Ҳассамизни яна йўқотмайлик…

105

Давлатимиз раҳбарининг «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги нутқи ва тилимизнинг нуфузини оширишга оид фармони барчамизни беҳад қувонтириб, тўлқинлантириб юборди.

Юртдошларимизнинг дилидаги орзу-­умидларини ифодаловчи қарорда таъкидланганидек, «дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақиллик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир».

1989 йил 21 октябрда оғир шароитда, мустабид тузум, ҳукмрон мафкура замонида, очиқ ва пинҳоний қарама-қаршиликлар жараёнида қабул қилинган қонун икки йилча ўтиб эришилган истиқлол йўлига тўшалган яшил пояндоз эди гўё.
Шундай бой, жозибадор она тилимиз йиллар давомида ­сояда қолиб, имконияти торайиб, ғариб бир ҳолга келиб қолаёзган эди. Кўплар бисотидаги тўрт юз-беш юз, минг­­га етар сўзни айлантириб юргани ҳам бор гап. Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётимиз, экологиямиз, маънавиятимиз танг аҳволга келиб қолган кезларда тил муаммоси ҳам қалқиб чиқди.
«Тил тўғрисида»ги қонун ­лойиҳаси тайёрланиб, матбуотда эълон қилиниши эҳтиёжнинг заруратга айланиши натижаси эди. Ажаб­ланарли жиҳати шунда эдики, лойиҳа рус тилида ёзилиб, ўзбек тилига хом-хатала ўгирилган, матн қуллуқнамо алфозда битилган эди. Устига-устак, икки тилга давлат тили мақоми берилса, деган таклиф билан чиқиб, ўз лойиҳасини тақдим этганлар ҳам бўлди.
Дарҳол норозиликлар билдирилгани, акс-садолар ёғилиб кетганининг боиси шунда. Эркин Воҳидовнинг «Ўзбекча саломга ўзбекча алик бўлсин», Иброҳим Раҳимнинг «Тилимизни ҳакка чўқиганми?», бир қур ёш ижодкорларнинг «Давлат тили имтиёзсиз бўладими?» сингари ­тишли-тирноқли, ўткир мантиқли мақолаларда лойиҳалар хомлиги, яроқсизлиги далил-мисоллар билан кўрсатиб берилди. Ўша кезларда қоп-қоп хатлар келган, одамлар дилида сақлаб келган фикр-мулоҳазалари, таклиф-истакларини очиқ, рўй-рост баён этишган. Жамоатчилик ­фикри инобатга олиниб, 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, ўша кун ҳар йили тил байрами сифатида нишонланиши белгиланди. Ўзга тилли биродарларимиз учун тилимизни ўрганишга шароит яратилса-да бунга киришганлар оз, киришмаганлар кўп бўлди.
Президентимиз қарори, нутқи, фармонида бутун эътибор она тилимиз тарихи, бугунги ҳолати, эртанги кунига қаратилди: Маҳмуд Қошғарий «Девону луғатит турк»ни, Юсуф хос Ҳожиб «Қудадғу билиг»ни, Яссавий «Ҳикматлар»ини, Алишер Навоий «Муҳокаматул луғатайн»­­ни, Бобур «Бобурнома»ни келгуси авлодларни, туркий тиллар тақдирини ўйлаб қалам тебратгани, Беҳбудий, Фитрат, Ибрат, Авлоний, Мунаввар қори каби маърифатпарварларимиз мактаблар очишгани, тиллар ҳақида куюнчак мақолалар битишгани, Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Зулфия­ сингари ижодкорлар гўзал асарлар ёзишганини одатдагидан кўп эслайдиган бўлдик…
Гёте, Пушкин, Абай, Махтумқули, Бердақ, Айний, Тагор, Айт­матов ва бошқа сўз санъаткорлари шоҳ асарлари баробарида она тиллари тақдири, истиқболи ҳақида қайғуриб, теран мақола, тадқиқотлар ёзишгани ҳам айни ҳақиқат.
Замондош олим, адиб, шоирлар ижоди, яратилган луғат, қомуслар, шеърлар, китоб, таржималар кўпчиликка маълум. ­Кейинги вақтда пайдо бўлган илмий, бадиий, публицистик тадқиқотлар ичида П.Қодировнинг «Тил ва эл», Э.Воҳидовнинг «Сўз латофати», Б.Тўйчибоев ва Қозоқбой Қашқирлининг «Зоминнинг тил қомуси», А.Аъзамнинг «Тил номуси», Э.Шукурнинг «Бобосўз изидан» китоблари, Ш.Сирожиддинов, Н.Маҳмудов, Б.Абдушукуров, И.Ғафуров, Э.Аъзам, А.Мелибоев, О.Мадаев, М.Кенжабек ҳамда А.Абдураҳмонов каби ижодкорларнинг мақолалари, телевидениедаги мавзуга оид долзарб кўрсатувлар алоҳида таъкидга лойиқ. Президентимиз қарори матни эълон қилиниши билан дарҳол тезкор муносабат бошланиб кетгани масаланинг қанчалик долзарб эканлигидан далолатдир.
Шу ўринда айтиш лозимки, пешхат, лавҳаларда миллий тилимизнинг мавқеини тиклашимиз керак, ҳозир аҳвол кўнгилдагидай эмас. Мабодо, мўъжиза юз бериб, Амир Темур бобомиз тирилиб қолса-ю муҳташам биноларимиз, улкан қурилишларимизни кўриб қувонч, ифтихор ҳиссига тўлар, лекин пойтахтимиздаги ўз номига қўйилган кўча лавҳаларига кўзи тушиб, дили хуфтон бўлиши аниқ…
Биргина «Интерконтиненталь» меҳмонхонаси қаршисидаги кўчада жойлашган бинолар лавҳаларига назар ташланг: нақшин ёзувлар, рекламалар кечалари порлаб туради, лекин сўз, иборалар асосан инглиз, рус тилларида, бир нечтасигина ўзбекча. Почта бўлими (кичик ҳарфлар билан), дорихона, гилам ювиш, суратга тушиш, пардоз қилиш, соч бўяш, тирноқ олиш… бари хорижий тилларда. Бўй-басти билан тушган қизнинг расми… Европача шимининг икки тиззаси йиртиқ…
Пойтахт тугул йирик шаҳарларимизда ҳам шу аҳвол. Баъзи мамлакатларда ўзга тилда бирор нарса сўрасангиз жавоб беришмайди. Абдулла Орипов давраларда бир воқеани гапириб берарди. Собиқ иттифоқ замонида Андрей Вознесенский билан Жанубий Кореяга боришиб, ижодий учрашувлар ўтказишибди, ­шеърхонликлар бўлибди, қалам ҳақи олишгач, у-бу харид қилиш учун бозорга тушишибди. «Қошиқдай бир туфли кўзимга яхши кўриниб, рус тилида «кўрсатинг», деб илтимос қилдим. Хушфеъл сотувчи қиз бирдан ранги ўзгариб, ўз тилида дағал сўзлар айтиб, терс ўгирилиб олди. Ҳайрон қолдим. Нарироқдаги дўконда ишлаётган, русчани сал-пал биладиган сотувчига меҳмонлигимиз, қаерданлигимни айтган эдим, у келиб дугонасига тушунтирди. Қиз бирдан юзи ёришиб, узр сўраб, аввалгидай хушмуомала бўлиб қолди».
Майли, биз бағрикенг, кўнгли очиқ халқмиз, лекин пешхатлар энг аввал ўз миллий тилимизда битилсин-да!
Мамлакатимизда 130 га яқин миллат, халқ аҳил, ҳамжиҳат бўлиб яшайди, бир-бирлари билан ўз ва бошқа тилларда гапиришади, етти тилда газета нашр этилади, китоб­лар чиқарилади. Халқимизнинг тил, мусиқа ўрганишга алоҳида қобилияти борлигига фахрлансак арзийди, буни хорижликлар ҳам эътироф этишади. Ҳозир, юртимизда Беҳбудий бобомиз орзу қилганидек, тўрт тилда гапирадиган, мақола, китоблар ёзадиган, диссертациялар ёқлайдиган, чет элларга бориб маърузалар ўқиб келадиганлар анчагина. Боғчаларда инглиз, рус, француз, корейс, япон, хитой тилларида чиройли чулдирайдиган болакайларни кўриб, ҳавас қиламиз…
Ўзбек диалектологияси ­бўйича қатор тадқиқотлар ёзган, шогирдлар етиштирган В.Решетов, ўзбекча-русча луғатлар тузган Гел Михайлов, Навоий ғазал ва рубоийларини моҳирона таржима қилган Сергей Ивановни чуқур ҳурмат қиламиз. Шогирдимиз, арман қизи Ариват Григорян ҳар куни экранда соф ўзбек тилида турфа янгиликлардан хабардор қилиб туради.
Юртимизда чет тилларни, айниқса, инглиз тилини ўрганишга қизиқиш йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Метронинг Амир Темур номидаги бекатидан Юнус Ражабий бекатига ўтиладиган узун йўлакнинг икки тарафига бошдан охиригача ҳар беш қадамда (жами қирқ-­эллик чоғи) бир хил рамкаларда «Инглиз тили. Уч ойда» деган ёзув ва телефон рақамлари порлаб туради. Ҳайрон қоласиз. Шу эълон уч жойда – боши, ўртаси, охирида бўлса, қолганларига «Немис, француз, испан, итальян, корейс, япон, хитой тилларини, борингки, баъзиларга, шунингдек, ўз тилини унутганларга ўзбек тилини ўргатаман, телефоним фалон» деган ёзув илинса бўлмасмиди, ҳам тежоғли-бежоғли, ҳам керакли, фойдали эди.
Ахир, йўлакдан бир кунда минг­лаб одамлар ўтади, қанчаси тил ўрганишга талабгор. Кўп мамлакатлардагидек бизда ҳам халқаро тил – инг­лиз тилига қизиқиш кучли. Лекин бунда ҳам меъёр бўлмоғи керак. Бир тилни ўрганиш ўз тилига кам эътибор ҳисобига бўлмаслиги зарур. зеро, вақтида бир тилга сажда қилиш оқибатини кўрганмиз, ҳассамизни бошқа йўқотмайлик.
Мустақиллик, Наврўз байрамлари сингари Тил байрамини ҳам қойил қолгулик, меҳмонлар ҳавас қилгулик даражада ўтказишимизга шубҳа йўқ. Шу билан бирга, байрамларни нишонлашнинг энг яхши йўли етилган, ечимини кутаётган муаммоларга эътибор қаратмоқдир, деган ҳикматни ҳам унутмаганимиз маъқул. «Ўзбек тили байрами кунининг белгилангани, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилаётгани, Атамалар комиссияси тузилаётгани тарихий воқелик. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказиш ҳам айни муддао.
Келгусида ўқитувчилар, шифокорлар, катта-кичик раҳбарлар ўртасида ҳам шундай танловлар ўтказиллиши зарур. Чунки иншо саводхонлик, савияни аниқлаб беришнинг самарали воситаси, ўзига хос лакмус қоғозидир.

Сир эмаски, йиллар давомида октябрь ойида тилимизга дуруст эътибор қаратдик, мақолалар ёздик, экранда чиқиш­лар қилдик, учрашувлар ўтказдик, кейин ҳаракатларимиз сусайди, келгуси октябргача «худо пошшо», деган маънода хотиржамликка берилдик. Умид қиламизки, энди бундай бўлмайди, тил комиссияси мунтазам назорат қилиб, ҳисоботлар олиб, тадбирлар ўтказиб боради. Яна бир таклифим: миллий тилимизга оид барча мақолалар, фикр-мулоҳазалар, мақол-маталлар, ҳикматли сўзлар, тадқиқотлардан парчалар жамланиб адади катта, салмоқли китоб қилиб чиқарилса, кўпчилик, айниқса, ўқитувчиларнинг доимий йўлдоши, қўлдоши бўлса…

Сайди УМИРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
филолог олим, публицист

Бошқа хабарлар