Сўз эркинлиги: ҳуқуқми ё?..

101

Сўз эркинлиги ҳар бир нормал жамият учун сув ва ҳаводай зарур. Зеро, очиқ матбуот демократиянинг ажралмас қисмидир. Экспертларнинг фикрича, сўз эркинлиги халқчил давлат бошқарувига, кучли ва одил ҳукуматни шакллантиришга хизмат қилади. Ҳақиқатан ҳам, муаммолар ҳақида рўй-рост гапириш, уларни ҳал қилиш йўлида собит сиёсат юритиш самарасини биз ўтаётган кейинги уч йиллик ҳаётимиз мисолида кўрдик. Аксинча, яқин ўтмишимизда фикр тутқунлиги жамиятни таназзулга етаклаши мумкинлигини ҳам ҳис этдик. Шу маънода, журналист Карим Баҳриев «Сўз эркинлигини бўғадиган давлат ўз илдизига болта ураётган, ўзи ичадиган дарёни қуритаётган, амалдорларининг қаллоблик ботқоғига ботишининг олдини оладиган ва хавфдан огоҳ этадиган жарангдор қўнғироғини парчалаётган, ўз миясини эл-улусдан келаётган ҳикматлардан маҳрум этаётган, демакки, ўзини фикрсизлик, турғунлик ўпқонига – таназзулга судраётган бўлади» деганида мутлақо ҳақ эди.

Сўзламаётган одам ўйлашдан ҳам тўхтайди. Негаки, сўз тафаккур маҳсули. Дунёқараш қанчалик тор бўлса, нутқ ҳам, ижтимоий позиция ҳам шундай чучмал бўлади. Худди «тилла балиқча» (А. Орипов) янглиғ дунёни кўлмакдан иборат, деб ўйлайди киши. Бунга ҳаётий мисоллар кўп. «Биз ҳаммадан бахтлимиз, биздаги имкониятлар дунёнинг бошқа давлатида йўқ», деган фикрлар шууримизни шу қадар эгаллаб олдики, ўз ёлғонимизга ўзимиз қовурилиб, ўзимиз маҳлиё бўлиб юравердик муайян муддат.

Бугун демократия ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб бормоқда. Сўз эркинлиги жамият тараққиётини таъминловчи омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ривожи йўлида чуқур таҳлилга, мус­таҳкам асосга эга қатор илғор фикрлар илгари сурилмоқда. Бугун ижтимоий тармоқлар ҳам, матбуот ва телевидение ҳам эркин баён қилишга ҳаракат қилмоқда ва бунинг самараси сезилмоқда. Бироқ шу билан бирга, сўз эркинлигини қадрламаслик, уни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқдаки, бу янгиланаётган жамият юзидаги ҳуснбузар каби ортиқчалик касб этмоқда.

Бугун ахборотга ташналик ҳам, уни тарқатишга бўлган иштиёқ ҳам ҳар қачонгидан ошган. Бироқ … тақдим этилаётган хабар нечоғлик ҳаққоний? Кўп ҳолларда қабул қилаётган ахборотимизнинг рост-ёлғонлиги, унинг замирида қандай мақсад борлиги ҳақида ўйлаб кўрмасдан бошқаларга ҳам улаш­япмиз. Ва оқибатда кўпроқ ғийбатчига ўхшаб қоляпмиз. Таассуфки, кўпчилигимиз сўз эркинлиги деганда асосли-асоссиз турли фикрларни илгари суришни тушунмоқдамиз. Ўйламасдан сўзлаш, хаёлга нима келса, таҳлил қилиб ўтирмасдан тилга, тўғрироғи, ижтимоий тармоқларга кўчириш урфга айланди. Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, кўпчилик ҳолларда бугунги эркинлик жамиятда «шахсий манфаат» тегирмонига сув қуяётгандай. Шахсий ғараз, хусумат ва манфаат кўп ҳолларда устун келмоқда. Хусусан, «кимнингдир товуғи тухум қўймагани учун, кимнидир йўтал тутса ҳам давлат айбдор» қабилидаги фикрлар шакл­ланмоқда. Баъзи бировларга ҳеч нима хуш келмайди. Қуёш чиқса, офтоб уришидан нолийди, баҳор келса, аллергияси қўзийди, қишқи совуқда тумов бўлади. Бундай пессемист кимсалар барча жамиятларда бор. Бироқ ҳамма нарсадан кир қидириш ҳам инсофдан эмас-ку?! Дейл Карнегининг китобида ўқигандим: қамоқхонадаги икки махбус дераза тирқишларидан ташқарига боқаркан, улардан бири осмон тўла юлдузларни кўрса, иккинчиси рўпарадаги ахлатхонани. Мавлоно Румий эса буни янада чиройлироқ тасвирлайди: боғ хаёли боққа, дўкон хаёли дўконга олиб боради…

Ҳа, ҳар ким ўзи хоҳлаган, кўролган нарсани кўради ва шунга яраша насибасини олади…
Юқорида таъкидладик, сўз эркинлиги, бу — ҳуқуқ. Аммо бир нарсани ёдда тутиш керакки, ҳуқуқ бор жойда, албатта, бурч ва мажбурият ҳам бўлади.

Ижтимоий тармоқлар орқали ўзгаларни ҳақорат қилиш, бу — сўз эркинлиги эмас. Ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаб, ёлғон-яшиқ ахборотлар тарқатишнинг ҳам сўз эркинлигига мутлақо алоқаси йўқ.
Афсуски, бугун мана шундай ҳолатлар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Сўз айтишда холисликни унутиб қўйяпмиз. Адоватга берилиб, адолатдан йироқлашаяпмиз.
Сўз эркинлиги фикрни эркин ифодалаш ва айтилган гап учун жавоб беришдир. Фақат, раҳбарлар эмас, балки ҳар бир инсон ўз айтган сўзига жавоб бера олиши керак. Ҳар ким хаёлига келган гапларни айтаверса, нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Халқимиз бекорга «ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир» демайди.
ХХI аср нафақат ахборот асри, балки ахборот уруши асри ҳамдир. Буни эсдан чиқармаслигимиз керак. Сўз эркинлиги инсоннинг бошқа ҳуқуқларини поймол қилиши, ижтимоий тармоқлар орқали йўлланаётган турли чақириқлар этник урушларни келтириб чиқариши мумкин. Бугун ўз ахборотлари билан одамларни бошқаришга уринувчилар кўпаймоқда. Уларнинг қармоғига илинишдан эҳтиёт бўлайлик.
Эркин сўзимиз фақат эзгуликка хизмат қилсин!

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар