Импорт маҳсулотларига бож ставкалари оширилди…(ми?)

38
airliner with a globe and autoloader with boxes in a container

Хабарингиз бор, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан жорий йилнинг 1 октябридан қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Жорий йилнинг 2 октябрида эса давлатимиз раҳбарининг соҳага оид яна бир қарори қабул қилинди.

Шу бўлдию, «Январдан импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи кўтарилар экан», «Чет элдан олиб келинадиган шоколадлар икки баробар қиммат нархда сотилар экан» каби миш-мишлар болалади. Ўзи нима гап? Янги қарор билан нималар ўзгарди? Бу иқтисодиётимизга нечоғли салбий ёки ижобий таъсир кўрсатади? Бу каби саволларга мутасадди ташкилотлар масъулларидан жавоб олдик.

Бож ставкалари қайси маҳсулотлар учун камайтирилади?

Бадриддин АБИДОВ,

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари:

— Жаҳон тажрибасида божхона тарифининг паст даражада бўлиши давлат ички иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши кузатилган. Бу жараён мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ташқи савдода салбий салдоларнинг ортиб кетиши, тайёр маҳсулотлар деярли ишлаб чиқарилмаслиги, янги лойиҳаларнинг амалга оширилмаслигига сабаб бўлади. Натижада меҳнат бозорида кадрларга бўлган талаб сўнади. Малакали мутахассислар эса четга чиқиб кетади. Пировардида давлат даромадлари ўз-ўзидан камаяди.

Юртимизда жорий этилаётган янги бож тарифи эса шу каби ҳолатларнинг олдини олишда асқатади. Айни пайтда амал қилаётган ставкаларнинг ўртача арифметик қиймати 5,6 фоизни ташкил қилади. Янги ставкалар қиймати ҳам аксарият давлатларникидан паст. Масалан, Хитойда ўртача арифметик ставка 9,8, Туркияда 10,9, Кореяда 13,7, Европа Иттифоқида 8,1, Ҳиндистонда 13,8 фоизни ташкил қилади. Буни аниқ маҳсулотлар мисолида таҳлил этиб кўрамиз. Кореяда мева-сабзавот маҳсулотлари импорти учун 45, мош учун 67,5 фоиз божхона божи ундирилади. Туркияда бўлса, ун маҳсулотлари учун 80, мева-сабзавотлар учун 55 фоизгача бож ставкаси мавжуд.

Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич ниҳоятда паст. Янги қабул қилинган божхона тарифида ўртача арифметик ставка 8 фоизни ташкил қилади. Бунда 39,4 фоиз маҳсулот турларига 0 фоизлик ставка жорий қилинади.

2020 йилдан сут, маргарин, консерваланган гўшт маҳсулотлари импорти учун бож ставкаси 20 фоизгача оширилади. Республикамизда 500 дан зиёд сутни, 400 га яқин гўштни қайта ишловчи ва 30 дан зиёд маргарин ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Бироқ мазкур қувватлардан унумли фойдаланилмаяпти. Озуқа шакари учун ҳам 20 фоизгача божлар оширилмоқда. Боиси ўзимизда йилига 700 минг тоннадан зиёд шакар ишлаб чиқариш қувватига эга 2 та йирик корхона бор. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё маҳсулотларига нисбатан бож ставкаларини пасайтириш назарда тутилган. Ривожланган иқтисодиётга эга давлатлар бу йўл орқали ташқи савдода ўз ўрнига эга бўлади, қолаверса, ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлайди.

ҚҚС туширилди. Нима ўзгарди?

Муталибжон САЛИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари:

— 2019 йилнинг ўтган даврида умумий импорт ҳажми 16,2 млрд. АҚШ долларини, шундан МДҲ мамлакатларидан импорт ҳажми 5,3 млрд. долларни ташкил этди. Божхона тўловларига тортиладиган умумий импорт 4,3 млрд. долларни ташкил этиб, шундан МДҲ мамлакатлари ҳиссасига 2,0 млрд. доллар (46,3 фоиз) тўғри келади. Эътиборлиси шундаки, МДҲ мамлакатларида ишлаб чиқарилган товарларни импорт қилишда бож ундирилмайди. Бу эса, ўз навбатида, ҚҚС ставкаси пасайтирилгани хисобига товарлар нархларининг ўртача 5 фоизга тушишига олиб келади.

Божхона ставкаларига киритилаётган ўзгаришларни баъзи маҳсулотлар мисолида таҳлил этайлик. Ҳозирда кунгабоқар ёғи учун имборт божи қўлланилмайди. 2020 йил 1 январдан божхона тарифи 5 фоизни ташкил қилади. 2019 йил январь-сентябрь ойларида умумий кунгабоқар ёғи импорти 114,9 млн. долларни ташкил этган. Унинг 99,9 фоизи МДҲ мамлакатларидан олиб келинган. ҚҚС ставкасининг пасайиши эвазига бу турдаги маҳсулот таннархи келгуси йилдан 5 фоизга арзонлашади. Ун, болалар тагликлари савдосида ҳам худди шундай вазият кузатилади.

МДҲ давлатларидан бошқа мамлакатлардан импорт қилинадиган автомобиль шиналари ва обойлар нархи эса 6, темир листлар 0,75, мотор мойлари 0,25 фоизга ошиши мумкин. ҚҚСнинг 20 дан 15 фоизга туширилгани тадбиркорлар учун қулайлик яратади. Биргина жорий йилнинг 25 октябригача амалга татбиқ этилган тизим натижасида тадбиркорларимиз 3,7 млрд. сўмдан зиёд маблағни иқтисод қилишди.

Қайси маҳсулотларнинг импорт ҳажми ортди?

Ғофуржон УСМОНОВ,

Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи:

— Ҳар қандай давлат, аввало, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга эътибор қаратиши жоиз. Биз бож ставкалари бўйича 8 та давлат тажрибасини ўргандик. Ўзбекистонда сут маҳсулотлари бўйича ўртача бож ставкаси 9 фоизни ташкил этмоқда. Бунда 0 фоизлик ставка 33 фоиз товарларга нисбатан қўлланилади. Максимал ставка эса 20 фоизга етади. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар орасидан бизга энг яқин ставка Мисрда кузатилди. Бу мамлакатда 0 фоизлик ставка 26 фоиз товарларга нисбатан қўлланиляпти. Айни шу маҳсулотга Ҳиндистонда 60, Кореяда 176, Туркияда 180 фоиз ставкалар жорий қилинган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, юртимизда жорий йил импорт ҳажми ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кўтарилган. 2020 йилдан амалга киритилаётган 20 фоизлик бож ставкаларини товарларга татбиқ этишда шу ўрганишлар натижасига таянилди. Масалан, 0402 шифр рақамига эга сут ва қаймоқ маҳсулотлари импорти 2018 йилнинг 9 ойи давомида 2 324,7 млн., жорий йилда эса 4 558,6 млн. АҚШ долларига етган. Трикотаж матолари, ун ва дон, маргарин маҳсулотларида ҳам импорт ҳажми ошган. Жаҳон амалиётида бож ставкалари классификациясига кўра, 0 фоизлик эркин, 10 фоизгача ташқи савдо учун очиқ, 20 фоизгача ўртача, 25 фоиздан юқориси чекловчи, 40 фоиздан юқори ман этувчи ставкалар ҳисобланади. Ўзбекистонда жорий қилинаётган бож ставкаларини бу мезонлар бўйича кўриб чиқсак, очиқ ва ўртача даража татбиқ этилаётгани ойдинлашади.

Чеклов сифатга таъсир кўрсатадими?

Рустам АҲМЕДОВ, тадбиркор:

— Талаб ҳамиша таклифни келтириб чиқаради, сифат эса истеъмолчининг қаноатлантирилгани ҳисобланади. Сифат қандайдир стандартлар билан белгиланмайди. Ўзим анчадан буён ишлаб чиқаруви сифатида фаолият юритаман. Очиқ айтиш керак, авваллари биз ишлаб чиқарган маҳсулотлар нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобатбардош эмасди. Лекин ҳозир Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ ва ноозиқ маҳсулотлар истеъмолчи эҳтиёжини бемалол қондиради, белгиланган стандарт талабларига ҳам жавоб беради.

Биргина мисол, бугун супермаркетларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 80 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилган. Агар улар сифатсиз бўлганида бу савдо расталари аллақачон банкрот бўлган бўларди. Аксинча бугун улар ўз савдо тармоқларини кенгайтирмоқда. Бугун трикотаж маҳсулотларимизу мева-сабзавотларимиз экспортга чиқарилмоқда. Импорт ҳажмининг ортиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун йўқотиш ва иш ўринлари қисқарди дегани. Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиляпти, улардан қачон фойдаланамиз? Сиз ишлаб чиқарсангизу ташқаридан бошқаси келиб бозорни эгаллаб олса, маҳсулотингиз сотилмаса, бундан кимга фойда?

*  *  *

P/S: Импорт божларининг оширилиши йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар монополиясига олиб келмайдими? Хусусан, «Artel», «Crafers» каби тадбиркорлик субъектларининг мутлақ устунликка эга бўлмаслигига ким кафолат беради?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги тартиблар билан монополияга йўл қўйилмайди. Нега? Чунки бизда минглаб электротехника ва ширинлик ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Фақатгина бу тадбиркорлик субъектларининг реклама компанияси яхши ишламагани учун улар ҳақида кўпчилик билмайди. Импорт божининг кўтарилиши айни шу каби ички бозорда ўз ўрнини топиб улгурмаётган ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар яратади. Ўз-ўзидан ички рақобат кучаяди. Натижада корхоналар истеъмолчи ишончини оқлаш учун сифатли маҳсулот чиқаришга интилади.

Садоқат МАХСУМОВА

Манба: «Mahalla»газетаси

Бошқа хабарлар