Инсон нега семириб кетади?

45

Бугунги кунда семизлик дунёда жиддий муаммога айланиб бормоқда. У, айниқса, аёлларни кўпроқ ташвишга солади ва чиройли ташқи кўринишига путур етказмаслик мақсадида  ортиқча вазндан сақланишга доимо эътибор қаратишади. Хўш, организмдаги қандай ўзгаришлар семиришга олиб келади?

Айтиш жоизки, семизлик истеъмол қилинган овқатнинг энергетик қуввати билан организмнинг сарф қилган энергияси ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши, яъни кам энергия сарф қилиб кўп қабул қилиш натижасида ортиқча энергия ёғ шаклида тананинг ҳар хил қисмларида тўпланиб қолиши натижасида юзага келади. Одам организми, эволюцион тарзда овқат етарли бўлган пайтда уни захира сифатида тўплаш ва овқат етарли бўлмаганда уни сарфлашга мослашган. Бироқ унинг ҳаддан ташқари кўп тўпланиши ва сарф этилмаслиги касалликка олиб келади.

Семизликка сабаб нима?

— Танада ортиқча ёғларнинг тўпланишини бир қанча омиллар келтириб чиқаради, — дейди олий тоифали шифокор Нодира Ҳамроева. — Энг асосийлари кам ҳаракатланиш, генетик факторлар, яъни липогенез (ёғ ҳосил қилувчи) ферментлар фаоллигининг ошиши ва липолиз (ёғларни парчаловчи) ферментлар фаоллигининг пасайиши, нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилишлар (овқатланишнинг психоген бузилиши) ҳисобланади. Шу билан бирга, эндокрин касалликлар (гипогонадизм, гипотиреоз, инсулинома), стрессларга берилувчанлик, гипоталамус функциясининг бузилиши, психотроп дори воситаларини истеъмол қилиш, уйқусизлик, гормонал контрацептивларни қўллаш, инсулин ва инсулин синтезини кучайтирувчилар истеъмол қилиш ҳам шундай оқибат сабабчисидир.

Ҳаммасига гормонлар айбдорми?!

Кўп овқатланиш, камҳаракатлилик ва ўтириб ишлаш, ёшга боғлиқ ўзгаришлар ҳамда гормонал бузилишлар қорин пайдо бўлишига сабаб бўлади. Аммо қоринни йўқотишда ёғ қатлам турларини ҳам инобатга олиш даркор. Ёғ қатлами 2 хил бўлади: тери остида ва висцерал — қорин бўшлиғи ичидаги ёғ қатламлари.

Тери остига йиғилган ёғ қатламини йўқотиш у қадар қийин эмас. Буни махсус парҳез ва жисмоний машғулотлар ёрдамида уддаласа бўлади.

Ёғ тери остига йиғилганини билиш учун қоринни ушлаб кўринг: у юмшоқ, бурмалар бўлиб осон йиғилади. Висцерал ёғ қатлами эса бошқа гап. Бундай ҳолатда қорин қаттиқ ва аниқ думалоқ шаклда бўлади. Одатда уни бурма қилиб йиғиб бўлмайди.

Ички аъзоларга қанчалик хавфли?

Ёғ қатлами қорин бўшлиғининг ички томонида йиғилгани учун у ички аъзоларни қамраб олади. Ёғ кўпайгани сари аъзолар «сиқувга олинади». Ёғ ичида «нафас ололмай» қолган аъзо ва тизимлар эса тўлақонли ишлай олмаслиги табиий. Қорин ички ёғ қатламлари ортиб бораётган экан, қандли диабет, қонда липидлар ва холестерин миқдорининг ортиши, атеросклероз, унинг кетидан тромблар, инфаркт ёки инсульт, қон босими билан боғлиқ муаммолар узоқ куттирмайди.

Боз устига, вазн ортиб кетиши оқибатида ҳаракатланишнинг қийинлашиши, ҳансираш, таянч-ҳаракат аппаратининг зўриқиши каби муаммолар ҳам юзага келади.

Ортиқча вазндан қутулиш усуллари

Семизликни даволашда диетотерапия, жисмоний тарбия, дори воситалари қабул қилиш, психотерапия, хирургик усуллар қўлланилади. Жумладан, диетотерапияда истеъмол қилинадиган овқат таркибининг асосий қисмини клетчатка ва витаминлар (мева-сабзавотлар, ёнғоқ, кўкатлар ва бошқалар) ҳосил қилиши ва тез ҳазм бўладиган углеводларни чеклаш (қанд, ширинликлар, пишириқлар, нон, макарон ва олий навли ундан тайёрланган маҳсулотлар) талаб этилади.

Дори воситалари билан даволаш эса фақат вақтинча тана вазнини камайтиришга ёрдам беради, холос. Агар дори воситалари қабул қилгандан сўнг бемор ўз ҳаёт тарзини ўзгартирмаса, тана вазни яна ошиб бораверади.

Психотерапия усули ўз-ўзини бошқариш ҳиссини уйғотишга, овқатга бўлган муносабатни ва у билан боғлиқ одатларни ўзгартиришга, жисмоний ҳаракатни доимий ошириб боришга ва ишончли ижтимоий қувватлаш ҳосил қилишга қаратилган.

Юқоридаги даволаш усуллари фойда бермаган тақдирда хирургик даволаш усулларини қўллаш мумкин.

Хулоса ўрнида…

Организмда ортиқча ёғ тўпланишига ҳеч ҳам бефарқ бўлмаслик керак. Энг аввало, мазкур ҳолат келиб чиқмасдан унинг олдини олиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бунинг шарти эса соғлом турмуш тарзига амал қилиш, саломатликни доимо назорат қилиб боришдан иборатдир. Чунки семизлик келиб чиққанда эса вазиятни ортга қайтариш учун янаям кучли иродали бўлиш талаб қилинади.

Дарвоқе…

Овқатдаги ёғларнинг меъёри қандай бўлиши керак?

Катта ёшли одамлар учун бир суткалик озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги ёғ миқдори ўртача 80-100 г., шундан 25-30 г. ўсимлик мойлари, 3-6 г. ўта тўйинмаган ёғ кислоталари, 1 г. холестерин ва 5 г. фосфолипидлар бўлиши керак. Ёғ миқдори меҳнат қобилиятига эга бўлган 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган инсонларнинг жинси ва ёшига қараб белгиланади. Болалар ва ўсмирларда ёғларга бўлган физиологик эҳтиёж уларнинг тана вазни ва ёши ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Болалар ва 17 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ҳайвон ёғлари, (сариёғ) солиштирма оғирлиги катталарникидан бирмунча кўпроқ бўлиши керак.

Катта ёшли кишиларда моддалар алмашуви секинлашиб бориши муносабати билан, ёғ истеъмолини бир қадар чеклаш тавсия этилади. Ёши қайтган ва семиришга мойил ҳамда юрак-қон томир касалликлари (атеросклероз ва бошқалар) билан оғриган беморларнинг овқат рационида, албатта, ўсимлик мойи ҳайвон ёғидан миқдор жиҳатидан кўпроқ бўлиши лозим. Болалар ва ўсмирлар учун тавсия қилинадиган бир суткалик овқат таркибидаги ёғнинг миқдори бир суткалик қувват сарфининг 36 фоизини ташкил қилиши керак.

Хирургик даволаш қандай бажарилади?

Ҳозирги кунда семизликни даволашда бутун дунёда уч хил хирургик усул энг кўп қўлланилади:

Меъдани шунтлаш (gastric bypass) — меъдани «катта ва кичик» бир-бири билан уланмайдиган икки қисмга бўлишдан иборат. «Кичик меъда»га ингичка ичак уланади ва овқат қисқа йўл билан йўғон ичакка тушади. Ушбу операция 2 хил таъсирга эга: бири (рестриктив – меъда ҳажмининг камайиши) меъда ҳажмининг 50 мл. гача камайиши ва иккинчиси эса овқатнинг қисқа йўл орқали ўтиб (малабсорбтив) кам сўрилиши.

Меъдани бандажлашда, меъда билан қизилўнгач орасига силикондан ҳалқа (бандаж) қўйилади. Бандаж овқатнинг ўтишига қаршилик кўрсатади ва меъда тубидаги рецепторларни қўзғатиб тўйиниш ҳиссини уйғотади. Барча замонавий бандажлар бошқарилувчан, яъни бемор ҳолатига кўра овқат ўтказиш ҳалқасини кенгайтириш ёки торайтириш мумкин.

Енгли гастропластика (Sleevegastrectomy)да меъданинг катта эгрилиги олиб ташланади ва кичик эгрилиги бўйлаб ингичка трубка ҳосил бўлади. Овқат ингичка трубка орқали ўтиб тезда тўйиниш ҳиссини уйғотади ва меъданинг катта эгрилиги ҳамда тубида жойлашган грелин (оч қолиш гормони) ҳосил қилувчи рецепторлар йўқлиги туфайли оч қолиш ҳисси сўнади.

Яна бир нарсага эътибор қаратиш лозим, пластик хирургияга кирувчи липосакция ва абдоминопластика операциялари семизликка қарши курашиш учун эмас, балки эстетик камчиликларни бартараф этиш учун ишлаб чиқилган. Липосакция ва абдоминопластикада тана вазни бироз камайса-да, уларнинг соғлиқни тиклаш учун ҳеч қандай фойдаси йўқ.

Иккинчидан, бу операцияларда тери ости ёғ клетчаткаси олинади, соғлиқ учун зарарлиси эса ички аъзолардаги ёғ (висцерал ёғ) ҳисобланади. Айрим тадқиқотларда аниқланишича, тери ости ёғ қатлами олингандан сўнг ички аъзолардаги ёғ (висцерал ёғ) тез кўпаяди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Манба: «Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар