Трент КЕЛЛИ: «Ўзбекистон — минтақ​авий лидер»

44
Фото: "Халқ сўзи"

Кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари изчил ривожланмоқда. 2018 йилнинг май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз стратегик шериклигида янги даврни бошлаб берди.

Интервью

Хўш, икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги нима учун муҳим? “Америка овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имамова АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси, АҚШ Конгрессида “Ўзбекистон бўйича Кокус” — дўстлик гуруҳи раҳбари Трент КЕЛЛИдан шу ҳақда интервью олди. Мазкур суҳбатнинг энг муҳим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Конгрессмен Келли. Сиз туғилган Миссисипи штати Ўзбекистон билан ўзига хос ришталарга эга. Шу сабаб сиз билан Ўзбекистон ҳақида гаплашгани келдик…

— Хуш келибсиз! Бу мен учун жуда севимли мавзу. Уч кун олдин Миссисипи штати губернатори билан гаплашдим. У яқинда Ўзбекистонга бориб келди. Ўзбекистон ва Миссисипи орасида ўхшашликлар кўп.

—  Ўзбекистон ва Миссисипи ўртасидаги ҳамкорлик қандай бошланган? Сиз Конгрессга 2015 йилда сайлангансиз. Лекин Ўзбекистонни анча яхши биласиз. Бу давлат билан қандай қилиб тил топишгансиз?

— Биласизми, эзгу ниятли одамлар ҳар доим бир-бирини топади. Миссисипи Миллий гвардияси аъзосиман. Бу кучлар Ўзбекистон ҳарбийларини тренингдан ўтказиб келади. Узоқ йиллик дастур бу (Пентагон дастури). 2016 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда Конгресс делегацияси билан Ўзбекистонга бордим. Ўшанда ­Шавкат Мирзиёев билан танишганман. У Президентликка сайлангач, жуда яхши ишлар қила бошлади.

— Давлат департаменти кўп йиллардан бери халқларни халқлар билан боғлаш керак, деган ёндашувда. Миссисипи штати аҳли Ўзбе­кистон ва унинг халқи ҳақида қанчалик билади?

— Ўрганишяпти, била бошлашган. Кўп нарсаларни гапириб беришим мумкин. Жуда ёқимли мавзу.

—  Марҳамат, гапиринг.

— Конгресс делегациясини ўзим олиб борганман. Саккиз вакилдан иборат эди. Ўзбекистонга узоқ йиллар мобайнида Конгрессдан бундай катта қонунчилар гуруҳи ташриф буюрмаган эди. Бошқаларни ҳам Ўзбекистонга қизиқтира бошладик. Доим гаплашамиз. Мен ўзим Миссисипида Ўзбекистон ҳақида кўп сўзлайман. Губернаторимиз, иқтисод ва ҳарбий масалалар билан шуғулланадиган бош расмийларимиз бориб келишди. Гап бу ерда фақат ҳарбий ҳамкорликда эмас. Биз бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистон билан ишлашни хоҳлаймиз. Ҳамжиҳатмиз.

— Вакиллар палатасидаги Ўзбекистон гуруҳи ҳақида гаплашайлик. Бу гуруҳнинг мақсади нима?

— Мақсад — Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш. Вакилларимиз Ўзбекистондаги жараёнлардан хабардор бўлсин. Ҳозирги кунга келиб, аксарият одамлар кўп нарса билади. Қайси мавзуда бўлмасин: диний эркинлик, ­инсон ҳуқуқлари, пахта далаларида ёки ишхонада; сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласими… Ўзбекистон узоқ давр мобайнида ёпиқ мамлакат эди. Эндиликда у очилди. У айни пайтда минтақавий лидер. Дунё бўйлаб шерик ва ҳамкорларга эга. Шавкат Мирзиёев келиб бизнинг ­Президентимиз, мудофаа вазиримиз, мен сингари вакиллар, шунингдек, сенаторлар билан учрашди. Бу мулоқотлар жуда муҳим. Айтганимдек, бир-биримизни яқиндан танияпмиз. Ўзбекистон гуруҳидаги демократ шеригим Висеньте ­Гонзалез билан резолюция лойиҳасини таклиф қилдик. Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

—  Ҳар икки партия аъзолари борми бу гуруҳда?

— Ҳа.

— Демак, Ўзбекистон гуруҳи — ушбу давлатга қизиққан, у билан ҳамкорликни ёқлаган, бир-бири билан бу борада гаплашиб, маслаҳатлашиб турадиган қонунчилар доираси, шундайми? Конгрессда узоқ пайт Ўзбекистондаги сиёсат ва ­вазиятни танқид қилиб келганлар бор. Улар билан ҳам гаплашиб ­турасизми?

— Гаплашамиз.

— Сизга буни кўп айтишса керак, Ўзбекистон томони Америкадан кўп нарса кутмоқда. Улкан умидлар боғланган бу ҳамкорликка, нафақат ҳарбий, ўзингиз қайд этганингиздек, бизнес ва сармоя, тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва техник ёрдам каби жуда кўп соҳалар қамраб олинган. Америка ҳам Ўзбекистонда кўп ишлар қилмоқчи, кўмаклашмоқчи. Сиз учун энг долзарб масалалар нима? Устувор мақсадингиз?

— Ҳарбий ҳамкорлик биринчи ўринда. Яъни минтақавий барқарорлик. Афғонистон ҳам бунинг ичида. Ўзбекистон мазкур жараёнларда муҳим роль ўйнаяпти, ­Толибон ва Афғонистон ҳукумати тил топишиши учун ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон — минтақавий лидер. Биз шунга қараб ҳаракат қиляпмиз. Иқтисодий жиҳатдан, ўзимиздаги ерёнғоқ етиштирувчи фермерлар билан гаплашяпман. Маҳсулотларимиз учун Ўзбекистонда омборхона, таъминот маркази очмоқчимиз. Фермер хўжаликлари тажриба ва билим алмашадиган жой бўлсин. Қишлоқ хўжалиги ниҳоятда муҳим соҳа биз учун. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни кучайтириши юзасидан мулоқот олиб боряпман.

— Вашингтонда ва бошқа жойларда, ҳатто Тошкентда ҳам Америка Ўзбекистон билан ҳамиша “сиздан угина, мендан бугина” қабилида ҳамкорлик қилган, деган таҳлил чуқур илдиз отган. Яъни сиз Ўзбекистон билан муайян мақсадлар учун, масалан, Афғонистон борасида ишлайсиз. Минтақа сизга қаергадир ўтиш ёки етиш учун керак. Ёндашув жуда прагматик, узоқни кўзламайди, дейишади.

— Шундай фикрлайдиганлар мен билан гаплашсин. Бу нотўғри таҳлил. Мен бу галги бўлажак сафаримни ҳам ҳисобга олсам, уч йилдан бери ҳар ноябрь Ўзбекистондаман. Доимий алоқадамиз. Висеньте Гонзалез билан таклиф қилган резолюциямиз ҳам узоқ муддатли ҳамкорликка ундайди. Биз — улкан ­тизиммиз. Конгрессда 535 аъзо бор. 435 вакил, 100 сенатор. Балки айрим ҳолларда қисқа муддатли мақсадлар ҳам бордир, лекин Ўзбекистон бугун Конгрессда ишончли дўстларга эга. Қолаверса, мана, штатларнинг раҳбарлари ҳам алоқа ўрнатмоқда. Штатлар сиёсати ва ҳамкорлиги ўзгача. Улар Афғонистон учун бораётгани йўқ. Мақсад — иқтисодий ҳамкорлик. Миссисипи, масалан, Ўзбекистон билан чуқур алоқа ўрнатишни истайди. Бизни танқид ­қи­лаётганлар ҳақиқатни кўрмаяпти, ­назаримда.

—  Президент Мирзиёевни ўтган йили бу ерда илиқ кутиб олдингиз. Капитолийни айлантирдингиз.

— Ҳа, шундай. Линкольн хонасини, Линкольн президентлик пайтида жуда яхши кўрган жойни кўрсатдик. Учрашув учун жуда мос зал.

—  Суратларда кўрдик. Сиз ­Шавкат Мирзиёевга ишонасиз. ­Ваҳолонки, сизнинг ишончингизни қозониш осон эмас, тўғрими?

— Осонмас.

—  Шундай экан, нима учун Ўзбекистон ҳукумати ва хусусан, ­Президент Мирзиёев сиз учун ишончли тараф?

— Биринчидан, биз ҳамкорлик тарафдоримиз. Ўзбекистон Президенти ҳам шуни истайди. Бунинг исботи кўп. Кон­грессдан борганимизда, давлат раҳбари вазирлари билан хорижда эди. Катта делегация эдик. Кунимиз бир-бирига тўғри келмади. Президент Тошкентда бўла олмасди, чунки бошқа раҳбарлар билан учрашувлари режалаштирилган эди. Шунга қарамай, вазирларининг ҳаммасини биз билан музокара қилишга юборди. Бу унинг иродаси кучли эканидан далолат эмасми? Диний маҳбуслар масаласида ҳам махсус элчимиз Браунбек ва Давлат департаменти билан музокара олиб борилди. Пахта терими, болаларни теримга олиб чиқиш масаласи ҳам муҳокамада эди.

—  Мажбурий меҳнат, болалар меҳнати…

— Мазкур муаммолар ҳал бўлди. Бу нимадан далолат? Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқчи. Америка ҳукумати секин ишлайди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам секин ишлайди. Ҳеч ким биз хоҳлаганимиздек тез ҳаракат қилмайди. Менинг кузатишимча, Ўзбекистон мунтазам равишда олдинга қадам ташламоқда, прогресс кетидан прогресс. Яқинлашаётган сайловлардан ҳам умидлар катта. Ўзбекистон ҳукумати эшикни очиб, келинг, жараённи кузатинг, деяпти халқаро ҳамжамиятга. Ўзбекистонда ошкоралик даври бошланган. Бу жуда яхши.

—  Олий Мажлис аъзолари билан учрашгансиз, гаплашгансиз. Улар ҳақида қандай фикрдасиз?

— Сенатор Сафоев — яқин дўст. Парламент аъзолари билан ҳам танишман. Уларга ёрдам бериб, қувватлашимиз керак. Улар халқнинг овози бўлиши керак. Президент ҳам шуни хоҳлайди, фикримча. У парламент кучли бўлсин, деяпти.

Давлат раҳбари ишончни кучайтириб, тузумга таянса бўладиган, халқ учун ишлайдиган одамларни олиб киришни хоҳлайди. Сайловлар ҳам шуни кўрсатиши керак. Дунёни, сайлов жараёнини кузатинг, деб таклиф қилиб турибди. Ҳокимиятини мустаҳкамлаётган одам бундай йўлдан бормайди.

— Борсангиз, ҳар икки партия вакиллари ҳам ҳамроҳ бўладими?

— Балки… Ё мен ўзим, ё иккала партия вакилларидан иборат гуруҳ. Кўрамиз. ­Халқаро ташкилотларни ҳам таклиф қилишган, БМТ ва бошқаларни. Бу галги сайлов олдингиларидан эркин ва янгича бўлади.

  “Дўстлик” ордени муборак бўлсин. Тошкентда эдим эшитганимда.

— Ажойиб…

—  Бу ҳақда қандай хабар топдингиз?

— Элчи менга хабар берди. Мукофот мен учун шараф. Дўстлигимиз  тимсоли. Қандай инсон эканимни сизга айтдим: ким билан дўстлашмай, мен чин дўстман. 15 — 20 йил олдин шаҳримда прокурор эдим. Ўша пайтда орттирган дўстларим, полициячилар, масалан, ҳамон қадрдонларим. 10 — 15 йил олдин бирга хизмат қилган ҳарбийлар билан ҳозиргача яқинман. Дўстликни ва дўстини қадрлайдиган одамман. Дўст — бир умрга дўст. Буни ҳамиша исботлай оламан. Айтганимдек, орден мени қувонтирди ва руҳий куч берди.

— Суҳбат учун раҳмат.

«Халқ сўзи» газетаси

(215-cон, 17 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар