Юртни рамзлар билан севиш… Буни қачон бас қиламиз?

50

«Бешта ўринбосаримнинг ҳар бирига «I love … » ёзувини ўрнатишни топшириқ бердим!..»Бугун қайси нашрга, интернет саҳифаларига қараманг, она тилига эътибор, давлат тилининг аҳамияти ҳақидаги мақолалар билан тўлиб-тошган. Аммо ана шундай жонкуярлик афсуски ҳаётимизда, ён-атрофимизда, амалий ишларимизда сезилаётгани йўқ. Тилга эътиборсизлик борасидаги нафақат кеча ёки ўтган кунидаги, балки бир неча йиллардан бери қилинаётган чиқишлар ҳеч кимни безовта ҳам қилмаяпти.

Бундан икки-уч йил бурун ўша ҳаммага машҳур «I love Uzbekistan» қулоғимиз остида жаранглай бошлади. Хоҳлаймизми йўқми, «Мен Ўзбекистонни севаман» эмас, «I love Uzbekistan» дея баралла жар соладиган бўлдик. Буни қарангки, пойтахтда бошланган чет элча дил изҳори қулоққа хуш ёқди, шекилли, энди вилоят, туман, ҳатто чекка бир қишлоққача «I love …» урф бўла бошлади. Лицейда ўқиб юрган кезларим бирор жойда бу сўзга кўзим тушмаган эди. Бироқ университетдан таътилга чиқиб, она шаҳрим томон отлансам, не кўз билан кўрайки, шаҳар марказида «I love Navoiy» қаққайиб турибди. Ана юртга муҳаббату, мана тилга ҳурмат, дедим таъбим хира бўлиб.
Бу ҳолат кимгадир ёқар, кимгадир эриш туюлар, буни билмадиму, лекин шаҳримиз ҳуснига ҳусн қўшамиз деб, она тилимиз мавқеини анча паст поғонага ташлаб қўяётганимиз яққол сезилиб турибди. Ҳар бир шаҳару туман марказига бундай ёзувли сўзларни ўрнатишдан мақсад нима ўзи? Ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини уйғотиш ва ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш дейлик. Бироқ «I love Tashkent»ни кўрган бола онгида ватан тушунчаси чуқур илдиз отсаю, она тилига бўлган ҳурмат заррача ўсмаса, бундай ватанпарварликда қандай маъно бор? Юртга муҳаббат она тилига ҳурматдан бошланмайдими аввало?

Мен шу ёш авлоднинг бир вакили сифатида шуни айтоламанки, ҳар гал шу ёзувларга кўзим тушганида, фақат ва фақат она тилимизнинг топталган қадри кўз олдимга келади, холос.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг uzbektourism.uz сайтида хабар беришича, афсонавий Самарқанд шаҳрининг асосий кўчаларида қадим тарихимизга қизиқиб, шаҳарга ташриф буюрувчиларни мамнуният билан кутиб оладиган иккита «I love Samarkand» ўрнатилибди. Ана мақсаду, мана туризмни ривожлантириш! Шаҳарга келган сайёҳ ўз тилида ёзилган ёзувни кўриб мамнун бўлмай, ким мамнун бўлсин, ахир. Уни бизнинг она тилимиз қадри заррача қизиқтирмаса…

Бироқ келган меҳмоннинг хаёлидан «Бу юртнинг она тили қайси тил ўзи?» деган сўров ўтиб, «ўз тилини ўзга тилда севадиганлар» дея ич-ичидан кулмайдими? Кўзга яққол ташланиш учун «юрак» белгисини ўрнатишганига нима дейсиз? 
Бу рамзни 14 февраль куни танқид қилиб, роса боплаб таъзирини берсак-да, бу ёқда шаҳар дарвозаси олдида ҳурмат билан ўрнатиб қўйишимиз нимаси? Шу ўринда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бир савол: туризмни ривожлантириш ҳақида бош қотираётган вақтингизда она тилимизга путур етмаяптими, дея ҳеч ўйлаб кўрасизми?

Бир куни сурхондарёлик курсдошим шаҳрига ўрнатилган «I love Termez» ёзувининг хато ёзилганидан жаҳли чиқиб, «I love…»га чидаб келаётган эдигу, неча йилдан буён Термиз дея айтиб келинган сўзни хато ёзишганига нима дейиш мумкин?» деб қолди. Ҳа, баъзи шаҳарларимиз номлари борки, инглиз тилида ёзилиши унча фарқ қилмайди. Бироқ айримларини кўрсанг, бошқа шаҳар номини кўргандай бўласан киши. «I love Khorezm», «I love Kokand»ларни кўриб, миллийлигимиз ҳам эсимиздан чиқиб қолади. Аслида уларни оддийгина қилиб «Xorazm» ёки «Qo‘qon» дейиш кўпроқ дилга яқин эмасми?

Ўтган йили Нукус шаҳрида ҳокимликнинг раҳбар шахслари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Шунда шаҳар ҳокими Парахат Турешев сўзга чиқиб, «Бешта ўринбосаримнинг ҳар бирига «I love Nukus» ёзувини ўрнатишни топшириқ бердим», деган фахр билан. Ҳамманинг эътибори тушадиган жойларга қўйилаётган бундай ёзувлар аслида тегишли мутахассислар иштирокида муҳокама қилиниши керак эмасми?! Бироқ ҳоким буванинг ўзлари шундай топшириқ бериб турганларидан кейин, бошқалардан нимани кутасиз? Нима, шаҳарнинг нуфузини ошириш учун «I love…»дан бошқа муҳимроқ ишлар йўқми?

Яқинда 21asr.uz сайтида қашқадарёлик 27 ёшли талабанинг фикрини ўқиб қолдим: «Бизнинг туманга киришда ўрнатилган лойиҳани шахсан вилоят ҳокимимиз тасдиқлаб берган. Бир ой тинмай ишлади қурувчилар, миллионлаб пул кетди, ахир. Ким энди буни олиб ташлайди, ҳеч ким!..»

Ҳа, айни шу мавзуда ўнлаб газеталар, сайтлар танқидий мақолалар эълон қилди. Бироқ шундан бери «I love…»лар кўпайса кўпайдики, бирортаси ҳам олиб ташлангани йўқ. Ҳамма нарса молиявий асосга бориб тақалади, деганларидек демак, сувга оққан миллионлаб пуллар бу лойиҳани бекор қилишга тўсқинлик қилади. Аслида, миллиардлаб пул ҳам ўз она тилимизни ўзимизга қайтариб беролмайди, тилимизга ҳурматни оширолмайди-ку!

«Биргина шу муаммога барҳам бериш билан она тилимиз қадри кўтарилиб қолмайди, пашшадан фил ясама», деган фикр хаёлингиздан ўтгандир балки. Бироқ катта кўнгилсизликлар шундай кичик лоқайдликлардан бошланади.
Шу кунларда деярли ҳар бир таълим муассасасида тил байрамига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Аслида, 21 октябрь келаётгани учун «маънавиятчи»лар оёғи куйган товуққа ўхшаб, «патиллаб» қолди. Нима учунки, байрам ўтказилганлиги тўғрисида ҳисобот топшириш керак. Расмбозлик авжида, ахир расмлар тадбир ўтказил­ганлигининг исботи-да. 

Университетимизда ҳам тил байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уч-тўртта курсдошимиз билан бу тадбирбозликка қўшилишни истамай, кутуб­хонага отландик. Қарангки, ортимиздан «Тадбир томошасига келмаслик она тилига беҳурматликдир» деган «илиқ» сўзлар янграбди. Ўша тадбирда иштирок этаётганлар, тадбир томошасига отланганларнинг ҳаммаси ҳам она тилини қойилмақом ҳурмат қилиб қўйибдими? Тилга муҳаббат тадбирбозлик билан ўлчанадими? Мактаб давримдан бери тил байрамига бағишланган тадбирларда иштирок этиб келаман ва шуни айтоламанки, 21 октябрь куни она тили ҳақида тўртта шеър, бир оғиз гап, мумтоз куй ижро этиш билан тил бойлигимиз ошиб қолмайди. Энди тадбирбозликни камайтириб, амалий ишларга ўтадиган вақт келди, назаримда.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглар эканман, яхшики ҳар қанча бойлик билан сотиб олиб бўлмайдиган «миллий ғурур» деган иборанинг маъносини жуда яхши тушунадиган, она тилимизни ўзимизга қайтаришимиз осон бўлмаганини билганлар, бунинг тирик гувоҳи бўлганлар бор орамизда, дедим ўзимга ўзим. Энди фақат мамлакат раҳбари айтганидек, давлат тилига – она тилимизга эҳтиром ва садоқатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз керак.

Маҳфуза ПЎЛАТОВА,
ЎзЖОКУ талабаси

(“Oila davrasida” газетаси 45-сон, 2019 йил 31 октябрь)

Бошқа хабарлар