўзаро алоқаларни ривожлантириш вазифаларини муҳокама қилади. Кенгашнинг бу галги йиғилиши кун тартибига қандай масалалар киритилган?

— Тадбир кун тартибининг дастлабки лойиҳасига мувофиқ, Тошкентда Ҳукумат раҳбарларига ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари ҳамда чора-тадбирларини муҳокама қилиш, дунё ва минтақавий иқтисодий тараққиётнинг кенг кўламдаги масалалари бўйича фикр алмашиш таклиф этилади.

Бош вазирлар Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига асосланган ҳолда очиқ иқтисодиётни шакллантириш ва кўп томонлама савдо тизимларини мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни ҳал этиш мақсадида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлларини кўриб чиқиши кутиляпти.

Минтақавий ҳамкорлик чуқурлашувини инобатга олган ҳолда Ҳукумат раҳбарлари инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўли билан ўзаро сармояларни кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишади.

Маълумки, минтақа халқлари фаровонлигини юксалтириш ШҲТнинг биринчи даражали вазифаларидандир. Ҳукумат раҳбарлари шунга асосланган ҳолда 2030 йилгача Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш, транспорт, энергетика, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, божхона, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашишади.

Евроосиёда кенг, очиқ ва ўзаро манфаатли шерикликни шакллантириш йўлида бош вазирлар ташкилотга аъзо давлатлар ва ШҲТ “оиласи”нинг бошқа мамлакатлари, шунингдек, халқаро тузилмалар салоҳиятидан фойдаланиш масаласини ҳам муҳокама қиладилар. Бундан кўзланган мақсад минтақада барқарор тараққиётга эришишдир.

Бинобарин, ШҲТ унга Ҳиндистон ва Покистон кирганидан сўнг янги сифат ҳамда суръатга эга бўлди, дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирувчи ва Евроосиё материгининг қарийб 60 фоизини қамраб олган трансконтинентал ташкилотга айланди. Ташкилот барча мамлакатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти ўтган йилда 18,4 трлн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу бутун жаҳон кўрсаткичининг 22,5 фоизидир.

Шу маънода, ШҲТ яқин истиқболда глобал савдо-иқтисодий ва молиявий тизимлар равнақи йўналишларини белгилаб берувчи дунё иқтисодий марказларидан бирига айланиш бўйича реал имкониятларга эгадир.

— Қоидага кўра, тадбир якуни бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар аъзо давлатлар ўзаро кооперация борасида қай даражада чуқур борганидан дарак беради. Шундай экан, ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилишида имзоланиши режалаштирилаётган ҳужжатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Ҳар йили қабул қилинадиган Қўшма коммюнике, ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлиги дастурини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги йиллик ҳисобот, ўтган йилги молиявий ҳисобот ва ташкилотнинг келгуси йил бюджетидан ташқари қатор катта аҳамиятга эга ҳужжатлар муҳокамадан ўтказилиб, имзоланади. 

Кенгаш йиғилишида тасдиқланадиган муҳим лойиҳалардан бири 2035 йилгача кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг янги таҳриридир. Ушбу ҳужжат, аввало, ўзаро савдони янада кўпайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, ШҲТ мамлакатлари аҳолиси ҳаёти даражасини ошириш мақсадида комплекс ва мувозанатлашган иқтисодий тараққиётни тезлаштиришга қаратилган. Ўтган галги дастур 2003 йилда қабул қилинган ва 2030 йилда унинг амал қилиш муддати якунига етади.

Янги дастурга асосан, ШҲТга аъзо давлатлар яқин келажакда, яъни 2025 йилгача инновацион ва “яшил” технологияларни қўллаган ҳолда истиқболли дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиб, уларни амалга оширишга киришади.

Ўрта истиқболда, яъни 2030 йилгача ШҲТ доирасида савдо ва инвестиция, хизматлар ва электрон савдони илгари суриш, шунингдек, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш соҳаларида қоидаларни ишлаб чиқиш йўли билан миллий иқтисодиётларни ўзгартиришни таъминлаш режалаштирилган.

Узоқ муддатли истиқбол, яъни 2035 йилгача ШҲТ мамлакатларига миллий иқтисодиётларининг глобал рақобатбардошлигини ошириш ва рақамли ўзгаришини таъминлаш вазифаси қўйилган. Бу рақамли технологияларни жорий этиш,товарлар, капитал, хизмат ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини изчил рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш йўли билан амалга оширилади. Мазкур вазифа ШҲТ Хартиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Дастурда савдо ва инвестиция, банк ва молия, транспорт ва логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, ҳудудий ривожланиш, минтақалараро алоқалар, туризм, экология, таълим ва бошқа жабҳалар устувор йўналишлар сифатида танлаб олинган.

Тасдиқланадиган ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари ўзаро алоқалари концепцияси ҳам муҳим ҳужжатлардан биридир. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва маъқулланган.

Ҳужжат минтақанинг улкан транспорт салоҳиятини тўлиқ очиш ва ШҲТ мамлакатлари ўртасида темир йўл соҳасида қўшма лойиҳаларни илгари суришга қаратилган. Бугун ШҲТнинг барча давлатлари ҳудудида 244 минг км. темир йўл ётқизилган. Хитойдан Қозоғистонга, Россияга, ундан сўнг Европа, Марказий Осиё ва Форс кўрфазига темир йўл орқали юк ташиш босқичма-босқич ўсиши тенденцияси кузатиляпти. Зотан, Хитойдан Яқин Шарққа энг яқин транспорт йўлаги Россия ва Марказий Осиё орқали ўтади.

Маълум бўлишича, Қозоғистон — Хитой чегарасидаги иккита темир йўл ўтиш жойи орқали 2018 йилда темир йўл ташувлари қарийб 14 млн. тоннага етди ва 38 фоиз кўпайди. Ҳозир 2010 йилдагига нисбатан Хитойдан Европага контейнер ташиш ҳажми 40 баробардан кўпроққа ошди. Айни чоғда Хитой, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа йўналишлари бўйича ҳар йили 23 млн. та контейнер ташилмоқда. Бироқ шулардан бор-йўғи 1 фоизи темир йўл, қолган 99 фоизи денгиз йўллари орқали олиб бориляпти.

Бу ШҲТ давлатлари ўртасида темир йўл ташувларини ривожлантириш нақадар катта салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради. Масалан, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли “Шарқ-Ғарб” лойиҳаси ва “Шимол-Жануб”нинг қатор минтақа ичидаги йўлаклари бўйича ШҲТнинг муҳим транспорт тармоғига айланиши кўзда тутилган. Бинобарин, шу орқали ШҲТнинг барча давлатларига Европа, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Ўрта Ер денгизи портларига чиқиш таъминланади.

Минтақавий транспорт йўлларини шакллантиришга Афғонистонни ҳам жалб этиш муҳим. Бу ушбу мамлакатдаги вазиятни сезиларли барқарорлаштириш имконини ҳам беради. Ҳайратон — Мозори- Шариф темир йўли, лойиҳалаштирилаётган Мозори-Шариф — Ҳирот ва Мозори-Шариф — Пешавор йўллари Эрон, Покистон ва Ҳиндистон темир йўллари билан Чахбаҳор ва Гвадар портларига чиқиш учун янги транзит йўлагини шакллантириш имконини беради. Жорий йил 5 сентябрь куни Афғонистондан Хитойга Ҳайратон станциясидан Дўстлик кўприги ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон темир йўллари орқали 41 контейнер жўнатилгани бу борада рамзий маъно касб этди.

Ҳудудий ривожланиш, айнан таълим, тиббиёт, молия ва бошқа хизматлардан фойдаланиш имконияти, шунингдек, чекка ва қишлоқ ҳудудларида инфратузилмаларни яратиш йўлидаги муаммоларни ҳал қилиш ҳам ШҲТ доирасида долзарблик касб этади. Зеро, Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг рақамли даврда чекка ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлиги концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини тайёрлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларга старт беришади.

Йиғилишда имзоланадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар шаҳарлари экологик фаровонлигини ривожлантириш дастури юқорида кўрсатиб ўтилган лойиҳа учун муҳим тўлдириш бўлади. Чунки у ШҲТга аъзо давлатлар шаҳарларида атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, бу борадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда илғор тажрибаларни алмашиш платформасини яратишга қаратилган. Дастур шаҳар ҳудудларида барқарор ривожланиш принципларини илгари суриш ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорликка ёрдам беради.

Яна бир лойиҳа — ШҲТ иқтисодий-таҳлилий марказлари консорциуми регламентидир. Уни ҳам Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзолаш кутиляпти. Мазкур ҳужжат янги консультация-экспертлик механизми — консорциум фаолиятининг асосий мақсадлари, вазифалари ва йўналишларини белгилаб беришга қаратилган. Ушбу тузилма иқтисодий масалалар бўйича илмий-тадқиқот муассасалари ва таҳлил марказлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ШҲТ доирасида ўзаро иқтисодий алоқаларнинг устувор йўналишлари бўйича таҳлил ўтказиш билан шуғулланади.

Ҳукумат раҳбарлари кенгаши “майдони”да ШҲТ Котибияти ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланади.

Умуман олганда, кўрсатиб ўтилган ҳужжатларнинг имзоланиши аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва ШҲТ фаолиятининг ушбу муҳим йўналишидаги ўзаро шерикликни кенгайтиришга хизмат қилади.

— ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилишидан кутилаётган якунларни инобатга олган ҳолда, Сиз ШҲТ Бош котиби сифатида савдо-иқтисодий ва гуманитар йўналишларда қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқчисиз?

— ШҲТ Бош котиби сифатида мен Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари, ташқи ишлар вазирлари ва соҳавий идоралари раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувлар амалга оширилишини таъминлашга содиқман.

Хусусан, ташкилот мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Бу 2019 йилги ШҲТ саммити Бишкек декларациясида ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган. ШҲТ мамлакатлари айни пайтда бой табиий ресурслар ва илғор ишлаб чиқариш қувватларига эга, ўз барқарорлиги билан ажралиб туради.

ШҲТ давлатларининг хориж мамлакатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 6,3 трлн. доллардан ошиб кетди. Айни пайтда ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги савдо ўтган йилда 305 млрд. долларни ташкил этди. Бу ўзаро алоқаларни фаоллаштириш керак бўлган йўналишни кўрсатяпти. Ўз навбатида, электрон тижорат катта тезликда ривожланяпти. Глобал савдо кесимида электрон тижорат 20 фоизга етган. 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 25 фоиз бўлади. Хитой ва Ҳиндистон эса рақамли технологиялар ривожида катта тажрибага эга. Марказий Осиё мамлакатлари ва ШҲТнинг бошқа давлатлари уларнинг мазкур улкан тажрибасидан фойдаланса, айни муддаодир. Шунинг учун биз ШҲТнинг электрон савдони ривожлантириш бўйича дастури лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Биз эътибор қаратмоқчи бўлган яна бир асосий йўналиш, бу — ШҲТ доирасида транспорт ҳамкорлиги ҳисобланади. Логистика марказларини ривожлантириш, мавжуд тармоқлар ва транспорт объектларини модернизация қилиш, транспорт соҳасидаги стандартларни, шунингдек, фитосанитар қоидаларни уйғунлаштириш ҳамда бирхиллаштириш жараёнларини тезлаштиришга кўмак бериш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз. ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида мультимодал транспорт-логистика марказларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Борган сари дунё мамлакатлари туризм соҳасидаги кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга ўз рақобатдошлигини оширишнинг стратегик имконияти сифатида қарамоқда. Бизнинг фикримизча, ШҲТ мамлакатлари туристик имкониятларини оммалаштиришга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга.

ШҲТ Котибияти ташкилотга аъзо давлатлар қўллаб-қувватлаши остида “ШҲТнинг саккиз мўъжизаси” лойиҳаси бўйича тадбирларни тақдим эта бошлади. Ундан ШҲТнинг ҳар бир мамлакатидан биттадан сайёҳлик объекти жой олган. Лойиҳа тақдимоти Пекин, Сиань, Душанбе ва Хельсинкида муваффақиятли ўтказилди. Шу сабабдан ШҲТ майдонида “ақлли” туризмни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ҳам биринчи даражали вазифа ҳисобланади.

Руслан КЕНЖАЕВ, Омонулла ФАЙЗИЕВ

“Халқ сўзи” газетаси

(220-сон, 24 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар