ВАТАН БАЙРОҒИНИ БАЛАНД КЎТАРИБ…

63

Ифтихор

Корея Халқ Демократик Республикасининг Пхеньян шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жисмоний тарбия ва спорт соғломлаштириш ишлари бошқармасининг Республика ихтисослашган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси Кумушхон Файзуллаева чемпионатнинг вазни 64 килограммгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган баҳсларида уч йўналишда олтин медални қўлга киритди.

– Ғолиблик шохсупасидан туриб Ватанимиз байроғининг энг юқорида хилпираб туришини кузатиш ҳар қандай спортчига чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, – дейди 3 карра олтин медаль сохиби, икки карра янги жаҳон рекордини ўрнатишга муваффақ бўлган спортчимиз Кумушхон Файзуллаева ҳаяжон билан. – Юртимизга ёруғ юз билан, мураббийларимнинг ишончини оқлаган холда қайтганим менга янада юксак марраларни забт этишда мадад бўлади.

Эслатиб ўтамиз 17 ёшли Кумушхон даст кўтаришда 97 килограмм, силтаб кўтаришда эса 125 килограмм, икки кураш натижасига кўра 222 килограмм натижа билан қитъа чемпионлигини қўлга киритди. Шунингдек, у бу натижа билан ўсмирлар ўртасида даст кўтаришда ўзига тегишли жаҳон рекордини такрорлаган бўлса, силтаб кўтариш ва икки кураш бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жисмоний тарбия ва спорт соғломлаштириш ишлари бошқармасининг Республика ихтисослашган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси, заҳирадаги спортчи Тоштемиров Муҳаммадқодир эса 81 кг вазнда силтаб кўтаришда, 186 кг даст кўтаришда, 156 кг умумий 342 кг.да 3 та олтин медаль сохиби бўлди.

Осиё биринчилигида умумжамоа ҳисобида йигитларимиз иккинчи поғонага кўтарилган бўлса, қизларимиз кучли учликдан ўрин эгаллади.

Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, Оғир атлетика Федерацияси вакиллари ҳамда спортчиларнинг оила аъзолари, яқинлари кутиб олишди.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,

«Ishonch» 

Бошқа хабарлар