Бирор нима ташлаб кетинг…

40

Хавфсизлик камари тақилган, ҳужжатлар жойида. Шундай бўлса-да, инспекторнинг ҳуштаги чалиниб, унинг ишораси билан йўл сетида тўхтадим. У келди, ўзини таништирди. Юкхонани кўрди, ҳужжатларни текширди, оғзимни ҳидлади. Унинг хатти-ҳаракатлари шунчалик секин эдики, шошаётганимни, давлат ишида хизмат қилишимни билдирдим.

— Биз-чи, биз, — деди у норози оҳангда. — Биз ҳам чалпак ёғишини кутиб ўтирганимиз йўқ, давлат ишини қиляпмиз.

— Нима демоқчисиз?

— Бирор нима ташлаб кетинг…

Безбетларча айтилган бу гапдан жаҳлим чиқди, аммо раҳмим ҳам келди. Юкхонадан иккита нонни унга узатдим.

Индамай олди.

Юзимга отар, ким деб ўйлаяпсиз бизни, деб айтишини кутдим, аммо ғурурсиз, орсиз бундай кимсаларга бугуни, ҳозири ўтса, бас, қолгани билан иши йўқ.

Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунлариданоқ коррупцияга қарши курашиш, порахўрликка аёвсиз муносабатда бўлиш ҳақида гапиради. Зеро, коррупция тараққиёт кушандаси. Қайси мамлакатда коррупция авж олса, давлат ночор ва табақалашиб бораверади. Юртимизнинг бой ва фаровон бўлиши эса Президентимиз талабларига “лаббай” деб жавоб бериш, бугунги буюк ислоҳотларга камарбаста бўлиш, ноҳақликка қарши курашиш, ҳалол бўлишга интилишимизга боғлиқ.

Аммо, шифокорга боришдан олдин унинг танишини излаймиз, шундай қилмасак, шифокор бизни бефарқ қарши олади, деган ўй онгимизга ўрнашиб қолган. Фарзандимизнинг ўқитувчисини “совға салом” билан тез-тез йўқлаб турамиз, бироқ, ҳеч нарса ўзгармайди. Савод масаласи нолга тенг.

Демак, асосий айбдор ўзимиз эмасми?

Ўзимиз эмасми, автомобиль олишдан аввал унинг “шапкаси”га қизиққан. “Шапка”ни беришга “одам” қидирган.

Яқинда хасталик туфайли бир оёғи тўпиғидан кесилган танишимиз биринчи гуруҳ ногиронлигига ўтолмаётгани, ўтиш учун эса тумандаги мутасадди “дадилгина” сўраётганини айтиб қолди. Ўйга толдим: бунинг қонуний ечими йўқми? Агар бор бўлса, жаноб “мутасадди” қайси юз билан шундоқ ҳам бир оёғи йўқ бемордан пул талаб қиляпти.

— Унинг кимлигини айтинг, исм-шарифини очиқ ёзиб, тегишли идораларга мурожаат қилинг, — дедим.

— Э, андишага бордим-да, ҳар ҳолда пенсиямни ёзадиган шулар…

Оммавий ахборот воситалари орқали аввал вилоятлардан бирининг, кейин пойтахтдаги туман ҳокимларидан бири катта пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабар тарқалгач, юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда бу ҳолатдан ҳайратга тушди. Чунки Президент томонидан ишониб топширилган лавозимни қўрқмасдан суиистеъмол қилган кишининг бунчалик дадил ҳаракатига нима сабаб бўлди экан. Келинлар қўзғолонидаги Боқи амаки айтганидек: “Ҳатто Ҳорун ар-Рашид ҳам бунча хазинани кўрмаган”. Ҳаром луқма юқмайди, бир куни тешиб чиқади, деган пандлар эса жиғилдон тобеларига таъсир этмайди, афсус.

2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни коррупцияга қарши курашиш бўйича йил давомида қилинган энг катта амалий қадам бўлди. Бир ой ўтиб, яъни 2 февралда Президент «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Жорий йилнинг 27 май куни эса коррупцияга қарши кураш дастури тасдиқланди. “2019 – 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури” қабул қилинди. Давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишга киришилади ва энг коррупциялашган соҳалардан иккитаси: капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилади.

Бу ҳужжатлар тўла-тўкис ишлашидан ҳаммамиз манфаатдормиз. 

Порахўрнинг уйида ҳаловат йўқ. Қалбида хотиржамлик йўқ. Унинг кўзлари доимо ўйнаб туради. Унда самимият йўқ. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо виждон йўқ, иймон йўқ.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ

Манба: Bong.uz

Бошқа хабарлар