ҚАЛБГА КЎЧГАН СИЙМО

70

Халқимизнинг буюк фарзанди, истеъдодли актёр Ғани Аъзамов номи тилга олинганда ҳар қандай инсоннинг юзига табассум югуради. Устоз санъаткорнинг бетакрор образлари кино, театр соҳасидаги юзлаб роллари унинг халқ қалбидан чуқур жой олиши ва чексиз муҳаббатини қозонишига сабаб бўлди.

Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театри ҳамкорлигида Ғани Аъзамовнинг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда театр актёрлари, ижодкорлар, кино ихлосмандлари, санъаткорнинг оила аъзолари, яқинлари ва шогирдлари иштирок этишди. 

Ғ.Аъзамов 1909 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб театр актёрларига лотин ёзувидан сабоқ бериш учун муаллим бўлиб келган педагог кейинчалик театр санъатига умрини бахшида этишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ижодий фаолиятини оммавий саҳналардан бошлаб, илк бор “Қалтис ҳазил” комедиясида Мамарасул образида чиқиб, катта муваффақият қозонди.

– Ғани ака жуда самимий, камтарин ва ҳокисор инсон эди, – дейди Риҳси Иброҳимова. – Устозимиз 60 йиллик ижодий фаолияти давомида  “Қутлуғ қон”,  “Қонли сароб”, “Алишер Навоий”, “Тоға-жиянлар”, “Сўнгги нусхалар”,  “Ревизор”, “Олтин девор”, “Куёв” каби  юздан ортиқ спектаклларда мукаммал образларни саҳнага олиб чиқди. У кишида ҳеч қачон кибр ва манманликни кўрмаганмиз. Қалби ҳам роллари каби содда ва самимий эди. Шунинг учун халқимиз ҳар бир чиқишини юксак олқишлар билан кутиб оларди. Оиласида ҳам, ижодида ҳам бахтли инсон сифатида кўрганим учун барчамизга ҳам Ғани аканинг йўлларини беришини тилайман.

Тадбирда санъаткорнинг ижод йўлига бағишлаб тайёрланган фильм намойиш этилди. Шунингдек, барча театрлар ижодкор хотирасига атаб тайёрлаб келган бадиий чиқишларини намойиш этди. Санъаткорларнинг дилтортар наволари ва устоз актёрнинг шогирдлари ҳамда  яқинлари  томонидан билдирилган қизиқарли ва илиқ  хотиралар кечанинг юксак бадиий савияда ўтишини таъминлади.

Зебо НАМОЗОВА,

ishonch.uz”   

Бошқа хабарлар