Мастлик мудҳиш фожиаларга сабаб бўляпти

49

«Тўйдан қайтаётгандим, озроқ ичгандим. Тўғри, уриб юбордим шу болани, энди шунга шунчами? Нима қиласизлар мени, икки-уч йил қамалсам қамаларман, кейин чиқиб келаман-да…»

Ижтимоий тармоқларда маст ҳолда автомобиль бошқариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва 15 ёшли ўсмирнинг умрига завол бўлган ҳайдовчининг ана шу сўзларини эшитган борки, бу инсоннинг қилмишига пушаймон бўлиш ўрнига қаҳрамонлик кўрсатгандек баралла гапираётганига ҳайрон қолди. «Икки-уч йил қамалсам қамаларман, кейин чиқиб келаман-да», деяётган бу одам ана шу жувонмарг бўлган бола ўрнига ўз ўғли ё қизини қўйиб кўрсин-чи?..

Ҳа, ота-она учун бу фоний дунёда фарзанд доғидан-да оғирроқ ғам-андуҳ бўлмаса керак. Бу фалокат туфайли яккаю ягона ўғлини не-не орзу-умидлар билан улғайтираётган, унинг кун сайин ўсаётган бўй-бастига қараб бахт таъмини туяётган ота-она бошига осмонлар қулаб тушди гўё. Ҳаётдан тўймаган бир навниҳолнинг кўзлари очиқ кетди…

Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида жорий йилнинг саккиз ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 22 нафар вояга етмаган тан жароҳати олган. Афсуски, уларнинг 9 нафари вафот этган. Ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси мактаб ёшидаги болалардир.

— Болаларнинг ҳалокат қурбонига айланишига катталар сабабчи бўлаётгани ачинарлидир, — дейди Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Фаррух Якубов. — Маст ҳолда транспорт бошқариш қатъи тақиқланган. Бунинг учун қонунчиликда жазо чоралари белгиланган. Шунга қарамай, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт бошқарувчилар сони камаймаяпти. Олти ҳолатда айнан маст ҳайдовчи содир этган автоҳалокат туфайли мактаб ёшидаги болалар ҳаётдан кўз юмган. Яна бир ачинарли жиҳати, йўл ҳаракати ҳодисалари сабабли вояга етмаганлар ўлими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 тага кўпайган.

Болангизни назоратсиз қолдирманг!

Фаёзбек Зарафшон шаҳрида яшарди. Ўн ёшли бу болакайнинг ақл-заковатию фаҳм-фаросатига ҳамма ҳавас қиларди. 4-синфни аъло баҳоларга битирган Фаёзбек ёзги таътилни китоб ўқишу шахмат ўйнаш билан ўтказаётганди. Жонажон мактабини, устозлари ва синфдош дўстларини соғингани боис янги ўқув йилини сабрсизлик билан кутаётганди. Аммо…

— Фаёзбекка 5-синфда ўқиш насиб этмади, — дея кўзига ёш олади онаси Нафосат Зиёева. — У мудҳиш автоҳалокат қурбони бўлди. Таътилда ўзимиз шаҳарда қолиб, дадасининг дўстлари билан Фаёзбек ва укасини қишлоққа жўнатгандик. Тайёр машина, эртага орқасидан етиб борамиз, деб ўйлабмиз. Ўзимиз билан олиб қолсак, шу фалокат бўлмасмиди? Бунинг учун бир умр ўзимни кечиролмайман. Балки Аллоҳнинг санаб берган куни, ўлчаб берган ризқи шудир, аммо боламни бировга бериб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлдим…

Фаёзбекнинг фожиали тақдири билан боғлиқ автоҳалокат жорий йилнинг июль ойида, «Зарафшон — Конимех» йўлида, ҳайдовчининг тажрибасизлиги, тезликни оширгани боис бошқарувни йўқотиб, машинани йўл тўсиғига уриши натижасида содир бўлган. Фарзанд доғи ўртаётган ота-она бу фожиада ўзларини ҳам сабабчи деб билишмоқда, бироқ энди афсус-надоматдан наф йўқ. Навоий вилояти ИИБ ЙПХБ инспекторларининг таъкидлашича, болалар билан боғлиқ автоҳалокатларнинг 40 фоизи ота-оналар фарзандларини назоратсиз қолдириши оқибатида рўй бераётир.

Маст ҳайдовчи автоҳалокат содир этиб, воқеа жойидан қочиб кетди

Жорий йилнинг 31 август куни Кармана туманида яна бир мудҳиш автоҳалокат содир бўлди. «Навоий — Бухоро» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автоулов ҳайдовчиси маст ҳолда бошқарувни йўқотиб, машинани бетон тўсиққа урган. Натижада автоуловда йўловчи сифатида келаётган 29 ёшли Насиба Абдуллаева оғир тан жароҳати олган. Ширакайф ҳайдовчи эса унинг аҳволи оғирлигини била туриб, биринчи ёрдамни кўрсатмай, воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда йўловчи шу ернинг ўзида ҳаётдан кўз юмган.

— Насиба билан танишганимга бир йил бўлганди, ўша куни у билан бирга овқатланиб, озроқ спиртли ичимлик ичгандик, — дейди Кармана туманидаги «Каттамачит» маҳалласидан Жавоҳир Нишонов. — Насиба бир иш билан қишлоққа бориб-келишни илтимос қилди. Спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлсам-да, уни хафа қилмаслик учун рулга ўтирдим. Тезликни оширганимни сезмай қолибман. Машина тўсиққа урилгач, Насибанинг қонга беланиб ётганини кўриб, қўрқиб кетдим. Шу боис унга биринчи ёрдам кўрсатмасдан, қочдим.

«Бузоқнинг югургани сомонхонагача», ширакайф ҳайдовчи ҳам узоққа боролмади, орадан бир кун ўтиб у қўлга олинди. Энди қилмишидан пушаймонлигини айтиб, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларидан ўзига енгиллик қилишни сўраяпти. Аммо «Сўнгги пушаймон — ўзингга душман», деган нақл бежиз айтилмаган.

Жазони кучайтириш керак… (ми?)

Рақамларга мурожаат қилсак, йил бошидан буён Навоий вилояти бўйича давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 768та маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолати аниқланган. Шундан 9 ҳолатда автоҳалокат келиб чиққан. Натижада 6 киши ҳаётдан кўз юмган, 7 нафар шахс жароҳат олган. Статистикадан англаш мумкинки, кунига камида уч-тўрт киши маст ҳолда автомобиль бошқармоқда. Нега? Бу одамлар маст ҳолда машина ҳайдаш фалокатга сабаб бўлишини ёки оғир қонунбузарлик эканини билишмайдими? Ё бўлмаса, қоидабузарлик учун белгиланган жазо чораларидан ҳайиқишмайдими? Қонунчиликка кўра, сархуш ҳолда транспорт воситасини бошқарган кишилар уч йилгача машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва маълум миқдорда жарима солинади. Агар озодликдан маҳрум қилиш ёки беш-ўн йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан айириш каби кескинроқ чоралар кўрилганда, кишилар сархуш ҳолда машинага ўтиришдан олдин бир оз сергак тортишармиди…

Албатта, бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ЙҲХ хизмати ходимлари томонидан мунтазам тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, бундай нохуш ҳолатларга бутунлай чек қўйиб бўлмаяпти. Ҳатто ҳайдовчилар ва уларнинг яқинлари томонидан ЙҲХ хизмати ходимларига зўравонлик қилиш, уларни ҳақоратлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Сархушликни қай бир донишманд ўз ихтиёри билан ақлдан озиш машқи, дея таърифлаганди. Афсуски, кимнингдир ўзи истаб, нафс йўлига кириб, ақлдан бегона бўлиши ўзгаларнинг, бегуноҳ бошқа инсонларнинг жабр чекиши, ўлимига сабаб бўлмоқда. Оқил ўзганинг, нодон эса ўзининг қилмишидан сабоқ олади, деганлари шу бўлса керак.

Холбиби САФАРОВА.

«Mahalla» газетаси

(41-сон, 19 сентябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар