Ўрганишга молик асарлар

42

Мустақилликнинг дастлабки йиллари тетапоя бўлаётган барча давлатлар учун осон кечмади. Ғалла – дон мустақиллигига эришиш, саноатни ривожлантириш, ёшларни иш ўринлари билан таъминлаш, таназзулга учраган завод ва фабрикаларни «ушлаб» қолиш каби қатор муаммолар Ҳамдўстлик мамлакатлари учун ўзига хос синов бўлди. Жумладан, ён қўшнимиз – қардош ва биродар туркман халқи ҳам ўзининг биринчи раҳбари бошчилигида ушбу синовларни бирин-кетин енгиб ўтишига тўғри келди.

Бугунги кунда изчил ислоҳотлар олиб бораётган раҳбар – Гурбангули Бердимуҳамедовнинг оқилона сиёсати туфайли мамлакат иқтисодиётида барқарор ўсиш ва фаровонликка эришиляпти.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «Туркманистон – фаровонлик ва тараққиёт мамлакати», «Аркадағнинг бахтиёрлик замони», «Туркманистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида», «Туркманистон қудрат ва саодат даврида» каби асарлари тақдимотига бағишлаб ўтказилган конференцияда бу ҳақда батафсил сўз юритилди.
– Ўтган йиллар мобайнида Туркманистон иқтисодиётни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, жумладан, саноат инфратузилмаси, нефт-газ соҳалари, электроэнергия, қурилиш, тўқимачилик, йўл-транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш каби жабҳаларда салмоқли ютуқларга эришди. Муаллифнинг асарларида ҳам унинг кенг мушоҳадали таҳлилчи, нуктадон сиёсатчи – давлат етакчиси эканлиги кўриниб турибди, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори Қаландар Абдураҳмонов.
Дарҳақиқат, 2016 йилларда дунёда кузатилган иқтисодий инқироз даврида айрим ривожланган давлатларда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2-3 фоизни ташкил этган бир пайтда Туркманистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан пасаймай келмоқда. Мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қулай шароит яратилиб, барча жабҳаларни технологиялаштириш жараёни кетмоқда. «Давлат – инсон учун» шиори остида аёлларни иш билан таъминлаш, мактабгача таълимни ривожлантириш, олий ва ўрта таълим соҳасидаги педагоглар учун қулай шароит яратиш каби масалаларга катта эътибор қаратилмоқда.

Гурбангули Бердимуҳамедов ўз асарларида туркман халқининг тарихи ва маданияти ўзига хослигини қайд этиш билан бирга, аҳолининг фаровон турмуш даражасини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни чуқур ва атрофлича илмий таҳлил қилган. Дарвоқе, муаллифнинг шу пайтгача чоп этилган асарлари 35 тага етди.
Тақдимотда таниқли иқтисодчи олимлар, молия соҳасининг етук мутахассислари ҳамда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари иштирок этишди. Конференцияда маърузачилар ҳар бир асар ва унинг мазмунига алоҳида тўхталиб, иқтисодиёт йўналишида таълим олаётган талабалар, тадқиқотчилар ва мутахассисларга атрофлича ўрганишни тавсия қилишди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар