САЛЛА ЎРНИГА КАЛЛА

321

Шу кунларда Мажбурий ижро бюросининг Андижон тумани бўлими ҳар тонг, ҳали иш вақти бошланмасиданоқ гавжум. Бино ичида оёқ қўйгани жой йўқ, одам кўплигидан нафас олиб бўлмайди. Асосан аёллар. Бамисоли дўппи бозори. Суриштирсангиз, аксарияти давлат идораларида ишловчилар – ўқитувчи, боғча тарбиячиси, ҳамшира…

Коммунал тўловлардан қарзлари бордир-да, МИБга бошқа нима юмуш билан келади мижозлар, дерсиз? Бўлиши мумкин. Аммо биргина тўлов, айтайлик, электр ёки табиий газдан қарздорликни «ёпиш» учун нақ беш соат (!) вақт кетадими? Ҳар ҳолда, кўп­лаб ҳамюртларимиз «Эрталаб соат тўққизда ­навбатга ёзилгандик, ишимиз битгунча вақт пешиндан ўтиб кетди», дея жиддий эътироз билдиришяпти. Ахир, абонент ҳисоб-китоб дафтарчасини кўрсатиб, пулни тўласа кифоя-ку – нари борса, беш дақиқада масала ҳал бўлмайдими? Ҳал бўлади! Лекин муаммо бошқа ёқда экан.
Суриштирувлардан аён бўлдики, мижозларнинг жуда кўпчилиги тўловни амалга оширишга эмас, коммунал хизматлардан қарзи йўқлиги хусусида икки энликгина маълумотнома олиш учун келишаётган экан.
– Қарзингиз йўқ бўлса, маълумотномани нима қиласиз? – деб сўраймиз улардан.
– Нима қилардик, ишхонадаги раҳбаримизга кўрсатамиз-да!
– Раҳбарингизга уларнинг нима кераги бор? – Қизиқсиз-а, раҳбар ҳам ходимларининг коммунал тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақида ҳокимиятга ҳисобот топширади-да…
Ажаб, ажаб…
Аниқланишича, вилоят ҳокимлигида ўтган йиғинларнинг бирида аҳоли ҳамда юридик шахсларнинг коммунал тўловлардан қарздорлигини камайтириш масаласи муҳокама қилинган. Бюджет ташкилотлари раҳбарларига «Ходимларингиз орасида қарзи борлари бўлса, сизлар ҳам бирров эслатиб қўйинглар-а?!» деган мазмунда топшириқ берилган. Аслида, айни мавзунинг кун тартибига қўйилиши ҳар жиҳатдан ўринли – электр, сув ва газдан фойдаланган ҳар бир истеъмолчи ҳисоб-китобни жой-жойига қўйиши шарт. Тўлов интизоми ­мустаҳкамланиб борса, коммунал хизмат сифати ҳам ошади. Хуллас, ният – яхши.
Аммо йиллар давомида салла дейилса, каллани мўлжалга олишга одатланган аксар мутасаддилар ўша йиғилишдан келибоқ қўл остидаги ходимларига буйруқ беришадики, «қарзинг борми, йўқми, ҳар биринг «маълумотнома олиб келасан…» Бундай иш тутуми таълим тизимида ҳам, тиббиётда ҳам, қўйингки, жуда кўп соҳаларда кўзга ташланди.
Энди бир ўйлаб кўринг. Масалан, Андижон тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида 2 минг 100 нафардан зиёд ходим ишлайди. Айтайлик, шулардан 200 нафари электр энергияси ёки табиий газдан қарздор. Нега энди ўша қарздорларга қўшилиб барча ходим – ҳақдорлар ҳам маълумотнома сўраб МИБга югуриши керак? Боз устига, ҳудуд тарқоқ – масалан, Ҳакон қишлоғи марказдан 20 километр олисда жойлашган бўлса, Орол қишлоғидаги ҚВПда ишловчилар салкам 25-30 километр йўл босиб келишади. Бунга МИБ идорасидаги беш-олти соатлик навбат кутиш ҳам қўшилса, ходимнинг бир кун вақти ҳавога совурилди, дегани. Муаммони ҳал этиш учун кўрилган бундай «донишмандона» ёндашув тизимдаги иш сифатига путур етказмаслигига кафолат борми? Ахир, боя айтдик – маълумотномага навбатда турганларнинг қай бири шифокор, бошқаси ўқитувчи, яна кимдир боғчада тарбиячи.
Эътирозли жиҳатлардан бири шуки, ташкилотлар ишчиларига қарздор эмаслиги ҳақида берилаётган маълумотномаларда МИБ мониторинг ва ҳисоб шўъбасининг электр, табиий газ, ичимлик суви ҳамда маиший чиқинди хизмати бўйича масъул ходимларининг имзоси (хулосаси) бўлиши шарт.
Ҳолбуки, туманнинг жуда катта ҳудудига табиий газ етиб бормаган – асосан суюлтирилган газдан фойдаланилади. Маиший чиқинди хизмати хусусида ҳам худди шу фикрни айтиш мумкин – ҳозирча «Тоза ҳудуд» ДУКнинг қадами етмаган ўнлаб йирик қишлоқлар бор. Гулобод шаҳарчаси, Найман, Бўтақора, Орол, Гулистон каби аксарият қишлоқлар «Сувоқава» ташкилоти хизматидан фойдаланмайди, чунки сув насос ёрдамида артезиан қудуқдан чиқади. Демак, истеъмол қилинаётган оби ҳаёт учун аҳолидан йиғилаётган пуллар «Сувоқава» хизматига эмас, электр тармоқлари корхонасига топширилади. Шундай экан, нега энди бюджет ташкилоти ходимлари кўрсатилмайдиган хизмат турлари учун ҳам маълумотнома олиш мақсадида соатлаб сарғайиши керак?
Қарздорлик муаммосини одамларни ҳуда-беҳуда овора қилмасдан бартараф этишнинг йўли йўқми? Жуда бор-да!
Мана, Президентимиз томонидан 2017 йил 29 май куни қабул қилинган «Электр энергия­­си ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилибди: «Мажбурий ижро бюроси етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида иш берувчиларга талабномалар юбориш ваколатига эга».
Демак, МИБнинг компьютер базасида қайси ташкилотда ишловчи қайси ходимнинг қанча қарзи борлиги хусусида маълумот бор. Барчани безовта қилиш ўрнига қарздорлар рўйхатини ташкилотлар кесимида шакллантириб, иш берувчиларнинг қўлига тутқазиб ­қўйилса, кифоя эмасми? Агар шунда ҳам белгиланган муддатда тўловлар тушмаса, тартибга кўра истеъмолчини тармоқдан узиш керак. Ахир МИБчилар бу юмушнинг ҳадисини олиб улгуришди-ку! Ё «қарзларни ундириш ҳафталиги» доирасида бюрога ёрдам бераётган мутасаддилар мана шу оддий арифметикани тушунишмайдими?
Дарвоқе, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳудудий электр тармоқлари корхоналари «маиший истеъмолчининг аризасига асосан ариза берилган пайтнинг ўзида тўловларнинг ҳолати ва истеъмол қилинган электр энергияси учун қарздорликнинг мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) тўғрисида маълумотномалар тақдим этиш»га мажбур эканлиги таъкид­ланади. Андижон туманида эса мана шу тартибга кўра, электр тармоқлари корхонаси эмас, Мажбурий ижро бюроси томонидан маълумотномалар берилаётганини қандай тушуниш мумкин?
Айни ҳолатни бюродагилар «электр тармоқлари корхонаси кўпинча нотўғри маълумотнома беряпти, икки ташкилот компьютер базаларидаги рақамларда фарқ чиқяпти, шу сабаб маълумотнома беришни зиммамизга олдик», деб изоҳлашди.
Бу жавоб нимадан далолат? МИБ юзага келганига салкам икки ярим йил бўлса-да, доимий бирга «нафас оладиган» икки ташкилот – бюро ҳамда электр таъминоти идорасининг ҳанузгача бир-бирини тушунмаётганлигидан, икки ярим йилдирки, аниқ ишлайдиган ягона механизм йўқлигидан далолат! Модомики, ҳамкорликда фаолият юритиш пешонасига ёзилган экан, Энергетика вазирлиги ҳамда Бюро раҳбарияти обдан ўйлаб, юқоридаги масалалар юзасидан оқилона ечим ишлаб чиқмаса, одамлар икки идора ўртасида саргардон юраверадилар. Нима дедингиз?

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»

PS. Одамларни ишдан қўйиб, овора қилишни ҳамда маълумотномабозликни хуш кўрадиган мутасаддиларга текин маслаҳат. Шу кунгача деярли барча ходимларингиз маълумотнома келтиргани бор гап. Улардан сизга берган маълумотномаларнинг ҳаққонийлиги ҳақида яна битта маълумотнома олиб келишларини талаб қилинг. Билиб бўладими, МИБчилар ҳам хом сут эмган банда – ур-тўполонда хато ёзиб берган бўлишлари мумкин. Ишни пухта қилиш керак, деймиз-да!

Бошқа хабарлар