Эҳтиром шодиёнаси

45

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек
тилига давлат тили мақоми берилганининг
30 йиллигига бағишланган тантанали
маросимдаги нутқини тинглаб…

Янги давр бошланиши

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш Халқаро Конгресс марказида ўтказилишини кўпчилик кутмаганди.
– Нима, «Тошкент-Сити»да қурилиш ишлари шу қадар қисқа муддатда тугалландими?
– Халқаро Конгресс маркази шунча издиҳомни сиғдира оладими?
– Тағин…

Шошманг, биродар, «тағин-мағин»га ўрин қолмади, барака топгур! 80 гектар майдоннинг 1 миллион 600 минг квадрат метрида ёппасига қурилиш ишларини олиб бориш бўёқчининг қил қаламда нил тортиши эмас. Сиз унинг битган, қад ростлаган, пардоздан чиққан биноларини бир кўринг, ҳайратдан оғзингиз очилмаса, мана мен кафил! Мана-ман деган мамлакатлардаги ҳашаматли саройларни кўриш насиб этган киши сифатида айтаман – меъморлик санъати, нафис дид, маҳобат борасида заррача кам жойимиз йўқ. Ана, не-не дунё кезган хорижлик сиё­сатдон дипломатик корпус вакиллари ҳам ҳайратларини яширишмаяпти, баҳри диллари очилганча кириб боришмоқда кошонага. Янгилик, кенглик, ёруғлик диллардаги кин-ғуборларни ҳайдаб солади, киши кайфиятини осмонлар сари кўтаради, деган ҳикматнамо гапнинг исботини кўриб тургандек эдим. Зеро, ёшидан, жинсидан, мавқеидан қатъи назар, анжуманга ошиқаётган – ташриф буюраётган қатнашчилар кўтаринки кайфият тимсолига айланган эдилар, назаримда. Давлатимиз раҳбари бу кайфиятни икки оғиз жумлада ифодалади: «Тошкент-Сити» маркази мамлакатимизда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошланганини кўрсатади.
Шояд! Бинокорлик соҳасидаги янги давр миллий маънавиятимиз пойдевори, ўзаги бўлмиш давлат тилига бўлган муносабатимиздаги янги даврни бошлаб берди, том маънодаги янги даврни!

Бамисоли минг йиллик чинор!

Президент ўзбек тилининг олис тарихига алоҳида урғу берди. Дарҳақиқат, ўзбек тили кеча пайдо бўлган эмас. Тилимиз тарихи халқимизнинг, давлатимизнинг олис тарихига туташиб кетган. Ота-боболаримиз ўз сўзини ўзбек тилида айтган. Дос­тонларимиз, эртакларимиз, мақомларимиз, лапарларимизгача ўзбек тилида куйланган, авлоддан-авлодга ўтган. Аждодларимиз қанчадан-қанча зафарли онларни бошидан кечирган бўлса, таассуфлар бўлғайким, қанчадан-қанча истилолар, азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар комига тортилган бўлса, она тилимиз уларнинг ҳеч биридан четда қолган эмас. Курашларга дош берган, сайқал топган, бойиб борган – нафақат сақланган, балки минг йиллик чинор янглиғ қадди-басти, кўрки, маъно-мазмуни, салоҳияти бирон дақиқа ривожланишдан, такомиллашишдан тўхтамаган – ЯШАГАН!

Илк қадам

Ўтган юз йиллик ер курраси аҳолиси, жумладан, ўзбек халқи учун фавқулодда воқеа-ҳодисаларга тўлиб-тошган аср сифатида тарих саҳифаларига битилди. Хусусан, асрнинг сўнгги 10 йиллиги ўнлаб давлатлар, миллионлаб инсонлар, тақдирлар, қисматлар учун рўшнолик воқеалари билан бошланди. Мустақилликнинг ҳаётбахш шамолларидан баҳрамандлик тарихий, сиёсий ва айниқса, миллий-маънавий маънодаги уйғонишни бош­лаб берди. Бу палла Ўзбекистонда ғоятда ўзгача кечди: давлат мустақиллиги эълон қилинишидан қарийб икки йил илгари она тилимизга давлат тили мақоми берилди!
Истаганча талқин этилишига изн берадиган воқеа бу! Она тилимизнинг яшовчанлигидан, тарих тўфонлари олдида ўзи-ўзлигини сақлай олиш қудратидан далолат эди бу воқеа! Шўролар салтанати айни жиловни маҳкам тутган, бирон-бир қардош миллий тилга рўшноликни раво кўрмаган мафкура тазйиқлари остида ўзбек тилимизнинг сиёсий мавқеи қарор топиши уникал воқеа эди! Бу борада, яъни 1989 йилнинг 21 октябрига қадар кечган машаққатли ва мардонавор кураш босқичларини эндиги авлод вакиллари учун рўй-рост ҳикоя қилиш мавриди келди. Зеро, она тилимизга давлат тили мақоми берилиши ўзбек тили, демакки, ўзбек халқи мустақил яшашга қодирлигидан далолат берувчи муборак ва қутлуғ илк қадам эди!

Истаганча талқин этилишига изн берадиган воқеа бу! Она тилимизнинг яшовчанлигидан, тарих тўфонлари олдида ўзи-ўзлигини сақлай олиш қудратидан далолат эди бу воқеа! Шўролар салтанати айни жиловни маҳкам тутган, бирон-бир қардош миллий тилга рўшноликни раво кўрмаган мафкура тазйиқлари остида ўзбек тилимизнинг сиёсий мавқеи қарор топиши уникал воқеа эди! Бу борада, яъни 1989 йилнинг 21 октябрига қадар кечган машаққатли ва мардонавор кураш босқичларини эндиги авлод вакиллари учун рўй-рост ҳикоя қилиш мавриди келди. Зеро, она тилимизга давлат тили мақоми берилиши ўзбек тили, демакки, ўзбек халқи мустақил яшашга қодирлигидан далолат берувчи муборак ва қутлуғ илк қадам эди!

Армон эмас, орзулардан сўйлайлик

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига роппа-роса 30 йил тўлди. Эҳ-ҳе-е, озмунча ишларни амалга ошириш мумкин эдими бу даврда?! Газетхонлар кечирсинлар-у, ҳаётда у ёки бу айбни ўзгалар зиммасига ағдаришдан осони йўқ. Ростини айтадиган бўлсак, мен нима қилдим, дея ўз-ўзимизни кўндаланг саволга тутадиган пайт келди. Янаям аниқроғи, армонлардан тегишли хулоса чиқариб, бугунги дориломон кунларда дўппини ерга олиб қўйиб, орзулардан тиниқ режалар тузиш, АМАЛИЙ ишларга киришиш даврони етди. Кейинги уч йиллик ниҳоятда қисқа фурсатда кўз ўнгимизда маънавият ва маърифат борасида юз бераётган воқеалар шуни кўрсатмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, атоқли адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг очилгани, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбекчалаштириш борасида янги поғоналар забт этилаётгани, хосиятан, она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузининг орта бораётгани далда берувчи, даъват этувчи, олға бошловчи кучга айланмоқда. Зеро, янги давр куч-ғайратларни янгича сафарбар этишни, миллий ғурур – миллий салоҳиятни янгича мақомларга кўтаришни тақозо этади.

Миллий ғурур тимсоли

Давлатимиз раҳбарининг тилидан: «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган сўзларни эшитиш ўзгача руҳ, ўзгача ғурур бахш этди тингловчиларга. Хусусан, она тилимизга бағиш­ланган тантанада, юксак минбардан туриб жаранглаган бу сўзлар моҳиятидаги ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий, ҳам миллий, ҳам тарихий, ҳам илмий, ҳам ахлоқий маъно-мазмунни ифодалаш жилд-жилд китобга жо бўлади. Президентимизнинг: «Мен бугун «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекдим» деган хушхабари анжуман руҳини авж пардаларга кўтарди! Олқиш­ларга сазовор бўлди. 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди!
Очиғи, бундай янгиликлар давлат раҳбари тилидан янграшининг аҳамияти, нуфузи, салмоғи миллий ғурур юксалишига қанчалар таъсир кўрсатишини тасаввур қилиб, энтикиб кетасан киши! Тил миллатимиз тақдири, қисмати, орзу-ҳаваси, шукуҳи, ор-номуси, нафсонияти, бугуни ва истиқболи, ахир!
Нутқда тилга олинган қуйидаги биргина рақамга эътибор берайлик: «Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди».
Нуфуси миллиардлардан ошиб кетган мамлакатларни биламиз, тили миллиардлаб мулоқотлар воситасига айланганлар ҳам маълум. Лекин барибир «50 миллион» ҳам кичик рақам эмас. Бу рақам тинимсиз ортиб боришига шак-шубҳа йўқ. Лекин гапнинг муҳими бошқа ёқда: биз 50 миллионлик миллатмиз! Тилимиз 50 миллион инсоннинг бошини қовуштириб турибди, дилини дилига пайванд этмоқда, ғурурига ғурур қўшмоқда! Ана шу ғурур олови, алангаси бу ёруғ очунда ҳеч кимдан кам эмаслигимиз, юзимиз ёруғлиги, қаддимиз сарафрозлиги тимсоли эканлигини ҳар бир ўзбек билиб қўймоғи, англаб етмоғи шарт!

Тилнинг бегонаси йўқ

Ўз она тилини мукаммал билиш, унинг қадр-қимматини жойига қўйишнинг ҳикмати кўп. Чунончи, она тилига ҳурмат бажо айлаш ўзга тилларни эгаллаш сари йўл очади. Юксак интеллектуал ва жаҳонгашталик чўққисига чиққан ҳозирги замон кишиси учун тилнинг бегонаси йўқ.
Ҳозирда ўзбекнинг оёғи етмаган манзил-маскан қолмади ҳисоб ер юзида. Бинобарин, ажнабий тилларни ўрганиш, ўша тилларда мақсад-маслагини изҳор эта олиш жуда-жуда оддий ва табиий ҳол бўлиб қолди. Президент мазкур масалага алоҳида эътибор қаратди. Буюк аллома аждодларимиз ўнлаб тилларни пухта билганликларига урғу берди. Бу азалий хайрли анъана мамлакатимизда юқори замонавий мавқега эга бўла бораётгани янада қувонарли ҳолдир. Ўрта мактаб ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, ёш-ёш мутахассислар исталган тилда нафақат оддий-маиший мавзуда, балки турфа ихтисосликлар юзасидан эмин-эркин мулоқот қила олаётганликлари кўрган кўзни қувонтирмоқда. Бошқача айтганда, ўзбек тилини астойдил ўрганаётган хорижлик Ўзбекистон дўстлари нечоғли кўпайса, дунё билан дўстлашаётган ўзбек ватандошларимиз сафи ҳам шунчалар ортиб бориши муқаррар.
Ҳа, ўзбекона бағрикенглик жаҳонга юз тутиш, тил ўрганиш борасида ҳам қўл келмоқда.

Интернет ва тил

Ҳар қандай миллий тил тиллараро мулоқот муҳитида яшайди. Бундай «яшаш» тарзи натижаси ўлароқ миллий тиллар ўзга тиллар, атамалар, тушунчалар ҳисобига бойийди. Глобаллашув ва шиддатли ахборот оқими ҳар куни, ҳар соатда ўнлаб янгидан-янги сўзларни ўзлаштиришни тақозо этмоқда. Дунё мулоқот майдони интернет саҳифаларига кўчгани эндиликда ҳеч кимга сир эмас. Бу борада рақобат авж олгани ҳам барчага аён ҳақиқат. Галдаги вазифа бепоён интернет оламини забт этиш. Афсус, интернет саҳифаларини ўзбек тилидаги маълумотлар билан бойитиш, шу орқали Ўзбекис­тонни, ўзбек тилини, ўзбекона тафаккур, ақл-идрок салоҳиятини тарғиб этиш борасида олдимизда турган вазифалар тоғ-тоғ бўлиб турибди. Нутқда айтилганидек, ўзбек тилининг компьютер ­дастурлари, онлайн дарсликлар, электрон луғатлар қанча кўпайса, шунча оз. Замоннинг талаби бу, Президентнинг чақириғи, даъвати бу!

Ёзувлар – саводхонлик кўзгуси

Ёзувсиз кўча йўқ, атамасиз бино-иншоот йўқ. Кўзга ташланадиган ёзувларнинг гўзаллиги, бежиримлиги – эстетикаси алоҳида мавзу. Уларнинг қайси тилда, алифбода ёзилгани, имловий тўғрилиги, очиғи, ташвишли аҳволда эканлигини мамлакат раҳбари афсус билан тилга олди. Топономик номлар, белгилар, ҳатто, хусусий идора, ташкилот, муассасалар, марказлар пештоқидаги ёзувлар шунчаки ёзув эмаслигини англаб етиш миллий ғурур, сиёсий ва маънавий ҳушёрликни, оддий саводхонликни талаб этади. Ҳамонки, ҳар бир ёзув аҳоли ва кенг омма эътибори учун мўлжалланар экан, бу хусусий-ихтиёрий мазмундаги «Бўзчи билганини тўқийди» қабилидаги иш эмас, балки ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамиятга молик вазифа, бурч, мажбурият. «Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради». Шу маънода Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма ташкил этилгани, Атамалар комиссиясини тузиш масаласи назарда тутилгани айни муддао бўлди.

Даъват, шиор

Тарихий нутқ пировардида айтилган қуйидаги сўзлар ватандошларимиз – кексаю ёш, аёл-у эркак ҳаётида, ҳар бир оила, ҳар бир жамоанинг кундалик турмушида бот-бот, такрор ва такрор тилга олинмоғи, даъваткор шиор мақомига эга бўлмоғи зарур:
– Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантирмоғимиз лозим.

…Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг нутқи янграган анжуман давлат тили – Она тилимизга эҳтиром шодиёнасига айланди. Эҳтирослар янгитдан кўз очди, умид учқунлари янгиланди, янги-янги режалар, вазифалар белгиланди. Оқиллик, одиллик ва эзгу ниятлар ила бошланажак амаллар хайрли натижалар сари етаклашига имон келтирилди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси,
филология фанлари доктори

Бошқа хабарлар