Келажагимизни ўзимиз қурамиз

44

«Урганчтрансгаз» унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси маъмурият ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида «Ёшлар – келажак бунёдкори» шиори остида қатор тадбирлар ташкил қилинди.
– Биз ушбу кун ёшлар қалбида бир умр муҳрланиб қолишини ва уларга иштиёқ ва куч-ғайрат бағишлашини ният қилдик, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Равшан Эшчанов.

Ўтмишга назар

Унитар корхона тарихи, тараққиёт босқичлари, бу ердаги узоқ йиллик фаолияти билан соҳа ривожига баракали улуш қўшган инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи музей ташкил қилинган. Бунга маъмурият ва касаба уюшмаси бош бўлди. Тасарруфдаги барча корхоналар уни экспонатлар билан бойитишга ҳисса қўшишди. Магист­рал қувурлар лойиҳалари, фотосуратлар, корхона ривожини кафолатлаган буйруқ ва қарорлар, корхонада ишлатилган алоқа воситалари ва бошқа қатор буюмлар, кўргазма воситалари музейдан жой олди. Экспонатлар сони мингдан зиёд.
Музейдан ўрин олган маълумотларга кўра, 1963 йилнинг 28 мартида «Главгаз»нинг 92-сонли буйруғига асосан «Бухоро-Урал» магистраль газ қувурлари қурилиш дирекция­­си Урганч бўлими ташкил қилинган. Корхона ўтган йиллар давомида турли номлар билан аталган. Бироқ, унинг зиммасидаги вазифа ўзгармаган. Ҳозирда «Урганчтрансгаз» унитар корхонаси Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчиларига табиий газни етказиб бериш ҳамда давлатлараро шартномаларга асосан «Газли-Нукус», «Бухоро-Урал», «Ўрта Осиё-Марказ» ва «Хива-Бейнеу» магистрал газ қувурлари орқали табиий газ транспортировкаси, жумладан, Ўзбекистон газининг МДҲ мамлакатларига экспорти, ­Тур­к­­­манистон ва Қозоғистон гази транзитини амалга ошириб келмоқда.

Устозлар ибрати

Тадбир узоқ йиллар корхонага раҳбарлик қилган меҳнат фахрийси Зуфар Ботиров ва корхона ўқув-соғломлаштириш маркази директори Баҳром Авезов билан самимий суҳбатдан бошланди. Зуфар Ботиров ҳар бир ёш мутахассис корхона ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиш учун ҳаракат қилиши лозимлиги, тор соҳага доир билимлар билангина чекланиб қолмай, адабиётга ошно тутиниб, тарихни чуқур ўрганиши зарурлигини таъкидлади. Баҳром Авезов эса ўқув марказида ёш кадрлар салоҳиятини ошириш учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берди.

Очиқ мулоқот, ошкора таҳлил

Корхона раҳбари ва ёшларнинг очиқ мулоқоти тадбирларнинг авж нуқтаси бўлди.
– Бу ерда раҳбар йўқ, мен сизнинг сафдошингизман, – деди корхона раҳбари Аминбой Аминов. – Мана шу ёндашув асосида фикр ва таклифларингизни билдиришларингиз мумкин.
Мулоқотга корхона фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан таклифлар билан келган ёшлар ўртасида жонланиш кўзга ташланди.
– Устюрт текислигида газ қуйиш шохобчаси ташкил қилиниб, корхона машиналари ҳам метандан фойдаланиш жорий этилса, маблағ иқтисод қилинади, бошқа машиналарга хизмат кўрсатиш эса қўшимча даромад олиб келади, – деди Қўнғирот магистраль газ қувурлари бўлими ходими Умарбек Ҳайитметов.
Мулоқот давомида ёш мутахассислар ўртасида турли танловлар уюштириш, ўрта махсус маълумотли ёшларнинг олий маълумот олиш­ларига шароитлар яратиш, соғлом рақобат муҳитини ­шакллантириш, соҳага доир адабиётларнинг электрон базасини яратиш, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш ва бошқа масалаларда ўнлаб таклифлар берилди.
Тадбирдан сўнг ёшлар Урганчдаги ёшлар марказида бўлишди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши, вилоят прокуратураси, маънавият ва тарғибот маркази вакиллари билан учрашув ташкил қилиниб, долзарб мавзуларда мулоқотлар олиб борилди.
Ёшлар иттифоқи ижодий ҳаваскор жамоаси томонидан ташкил қилинган театрлаштирилган томошалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар