Президент регбини ривожлантириш дастурини тасдиқлади

46
Фото: "Gazeta.uz"

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 октябрдаги қарори билан 2019−2022 йилларда республикада регбини янада комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар берди.

Ҳужжатда қайд этилишича, моддий-техник база ва инфратузилманинг етарли эмаслиги, регби бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг уйғун тизими яратилмаганлиги соҳанинг янада ривожланишига ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.

Қарор билан ҳар бир ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида регби бўлимларини очиш белгиланди. Болалар-ўсмирлар спорт мактабларига ишга қабул қилинаётган регби бўйича мураббийлар номзодларини Ўзбекистон регби федерацияси билан мажбурий келишиш тартиби жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасида қуйидаги устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланди:

иқтидорли спортчи ёшларни танлаб олиш (селекция ишлари) фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва регби бўйича ўқув-машқ жараёнини сифатли ташкил этиш;

регбини оммалаштириш, ёшларни спорт клублари, секциялар ва тўгаракларга фаол жалб қилиш, улардан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун сифатли ва самарали тайёргарлигини таъминлаш;

халқаро мусобақаларнинг ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантириш, шунингдек, тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш;

регбининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш.

Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг спорт клублари стадионлари Регби федерациясига бириктирилди.

Келгуси йилнинг баҳорига қадар «Ёшлик», «Талаба», «МҲСК», «Динамо», «Локомотив», «Касаба уюшмалари» ва бошқа регби клубларини ташкил этиш белгиланган.

Мамлакат терма жамоаси машғулотлари учун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида Регби федерацияси спорт базаси қурилади.

2020/2021 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида регби бўйича мутахассисларни тайёрловчи йўналишлар очилади.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Регби федерацияси раиси ҳисобланади.

Бошқа хабарлар