Қодирий касабақўм етакчиси бўлганми?

84

Чин ватанпарвар ва миллатпарвар адибимиз Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланмоқда. Мазкур сана муносабати билан бунёд этилаётган ёзувчи номидаги маданият ва истироҳат боғида адабий музей, ижод мактаби, кутубхона ва жадидчи бобомизнинг ҳайкали ўрин олиши кўзда тутилган. Ёзувчи яшаб ижод қилган уйда эса Абдулла Қодирий уй-музейи ташкил этиляпти. Булардан ташқари, Республика театрларида унинг асарлари асосида спектак­л­­лар саҳналаштирил­япти. Адиб ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий фильм, асарлари асосида қисқа мет­ражли фильм яратилмоқда. Таълим муассасаларида эса адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар уюштирилмоқда. Маънавий ҳаётимиздаги бундай кескин эврилишлар янгиланаётган Ўзбекистон феномени билан бевосита боғлиқ, албатта. Бу илиқлик барча юртдош­ларимиз қатори адиб авлодларининг ҳам кўнг­лини шод қилгани шубҳасиз. Шу маънода адибнинг невараси Шеркон Қодирий билан боғланиб, унинг кўнглига қўл солдик…
– Суҳбатларнинг бирида Қодирийнинг авлоди бўлиш жуда катта масъулият деган эдингиз. Бу ўшанда кўпчиликка калондимоғликдай туюлганди. Негаки, бу шариф остида яшаш ҳамиша сўнмас шон-шараф, ғурур ва ифтихор бағишлайдигандай эди…
– Нима демоқчилигингизни тушундим. Бу асло манманлик эмас. Саволингизга жавоб беришдан олдин Қодирий фамилиясига қандай ўтганимиз ҳақида гапириш керак, деб ўйлайман. Дадам Ҳабибулло Қодирий ТошМИнинг 3-курсида ўқиётганида ҳибсга олинган ва қамоқдан қайтгач тиббиёт техникумига ўқишга кирган. ТошМИнинг ўша пайтдаги ректори Абдумалик Ғуломов у кишини чақиртириб, «Сизга фельдшер бўлиш ярашмайди, ўқишни инс­титутда давом эттиришингиз керак. Хоҳлаган факультетингизни танланг», деган экан. Олти йиллик ўқиш тугагач, диплом расмийлаштирилаётганда ректор отамни яна ёнига чорлаб, «Сиз Қодирий насли давомчисисиз, ҳужжатларда фамилиянгиз Абдуллаев бўлиб турибди, бориб ўзгартириб келасиз, Қодирий номи сўнмаслиги лозим», деб маслаҳат берибди… Шу билан акам, мен ва синглимнинг фамилиялари ҳам ўзгартирилган ва Қодирий бўлганмиз. Дадам ҳар доим «Сизлар кўчада, уйда Қодировсизлар, агар ижодга оид иш бўлса, Қодирий бўласизлар», деб ўгит берардилар. Биз учун Абдулла Қодирийнинг авлодимиз дейиш фахр бўлган бўлиши мумкин, бироқ у жамият ва сиёсий тузимда бир «атоқли от» ўлароқ ҳеч нарсани англатмасди. Аксинча, Қодирий номидан бегонасираш, ҳадиксираш бор эди. Ичимда айтадиган гапларим мўл, дер эдилар дадам. У пайтлар Қодирий тўғрисида кам гапириларди. Бизнинг тарбиямиз, қолаверса, шароит шундай эдики, бизнинг қалбимиз ва елкамизни фахрдан кўра бобомизга муносиб бўлиш масъулияти босиб турарди. Яъниким, бир иш қилиб қўйсангиз, шу одамнинг фарзанди шу ишни қилибдими, деган маломатдан қўрқардик.

Баъзилар палончининг пистончисиман, деб ишини битиради. Менга эса бу нарсалар жуда эриш туюлади, нафақат менга, балки барча оила аъзоларимизга ҳам. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ўзимизнинг авлодда ҳам Қодирийнинг номини байроқ қилиб юрадиганлар бор. Ҳатто баъзи тўй-ҳашамларимизда ҳуда-беҳуда Қодирийнинг авлоди, деган ном тинмай такрорланади. Бизким ундоқ, бизким бундоқ, деганга ўхшаш ёлғон-яшиқ ҳайқириқлар, қадаҳ сўзлари жаранглайди… Бундан менинг энсам қотади. Шундай тасаввур қиламанки, у одамнинг номини тилга олиш учун, номидан иш қилиш учун, аввало, шунга муносиб бўлиш керак. Муносиб бўлиш эса бобомиз қолдирган адабий меросни мукаммал билиш, деганидир. Ўйлашимча, ўша одамларнинг кўпи ҳатто «Ўткан кунлар»ни ҳам ўқимаган, агар ўқиганида эди, ўзларини бундай тутишмас эди…
Мен ҳам қаерлардадир хато қилгандирман, лекин иснодга йўл қўйишдан доим хавотир қиламан. Шу маънода, у зотнинг номини олиб юриш биз учун катта шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир дейман.
– Абдулла Қодирийнинг ижоди ва ҳаёт йўлини адабиётшунослар билан бир қаторда сиз авлодлар ҳам яхши ўргангансиз. Бироқ унинг ҳаёти билан боғлиқ архив билдиргиларда турли чалкашлик­лар учрайди. Масалан, у туғилган оила эркин луғат бўлмиш «Википедия» ва бошқа бир неча манбаларда бой савдогар хонадон, дейилса, Ўзбекис­тон миллий энциклопедиясида боғбонлар сулоласидан, деб кўрсатилган. Бобокалонингиз Қодир бобони хон, беклар қўлида сарбозлик қилган, дейилган. Бу бир англашилмовчиликми ёхуд ҳақиқатдан ҳам аниқ маълумотнинг ўзи йўқми?
– Бувамизнинг отаси Қодирмуҳаммад бобо отасининг исми Ҳожи Муҳаммад бобо. Қодир бобонинг уч ўғли – Раҳимберди, Абдулла, Қудратилла. Қодирмуҳаммадбобо Худоёрхоннинг жангчиси – сарбози бўлган. Муҳаммад Ёқуббек руслар келишидан илгари 62 нафар йигити билан Қошғарга бориб, Еттишаҳар давлатини барпо этган шахс. Шу 62 йигитнинг бири Қодирмуҳаммад бобо бўлган. Энди она томонидан Жосият буви Қодир бобога тўртинчи хотин бўлади. Қодирбобонинг олдинги хотинлари вафот этган. Жосият буви ўқимишли бўлган. Бувамизнинг ўз таржимаи ҳолида ёзишича, 1300 саржин ердаги боғдан олинган даромаддан оила кун кўрган. Шу нарсадан маълум бўладики, улар меҳнат билан катта бўлишган.
– Машҳур шарқшунос олим Евгений Бертельс Қодирийнинг «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларини «Қодирий романлари компазициясига кўра ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романларидир. Дунёда 5 та, яъни француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Энди олтинчиси, яъни ўзбeк романчилиги мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди», дея юксак баҳолаган. Сизнингча, Қодирийдаги бундай улкан салоҳият қандай пайдо бўлган?
– Мен буни ўзимча кашф этганман ва матбуотда ҳам гапирганман. Бу, аввало, унинг руҳонияти билан боғлиқ. Бизга маълумки, Абдулла Қодирий ўз пайтида ҳозирги Абулқосим мадрасасида Усмонхон домладан қуръон илмини ўрганган. Мадрасани битирганидан сўнггина қўлига қалам олган. Ўзингиз ўйланг, «Ўтган кунлар» ва бошқа асарлардаги диний саҳналарни яратиш одамдан қанчалик диний савод талаб қилади?! Романларнинг ўқиш­ли чиқишида, албатта, дин билан бирга миллий қадриятларимиз ҳамда тарихдан яхши хабардорлик ҳам муҳим роль ўйнаган. Дадамга қамалиб чиққан Мақсудов деган киши ўз хотираларини айтиб берган: «Қамоқдалик пайтимизда кечаси камерага бир нотаниш одамни киритишди. Кунлардан бир куни у Шарқ адабиётидан гапирди, биз унинг сўзларини эшитиб Шарқ оламини яхши билувчи одам экан, деб қўйдик. Яна бир куни эса у Европа адабиёти тўғрисида гапириб, Кант, ­Фейербах фалсафасини таҳлил қилиб берди ва бизни яна ҳайрон қолдирди».Ўша нотаниш одам Абдулла Қодирий эди. Бундан кўринадики, бобомиз нафақат шарқ адабиёт-у фалсафасини, балки ғарб сўз санъатиниям яхши билган ва уларни ўз ижодларида уйғунлаштира олган.
Ёзувчи Тоҳир Маликдан бир адабиётчи: «Абдулла Қодирийдан ўтадигани йўғ-а?», деб сўраганида у: «Биз аввал етиб олайлик, кейин ўтиш тўғрисида гапирамиз», деб жавоб берган экан. Бобомдаги салоҳият туғма бўлган. Умарали Норматов хотирлайди: Озод Шарафуддинов билан Миртемир домлани касалхонага кўргани борганда шоир қўлидаги «Ўтган кунлар»ни кўрсатиб, «Мўъжиза, мўъжиза, менимча, юзинчи марта ўқишим бўлса керак», деганди. Дадамнинг айтишича, китобни ҳатто ёд олган инсонлар бўлган…
– Отангиз Ҳабибулло Қодирий халқ душманининг ўғли сифатида ҳибсга олинганида уйда сақланаётган бобонгиз архивини ҳам олиб кетишгани ростми?
– Уч юз минг варақ олиб чиқиб кетилган, деган далолатнома тузилган. «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон»нинг асли, шунингдек, ёзиш режалаштирилган «Намоз ўғри», «Амир Умархон канизи» тўғрисидаги қўлёзмалар олиб кетилган.
– Қўлёзмалар сўроқ пайтида терговчи томонидан ёзиш ва мохорка ўраб чекиш учун фойдаланиб, йўқ қилиб юборилган экан. «Амир Умархон канизи» тўғрисидаги асар ҳақида «Тошкент оқшоми» газетасида Ҳабибулло Қодирийнинг мақоласи чиққанига ҳам салкам 35 йил бўлди, бугунга келиб бу борада, яъни, қўлёзма тақдири ҳақида бирор янгилик борми?
– 1990 йилларда «Ўзбектелефильм» мендан ҳужжатли фильмга сценарий ёзиб беришни сўради. Шу баҳона Тоҳир Малик кўмаги билан архивга киришга мушарраф бўлдим. Шунда биринчи марта бувамга оид ҳужжатларни, уни ёзиб берган кишиларнинг исм-фамилияларини кўрдим. Энг ачинарли ва аламлиси шуки, Абдулла Қодирийнинг бошини еган ўша одамлар кейинчалик бувам эсланганда биринчи бўлиб етиб келарди, уйда ўтирарди, Абдулла Қодирий ундай бўлган, бундай бўлган деб, оғиз кўпиртиришарди. Уларни ҳам қоралаб бўлмайди, аслида.. Чунки ўша давр талаби шу бўлган. Одамлар ёзиб беришга мажбурланган. Бола-чақасини ўртага солиб қўрқитишган. Ўша пайтлар оғир ва қўрқинчли йиллар эди-да ахир.
– Ёзувчи Абдулҳамид Исмоил Абдулла Қодирий ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида «Жинлар базми» номли роман ёзганидан хабардормисиз?
– У китобни ҳали ўқимадим, кўпчилик мақтаяпти. Бу унинг ёндашуви, Абдулла Қодирий энди миллатники, меники, деб монополия қилишга ҳаққимиз йўқ. У халқ қалбига сингиб кетиб бўлган.
– Тоғнинг виқорини ҳис этмоқ учун ундан узоқлашиш зарур. Бу ташбеҳни буюк шахслар ҳаётига ҳам қўллаш мумкин. Абдулла Қодирийнинг сўнмас ижоди баҳосининг буюклигини кўриш ва тушуниш учун ярим асрдан ортиқ вақт талаб этилди, деб ёзган экан адабиётшунос Иззат Султон ўзининг «Бир тақдир кўзгуси» номли мақоласида. Ушбу сўзлар айтилганига ҳам 30 йил бўлди. Бу орада Қодирий ижоди ва асарларига нисбатан эътибор янада ошди. Шу ўринда «Ўткан кунлар» фильмига ҳам тўхталсангиз.
– Кўпчилик 1990 йилда қайта нашр қилинган «Ўткан кунлар» китобини ўқимаган. Киносини кўрган, холос. Фильм олишга санъат нуқтаи-назаридан эмас, кўпроқ сиёсий имиж, обрў қозониш, пул ишлаш учун қилингандай, назаримда. Унда сюжет бузилган. Сценарийни ўқиб чиққанидан кейин дадам бу кино бўлмайди, буни қайта ёзиш керак, ё бўлмаса, Абдулла Қодирийнинг номини тушириб ташлаш керак, деса ҳам атайинми бунга эътибор беришмаган.
Отабекни ҳамма яхши кўради. Марғилонда 3 нафар одамни ўлдириб келса ҳам. Ахир, одам ўлдириш гуноҳ-ку? Лекин ўғил кўрганлар фарзандига Отабек деб исм қўяди. Сабаби, у илмли, ақлли, тадбиркор… Шундай бир инсон ўлимга кета туриб, қайнотасига бераётган саволини қаранг: «Ота, мендан олдин Кумушга нечта одам совчи бўлиб келган? Аравада кетяпти, қўл-оёғи занжирда «3 та совчи келгани ростми?», деб сўраяпти. Бунинг учун у жуда аҳмоқ бўлиш керак. Ким қайнотасига шу саволни бера олади? Минг ўлимга кетаётган тақдирда ҳам ақлли киши бундай қилмайди. Романда умуман унақа жойлар йўқ. Шарқ одобида, шариатда бунақа дейиш мантиққа тўғри келмайди. Китобни ўқиганлар буни яхши англайди, залворини ҳис этади. Шайх Абдуллазиз Аловиддин Мансур Қодирийни илк исломий романлар муаллифи, менинг ­ғойибона устозим, деб атайди.
Бу Қодирий ва унинг ижодига эътиборни янада оширади.
– «Ўткан кунлар»ни фильм қилиш ўзи 30-йилларда мўлжалланган экан. «Қани энди актёр бўлганимда Отабек ролини ўзим ўйнардим, чунки Отабекни мендан яхши биладиган одам йўқ», деган фикрни айтган эканлар бувангиз. Агар бугун Абдулла Қодирий ҳақида фильм олинганида авлодидан ким Қодирий ролини ўйнаган бўлар эди?
– Ҳозирги кунда Абдулла Қодирий тўғрисида фильм ишланса, Қодирийнинг ролини ўйнайдиган бизнинг авлод вакили йўқ, фикримча. Бунинг учун у каби салоҳиятли, ҳар тарафлама етук одам бўлиш керак, деб ҳисоблайман.
– Абдулла Қодирий 1926 йилда «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қамалган ва судда, адвокатсиз ўзини ҳимоя қилиб, оқланган. 1937 йилнинг 31 декабрида эса «халқ душмани» сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, тўққиз ойлик қийноқ ва азоблардан сўнг 1938 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрида отиб ташланган. Бир маротаба бош­ларига катта азоб тушди, қаттиқ синов бўлди, лекин танлаган йўлидан қайтмадилар. Сабаб нимада, деб ўйлайсиз ?
– Отамнинг хотираларидан бир мисол келтираман. Ёзувчилар уюшмасида 37-йилда 4-5 кишидан иборат комиссия тузилиб, ёзувчиларни битта битта чақиртириб улар билан суҳбат қилинади. Бувам уйдагиларга уни ҳам чақиришгани ва у ерда нималар бўлгани ҳақида гапириб берган: «Худо борми, йўқми?» деб сўрашди. Бор дедим. Исботла, дейишди. Мен уларга худонинг бор ёки йўқлигини исботлаш сиз ўйлаганчалик осон эмас. Бунинг учун араб, форс, турк, рус тилларини мукаммал билишингиз, ўша тилларда манбааларни ўқиган бўлишингиз керак. Шунда диний мунозарага кира оласиз. Сиз «Ихлос» сурасини айтиб беринг, мен маъносини айтиб бераман, дедим. Раёсатда жим ўтирган сиёсий идора вакиллари бундай масалаларни қўйинг­лар, деб тўхтатишди. Бобом ҳикоясини якунлагач акалари Раҳимберди «Дилингда бўлмаса ҳам, тилингда йўқ деб қўя қолсанг бўларди, ука», деганида у киши «Энди мен бир кишининг икки оғиз сўзи учун қирқ йиллик иймонимдан қайтайми?», деб жавоб қайтарган эканлар…
– Адабиётшунос олим Фатҳиддин Насриддиновнинг «Маҳорат жилолари» рисоласида Абдулла Қодирий инқилобдан кейинги дастлабки йилларда ижтимоий ҳаётда фаол қатнашгани, чунончи Эски шаҳардаги ҳунарманд косибларни касаба ташкилотларига уюштиришда фидокорлик кўрсатгани қайд этилган. Бу ишга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатганларга нисбатан матбуот орқали курашган. Афсуски, бу ҳақда кенгроқ маълумот топа олмадик. Сиз бу борада қандай маълумотга эгасиз? Бирон, бир архив ҳужжатларида, эсдалик­ларда бу ҳақда ёзилганми?
– Абдулла Қодирийнинг суддаги нутқида бошидан ўтган, қилган ишлари ёзилган. Ўша жойда бу ҳақда ҳам гап бор. Ўқимишли, зиёли, ҳам русчани билгани учун бобомни шу масъулиятли вазифага қўйишган. Энг муҳими, оддий одамларнинг ёнини олиб, уларнинг дардини тушуниб, иш олиб бориши билан бобом касаба уюшмаларида фаол бўлган.
– Бу йил Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ҳали яна олдинда тадбирлар кўп. Бу борадаги ишлар тўғрисида ҳам бир-икки оғиз гапирсангиз.
– Музей ишлари билан акамиз шуғулланяпти. Шу ўринда бир жиҳатга тўхталиш лозим. Абдулла Қодирий китоблари – 1958 йилда нашр қилинганда давлат яхшигина маб­лағ берган экан. Мана, бунга ҳам 50 йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида китоблари бир неча маротаба қайта босилди. Лекин сифати яхши эмас. Энди Абдулла Қодирий нашриётини очиш ниятидамиз. Тегишли жойларга мурожаат қилдик. Биз пул учун эмас, бобомиз асарларини сифатли ва арзон нархларда ўқувчиларга етказишни ният қилганмиз. Ҳозиргача уч номдаги китоб тайёрлаганман. Қолаверса, отам ҳақидаги бир қанча китобларни нашр этишни мўлжаллаганмиз. Бунинг учун маблағ керак. Бу осон эмас.
– Муштарийларимизга тилакларингиз.
– Кўпроқ китоб ўқишларини тилайман. У инсоннинг дунёқарашини ўстириб, порлоқ келажакка элтувчи буюк куч. Ўз ўрнида, «Ishonch» ҳам номига муносиб нашр бўлиб, халқимиз кўнглидаги гап­ларни чоп этаверсин, ўқувчилари эса кўпайгандан кўпаяверсин.

Ирисмуҳаммад АБДУКАРИМОВ,
Салим АБДУРАҲМОНОВ
суҳбатлашди

Бошқа хабарлар