Ишонч оқланди(ми?)

28

2017 йилнинг 28 декабрида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган Тармоқ келишуви имзоланди.

Унга асосан Қашқадарё вилоятида ҳам ички ишлар органлари ходимлари ҳамда ишчи-хизматчиларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тизимда бошланғич касаба уюшма қўмиталари тузилди. Бошланғич ташкилотларнинг салоҳиятини юксалтириш, фаолиятини мус­таҳкамлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Ички ишлар ходимлари Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳам ташкил этилди.
Ўтган вақт мобайнида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, фарзандларига дам олиши ва даволаниши учун имтиёзли йўлланмалар ажратилди. Тоғли ҳудудда жойлашган 25 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи, 4 та даволаш муассасаси ва яна бир қанча дам олиш масканида ички ишлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари соғлигини мустаҳкамлашди.
Кам таъминланган, эҳтиёжманд ходимларга моддий ёрдам бериш, узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган фахрийларга, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларига ғамхўрлик кўрсатиш ҳам касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим йўналишларига киради.
– Тизимда 300 нафар хотин-қиз фаолият юритади, – дейди давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши раиси Муножот Норова. – Ҳар йили Хотин-қизлар байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади ва уларга эсдалик совғалари тақдим этилади.
Ҳар икки йилда бир марта «Энг фаол ёш ички ишлар ходими» кўрик-танловини ўтказиш йўлга қўйилди.
2018 йилда вилоят бўйича ички ишлар ходимларига 33 та йўлланма ажратилди. Шунинг­дек, 29 нафар ходимнинг яқин қариндошлари ҳам соғлигини тиклаш имкониятига эга бўлди. Жорий йилнинг тўққиз ойида 21 нафар ходим ота-онаси учун санаторийга йўлланма олгани эса ғамхўрликнинг ўзига хос кўриниши сифатида баҳоланди.
– Отам умрида бирон марта сиҳатгоҳда дам олмаган эди. Касаба уюшмалари кўмаги билан «Чинобод» санаторийсида ҳордиқ чиқарди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Элёр Норманов. – биз ҳам бундан ниҳоятда хурсандмиз.
Шуни алоҳида эътироф этиш ўринлики, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­сининг қўшма қарорига асосан, хизмат чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларга ҳам санаторийларга бепул йўлланмалар ажратиш белгиланган.
Ички ишлар ходимларининг касаба уюшмаларига бўлган ишончи кундан-кунга ортиб бораётир.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар