Нарх-навонинг бунчалик тез ўзгараётгани нимага боғлиқ?

22

Сўнгги пайтларда нарх-навонинг ўзгариши мисли кўрилмаган воқеликка айланмай қолди. Боиси жамоат транспорти чипталари нархи 1400 сўм бўлганига ўрганмасимиздан бурун нон нархи ошди. Машина олиш учун пул жамғараётганлар эса мўлжални қандай олишни билмай ҳалак. Нарх-наво тез-тез ўзгариб тургандан кейин шу-да: режали қилинган иш ҳам якунда ўхшамай қолади.  Хўш, авваллари вақти-вақти билан, йилда бир, кўпи билан икки марта амалга ошириладиган нарх-наводаги ўзгаришлар суръати бугун нега тезлашди?


Бизда «инвестиция чанқоқлиги» деган тушунча пайдо бўлди

Мамаризо НУРМУРОТОВ,

Марказий банк раиси:

— Ҳақиқатан ҳам, охирги икки йилда бизда инфляция даражаси маълум бир даражада бошқа давлатларга нисбатан юқори бўлди. Бу нима билан изоҳланади? Энг аввало, бошқа давлатлар 30 йил олдин қилинган бозор тамойилларига ўтишни биз ҳақиқий ҳаётда охирги 3 йилда амалга оширдик. Яъни нархларни эркинлаштирдик. Биз шу пайтгача бошқариладиган нархларни ҳақиқий бозор ҳолатидан келиб чиқиб эмас, аксинча хўжалик юритувчи субъектларга зарари бўлса-да, нархни паст даражада ушлаб турдик. Лекин буни бозор кўтармайди. Шунинг учун биринчи қилаётган ишимиз — бошқариладиган нархларни эркинлаштириш орқали келгуси фаолият учун заминни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Иккинчи сабаби, бу ҳам объектив сабаб, бизда «инвестиция чанқоқлиги» деган тушунча пайдо бўлди. Айни пайтда ҳудудларда инвестицион фаолликни оширишга эътибор қаратилмоқда. Албатта, бу қўшимча маблағ ва ресурсни иқтисодиётга чиқаришни тақозо этди. Банк кредитлари ҳам, инвестицион кредитлар ҳам давлат ресурсларини чиқариш орқали амалга оширилди. Бу ўз-ўзидан иқтисодиётдаги пул миқдорининг кўпайишига олиб келди. Натижада инфляция сақланиб қолди.

Учинчи сабаби, бу — валюта бозорини эркинлаштиришдир. Ҳамма давлатлар валютасини эркин айирбошлашни ташкил қилганда инфляция бир неча баробар ошиб кетган. Бизда ­вал­юта сиёсатини эркинлаштириш қарийб 9 ой тайёргарлик кўриш орқали амалга оширилди. Шунинг учун инфляция 2-3 баробар ошиб кетмади. Агар эътибор берадиган бўлсак, валюта курсимиз қарийб 2 баробар ошди. Бу ўз-ўзидан нархларнинг ҳам 2 баробар ошишига асос бўлиши мумкин эди. Йўқ, олиб борилган иқтисодий, пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати нархларнинг ҳаддан зиёд ошиб кетишининг олдини олди.

Энди масаланинг моҳиятига назар солсак, юқори даражадаги инфляция иқтисодиётга ҳам, аҳолига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, биз 2020 йилдан бошлаб бу борада Марказий банкка бевосита боғлиқ бўлган ҳамда инфляцияни жиловлаш учун Ҳукуматга боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиққанмиз. Дастур асосида мўлжалланган тадбирларимиз амалга ошадиган бўлса, 2021 йилдан бошлаб бир рақамли инфляцияга тушиш ва 2023 йилдан бошлаб инфляцияни таргетлаш механизми асосида 5-6 фоизлик инфляцияга эришиш мўлжалланган.

Тўғри, ҳар қандай иқтисодий ўсишлар маълум босқичларни босиб ўтиш орқали амалга оширилади. Аммо уларнинг амалда ўзини нечоғли оқлашини вақт кўрсатади, натижалар исботлайди.


Бозор нархини талаб ва таклиф бошқаради

Меҳмонали АЛИҚУЛОВ,

Тошкент молия институти ўқитувчиси:

— Ўзбекистонда нарх-навонинг тез-тез ўзгариши бир нечта омилларга боғлиқ. Улардан биринчиси, инфляция даражасини юқори эканлиги, иккинчиси, экспорт ва импорт ҳажмининг мутаносиб эмаслиги, учинчиси, бу товарларга нисбатан талаб ва таклифни кескин ўзгаришидир. Аслида бозордаги нарх-навони 4 унсур: талаб, таклиф, нарх ва рақобат бошқаради. Шу пайтгача бозорларимизда аҳолининг қуйи қатламини ҳимоя  қилиш мақсадида кўпчилик товарларга демпинг, яъни пасайтирилган нархлар қўлланиларди. Эндиликда эркинлаштирилган нархлар жорий қилинмоқда. Нарх-навонинг тез-тез ўзгараётгани айни шу жараёнга ҳам боғлиқ.

Биргина мисол: авваллари бир дона нон 600 сўмдан сотилар эди. Ваҳоланки, уни ишлаб чиқариш ундан қимматга тушарди. Эркинлаштирилган нархлар тизимида ишлаб чиқарувчилар барча харажатларни инобатга олган ҳолда, маҳсулоти нархини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Тўғри, аввал ҳам ишлаб чиқарувчи ўз товари нархини белгилаган. Аммо кундалик истеъмолдаги зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари учун пасайтирилган нарх амал қиларди. Эркинлаштирилган нарх тизимига ўтилиши шунинг учун кўпчиликда нарх-наво тез-тез ўзгаряпти, деган тасаввурни уйғотмоқда. Қолаверса, бизда маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган технологиялар ҳам нисбатан эски, яъни самарадорлиги юқори эмас. Бу кўп харажат талаб қилади, натижада товарларнинг  нархи ҳам ошади. Агар тадбиркорларимиз ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тизимларига янгича ёндашув, замонавий техника ва технологияларни, замонавий бошқарув услубларини жорий этиб соғлом рақобат муҳитини шакллантирмас экан, маҳсулот ва хизматлар нархлари тез-тез ошиб ёки тушиб туриши кузатилаверади.

Демак, хулоса қилишга ҳали шошмаслик керак. Боиси иқтисодиётимизда эркинлаштирилган нарх тизими эндигина жорий қилинди. Агар у ўзини тўла оқласа, ишлаб чиқарувчилар ҳам истеъмолчилар билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Ахир, талаб юқори бўлган жойда маҳсулот тури ҳам кўпаяди. Ўзаро рақобатда эса сифатли ва ҳамёнбоп товарларгина «яшаб» қолади. Шу тариқа маҳсулот таннархидаги ўзгаришлар ҳам жуда юқори бўлмаслиги таъминланади.

Сирасини айтганда, эркинлаштирилган нархлар тизими нарх-наво ўзгариб туришига сабаб бўлса-да, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳити бошланишига ҳам имкон яратади.

Садоқат МАХСУМОВА

Манба: «Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар