Сиёсий партияларнинг бугунги ҳолати талабга жавоб беради…(ми?)

25

Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар сабаб халқимиз депутатларни таний бошлагани рост. Бунинг сабабларидан бири — депутатларнинг ҳукуматга сўровлар юбориб, кўпчиликни қийнаётган айрим муаммоларга қонуний ечим топганидадир. Бироқ тан олиш керакки, бундай ижобий ўзгаришлар ҳам кенг жамоатчилик орасида сиёсий партияларга нисбатан кучли ишонч уйғота олгани йўқ.

Шу боис баъзи юртдошларимиз сиёсий партияларнинг айни кунлардаги фаоллиги сайлов ўтиши билан тугайди, деб ҳисобламоқда. Бу ўз-ўзидан сиёсий партиялар олдида сайловчилар ишончини қозонишдек улкан вазифа турганини англатади. Ишонч қозонишда эса сайловолди тарғиботлари муҳим ўрин тутади. Хўш, сайлов тарғиботи аслида қандай бўлиши керак? Ҳозиргидек муҳим жараёнда сиёсий партиялар мамлакатда бўлаётган жараёнларга ўзининг қатъий муносабатини билдириш ўрнига бир-бирини ҳуқуқий саводсизликда, кўчирмакашликда айблаши қанчалик тўғри?

Шу каби саволлар билан сайловолди жараёнларида бевосита иштирок этаётган мутахассисларга мурожаат қилдик.


«Пиар»нинг турли усуллари бор, аммо…

Акмал БУРҲОНОВ,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари:

— Халқаро тажрибадан кўринадики, сиёсий партияларнинг биринчи ўриндаги мақсади — ҳокимиятни эгаллаш. Яъни ҳукумат даражасида ўз вакилларини кўпайтириш ва шу орқали сайловолди дастурида назарда тутилган режаларни амалга ошириш ҳисобланади. Бунга эришиш учун эса «қора», «антипиар» усулларидан фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Буни нормал ҳолат, деб қабул қилиш керак.

Лекин сиёсий партияларимиз долзарб масалалар ёки ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишларга, унинг фаолиятига муносабат билдириш ўрнига маиший масалалар бўйича ҳам бир-бирларини танқид қилиши кузатиляпти. Буни ҳам қайсидир маънода табиий ҳол деб қабул қилиш керак. Чунки сиёсий партия шу каби йўллар билан сайловчилар диққатини ўзига қаратишга ҳақли. Лекин энг долзарб масала — мамлакатни ривожлантириш бўйича ҳар бир партиянинг аниқ дастури бўлиши керак. Шундагина сайловчилар ишончини қозониш мумкин.

Сўнгги пайтларда ўтказилаётган сўровлар натижасига кўра, аксарият юртдошларимиз ҳамон қайси партияга овоз бериши ҳақида бир тўхтамга келмаган. Бунга сиёсий партиялар сайловолди дастурини тўлиқ якунига етказмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бошқа томондан, буни сиёсий партияларнинг шу кунгача бўлган фаолияти учун баҳо, деб ҳисобласа ҳам бўлади. Демак, «Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар» шиори остида ўтказиладиган сайловлар сиёсий партиялар учун ҳақиқий синов бўлади.

Партиялар ўз номзодларини сайловчиларга таништира бошлади. Қисқа муддатда сайловолди дастурларига сўнги нуқтани қўйиш ҳам белгилаб олинган. Умид қиламизки, шундан сўнг сиёсий партияларимиз маиший мавзуларда эмас, ғояга қарши ғоя билан кураша бошлайдилар. Бу эса мамлакатимизнинг истиқболдаги сиёсий, ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.


Сайловчилар кимга овоз бераётганини билиши керак

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ,

Марказий сайлов комиссияси аъзоси:

— Бугун юртдошларимизнинг сиёсий онги ўсиб, сиёсий жараёнга муносабат билдир­япти. Айни пайтда ҳоким ёки вазир билан депутатнинг вазифасини ажрата олмайдиган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Шу сабаб жамоатчилик орасида «сайлов ундай ўтади, бундай ўтади» деган турлича фикрлар бўляпти. Менимча, ҳеч қандай Нострадамусларнинг кераги йўқ.

Очиғи, сиёсий партияларни танқид қилиш тарафдори эмасман. Нимага? Келинг, партияларимизнинг уч-тўрт йил аввалги ҳолатини, олдинги сайловларни ёдга олайлик. Бугун улар кечаги партиялар эмас! Улар орасида ранг-баранглик пайдо бўлди. Ўзаро зиддиятларга боряпти. Муҳокамаларга киришяпти, бу эволюцион ўзгариш!

Қолаверса, ҳар бир округда 135 минг атрофида сайловчи борлигини ҳисобга олсак, номзодларга сайловчилар ишончини қозониши осон иш эмаслигини тушунган бўлардик. Лекин мана шу қисқа муддат ичида, аввало, ана шу ишончни қозониш керак ва уни оқлаш шарт. Бунинг учун барча сиёсий партияларда бирдек имконият бор. Бундай ишонч билан фикр билдиришга ҳақлимиз. Чунки бу йилги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Номзодларга саволлар беришга, керак бўлса, сайлов­олди дастурини таҳлил қилишга шай турган юртдошларимиз бор. Бугунги номзодлар ана шундай ҳолатларга тайёр бўлиб бориши керак.

Сайловчилар ҳам кимга ва қандай ғояси учун овоз бераётганини яхши билиши керак. Сайловчиларга йўлини таъмирлаш, газ таъминоти билан боғлиқ ишларни ваъда қилиб, адаштириш керак эмас. Депутат, бу — бутун мамлакатнинг тақдири учун муҳим бўлган қонунларни қабул қилишда масъул бўлган шахс. Агар қонунлар яхши бўлса, у Тошкент учун ҳам, Ёзёвон учун ҳам, Қоракўл учун ҳам яхши бўлади.

Қанийди, номзодларимиз жойлардаги корхона, давлат идоралари, шифохонаю мактабларда, керак бўлса, хонадонма-хонадон юриб, сайловчилар билан юзма-юз кўришиб мулоқотга киришса. Бизда илгари номзодлар ёпиқ залларда бир-иккита учрашув ўтказиш билан чеклангани ҳам рост. Лекин энди депутатликка номзод ўша худудга бориб яшаши керак. Бу «Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар» шиори остида ўтказиладиган сайловларнинг талаби.

Сайловчилар билан очиқ мулоқотлар номзодлар учун фақат фойда келтиради. Улар ўзи депутат бўладиган ҳудудлардаги муаммоларни ўрганади. Сайловдан муваффақиятли ўта олмаган тақдирда ҳам ана шунча инсонларнинг тақдир билан танишиш, уларнинг дардига қулоқ тутиш ҳар қандай киши учун катта ҳаётий мактаб бўлади. Бугунги депутат айнан шундай мактаб сабоғини олган бўлиши керак. 

Хулоса ўрнида

Бу йилги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши таъкидланяпти ва Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳақиқий баҳони сайловчилар бериши керак, деган шиор илгари сурилмоқда. Халқ баҳосини олиш учун эса қуруқ ҳисоботлар, баландпарвоз гаплар эмас, сайловчилар билан улар тушунадиган тилда мулоқотга киришиш ва муаммоларга қонун билан барҳам беришни таклиф этиш керак. Бунинг учун партиялар бир-бири билан маиший мавзуларда баҳслашишга сарфлаётган вақтини бугунги сайловчиларни қизиқтирадиган саволларга жавоб беришга сарфласа, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, сайловчиларни сиёсий партияларнинг нафақат келгуси иш режалари, балки ўтган муддатда бажарган ишлари ҳам қизиқтиради ва шунга қараб уларга баҳо беради.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

Манба: «Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар