Тарих ва маданият кўзгуси

37

Қардош туркман халқи азал-азалдан ўзбеклар билан яқин бўлган. Юртимизга келин бўлиб тушган туркман қизлари, биродар юртда яшаётган ўзбек опа-сингиллар – қавм-у қариндошларимиз оз эмас. Демак, туркман халқининг маданияти, урф-одатигина эмас, бу юртда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ҳам халқимиз учун доимо муҳим ва аҳамиятли.

Кейинги пайтларда қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари янада юксалмоқда. Икки юрт ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби маданий-гуманитар йўналишдаги алоқалар ҳам бутунлай янги босқичга чиқди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Турк­манистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов асарларида маданият ҳамда санъатнинг халқлар ўртасидаги дўстлик ҳамда биродарлик алоқаларини ­мустаҳкамлашдаги аҳамиятига бағишланган тадбирда шу хусусда сўз юритилди.

Анжуманда Туркманис­тон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қаламига мансуб «Маданият – халқнинг бебаҳо жавоҳири», «Туркман маданияти», «Тинчлик мусиқаси, дўстлик ва биродарлик мусиқаси», «Бахши – халқ бахтининг даракчиси» китоблари мазмуни, уларда илгари сурилган ғоя хақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Туркман халқи илдизлари неча-неча асрларга бориб тақаладиган ўзининг бой маданияти, ­қадрият ва анъаналари билан ҳақли равишда фахрланади. Туркманис­тон Президентининг туркман, инглиз ва рус тилларида нашр қилинган «Маданият – халқнинг бебаҳо жавоҳири» китоби билан танишиш жараёнида туркман халқининг миллий маданиятини янада ривож­лантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Мазкур китобда муаллиф мустақиллик йилларида мамлакатда босиб ўтилган муваффақиятли тараққиёт йўлини чуқур таҳлил қилиш билан бирга, маданият ва санъат соҳалари ходимларининг олдига янги-янги вазифалар қўйган. Хусусан, маданият ва санъатни янада ривож­лантириш бўйича илгари сурилган ғоя ва ташаб­буслари ўзининг долзарблиги ҳамда кўламдорлиги билан ўқувчи эътиборини тортади.

Тадбирда машҳур турк­ман мусиқачиси Шукур бахшининг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи «Тинч­лик мусиқаси, дўстлик ва биродарлик мусиқаси», «Бахши – халқ бахтининг даракчиси», «Туркман маданияти» китоб­лари мазмуни ҳақида маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилиб, мазкур асарлар туркман халқи тарихи ва маданиятини юксак бадиий ва илмий-оммабоп усулда ёритиб берганлиги билан аҳамиятли эканини ­эътироф этишди.

Зебо НОМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар