Янги қонундан меҳнаткашларга қандай манфаатдорлик бор?

46

Касаба уюшмалари деганда кўз олдимизга ишловчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси масаласи келади. Чунки мазкур жамоат ташкилотининг фаолияти айни шу мақсадга қаратилган. Яъни у ходимларнинг вакиллик органи бўлиб, ишловчилар тарафидан туриб иш олиб боради. Шу маънода касаба уюшмаларининг ҳуқуқий имкониятлари кенгайиши меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини англатади.

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун маъқулланди ва уни Сенатга юбориш ҳақида қарор қабул қилинди. Хўш, янги қонун зарур ҳуқуқий босқичлардан ўтиб, ҳаётга татбиқ этилса касаба уюшмалари фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй беради? Меҳнаткашлар учун қандай манфаатдорлик келтириши мумкин?

Асосий янгиликлар нималардан иборат?

 — Парламент қуйи палатасида тасдиқланган янги қонунда касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солишнинг аниқ механизмлари кўрсатиб берилган, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими бошлиғи Ҳамидулла Пиримқулов. — Аҳамиятлиси, янги қонун билан касаба уюшмаларига ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишда жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ходимларнинг манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ҳал этишда қатнашиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш бўйича кенг ҳуқуқлар берилмоқда. Яна бир эътиборга молик жиҳати, қонун касаба уюшмалари фаолиятининг принциплари, касаба уюшмаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби, ҳуқуқларига риоя этилишининг кафолатлари, касаба уюшмалари фаолиятининг иқтисодий асослари, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тўғрисидаги янги боблар билан бойитилган.

Иш берувчи билан тенгма-тенг муносабатга қандай эришилади?

Конституциямизнинг 59-моддасида ходимларнинг касаба уюшмасига ихтиёрий аъзо бўлиш ҳуқуқи назарда тутилган. Соҳага оид амалдаги қонунда эса беш нафардан ортиқ ходим истаги билан улар ишлаётган корхонада бошланғич касаба уюшмаси тузилиши мумкин. Сир эмас, бугунги кунда хусусий тадбиркор қўл остида 2-3 нафар одам ёлланиб ишлаши ҳолатлари ҳам бор. Уларнинг ҳуқуқи нима бўлади? Шу жиҳатдан янги қонун ишловчиларнинг касаба уюшмасига бирлашишига кенг имконият яратади. Масалан, бир корхонада 2 киши ишлайди, бошқасида ҳам шунча одам меҳнат қилади. Улар ўзаро келишган ҳолда, биргаликда касаба уюшмаси ташкил этишлари мумкин. Ҳужжатга кўра, бошланғич ташкилот тузиш учун камида 3 нафар аъзо бўлса кифоя. Бу эса уларга меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари юзасидан иш берувчи олдига қонуний талабларни қўйиш имкониятини яратади.

Меҳнат инспекцияси маъмурий чора кўрадими?

Жиддий янгиликлардан яна бири — касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари тузилишидир. Аслида тўқсонинчи йиллар ўрталаригача жамоат ташкилоти қошида шундай тузилма бўлган. Улар энди янги кўринишда қайта тикланади. Меҳнат инспекциясига қандай ваколатлар бериляпти? Маълумки, касаба уюшмалари вакиллари тизим хизматига олинмаган, яъни бошланғич ташкилотлари бўлмаган корхоналарга кириб бориш ҳуқуқига эга эмас. Энди меҳнат инспекторлари хоҳлаган иш жойига кириб, у ерда меҳнатга оид, меҳнат муҳофазаси ёки касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчиликка қанчалик риоя қилинаётганини ўрганишади.

Тўғри, касаба уюшмаси меҳнат инспекциясида қонунчиликка риоя қилмаган раҳбарларга маъмурий чора кўриш, иш ўрни меҳнат муҳофазаси талабига жавоб бермаса, уни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи бўлмайди. Чунки касаба уюшмаси нодавлат жамоат бирлашмаси бўлиб, бундай ваколатга эга эмас. Лекин касаба уюшма меҳнат инспекцияси шундай ҳолатлар айбдорларига чора кўришни сўраб давлат меҳнат инспекциясига ёки прокуратурага мурожаат қилиши мумкин.

Меҳнат муҳофазаси вакили қанчалик зарур?

— Қонун иш жойларида меҳнат муҳофазаси жонланишига жиддий кўмак беради, — дейди Федерациянинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нодира Каримова. — Яъни ҳар бир корхона-ташкилотда ходимлар томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича вакил сайланади. У ишхонада ходим ҳаёти ва саломатлиги учун хавф солувчи ҳолатларни бартараф этиш бўйича иш олиб боради. Корхонада ходимларни бахтсиз ҳодисалардан ҳимоялаш комиссияларида бошланғич касаба уюшмасининг ҳам иштироки таъминланади. Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил мазкур комиссия таркибига киритилади.

Ижтимоий шериклик қайси асосларга суянади?

Касаба уюшмаларининг иш берувчилар, ижроия ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларининг самарали механизмлари, уларнинг ижтимоий шерикликда иштирок этиш шакллари қонунда аниқ белгиланган. Иш берувчиларга касаба уюшмалари учун шароитлар яратиш мажбуриятини юклаш, яъни кўмаклашиш, таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиш, иш жойларига тўсиқсиз кириш имконини бериш, керакли ҳужжатларни тақдим этиш каби нормалар киритилганки, буларнинг барчаси тизимнинг янада самарали ишлаши учун муҳим омил ҳисобланади.

Хуллас, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун ижтимоий меҳнат соҳасида касаба уюшмалари ҳуқуқ ва кафолатларини янада мустаҳкамлаш баробарида, меҳнат аҳлининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мукаммал акс эттириши, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда қулай шароит ва кафолатлар яратиши билан эътиборга молик.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Манба: “Маҳалла” газетаси

Бошқа хабарлар