Самарқандда илк бор халқаро марафон ўтказилди

38

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида Samarkand Half Marathon – халқаро хайрия марафони ўтказилди.

Дунёнинг 23 давлатидан келган 1100 нафардан ортиқ спортчи ва ҳавас­кор Ислом Каримов кўчасидан 10; 21,1; 2 километр масофаларда марафонга киришди.
Марафончилар Самарқанд шаҳри кўчалари бўйлаб, жумладан, Регистон ­мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Ҳазрати Хизр масжиди, Хўжа Дониёр ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Бибихоним масжиди сингари тарихий обидалар олдидан белгиланган масофани босиб ўтди. Уларни шаҳар аҳолиси, меҳмонлар олқишлаб турди.
10 километрлик масофага биринчи бўлиб қозоғистонлик Дмитрий Иванчуков етиб келди. Иккинчи ўрин ҳамюртимиз Евгений Фадеевга, учинчи ўрин эса қозоғис­тонлик яна бир спортчи Михаил Красиловга насиб этди.
10 километрлик масофада хотин-қизлар ўртасида ҳам қозоғистонлик спортчи Татьяна Нерознак ғолиб бўлди. Ўзбекис­тонлик Зарнигор Худойбердиева маррага иккинчи, Марина Хмелевская эса учинчи бўлиб етиб келди.
21,1 километрга югурган марафончилар орасида ҳамюртимиз, сурхондарёлик Шоҳрух Давлатов биринчи бўлди. У ушбу масофани 73 дақиқада босиб ўтди.
Кейинги ўринлар ҳам мамлакатимиз вакиллари – Андрей Петров ва Бегзод Сафаровга насиб этди.
Хотин-қизлар орасида ҳам ушбу масофада мамлакатимиз вакиллари тенгсиз эканлигини исботлади. Наманганлик Нурхон Муҳиддинова марра чизиғини биринчи босиб ўтган бўлса, Екатерина Тунгускова иккинчи, Тамила Кочкарова учинчи бўлди.
2 километр масофада марафон қатнаш­чилари сони кўп бўлди. Спортчилар билан бирга ҳаваскорлар кўпчиликни ташкил этди. Ушбу масофада марра чизиғини фарғоналик Хуршид Аҳмадалиев биринчи бўлиб босиб ўтди. Хотин-қизлар ўртасида Самарқанд давлат университети талабаси Маржона Баротова биринчи бўлди.
Марафон ғолиблари ташкилотчиларнинг пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, фаол иштирокчилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар