БОҒИМИЗДА ЎЗГА МАДАНИЯТ «МЕВАСИ» ёхуд яна ажнабий ёзувлар хусусида

66

Бу ҳақда кўп гапирилган, ёзилган, аммо дилни хира қиладиган манзаралар – кўча безаклари ҳамон ярақлаб турибди. Масалан, қаёққа қараманг, «I love … » билан бошланувчи меъморчилик безаклари. Тошкентда ҳам, вилоятлар марказлари, ҳатто, олис Мўйноқда ҳам…

Юракча шакли ҳам қадриятларимизга сира мос эмас. Ваҳоланки, гўзал тилимиз, ибораларимиз, ҳар бир шаҳар ва вилоятнинг бошқа ҳудудларга ўхшамайдиган жиҳатлари бор. Масалан, Олмалиқ ва Навоий кончилар, Ангрен ва Чирчиқ саноатчилар, Наманган гуллар шаҳри. (Бундай таърифларни кўплаб келтириш мумкин).
Агар ана шу хусусиятларни инобатга олган ҳолда «Саноатчилар шаҳри – Чирчиққа хуш келибсиз!», «Ҳунармандлар юрти – Фарғонам!» каби ёзувлар ял-ял ёниб турса, юртдошимизларимиз қалбида ўз юртидан фахрланиш, хориждан келган сайёҳларда қизиқиш ошмайдими?

– Эҳтимол, бу сўзлар халқаро тилда бўлгани, барча учун тушунарлилиги боис, танлангандир, – дейди Тошкент Архитектура ва қурилиш институти «Шаҳарсозлик ва ландшафт архитектураси» кафедраси мудири Баҳодир Матчонов. – Аммо унинг ўрнига она тилимиздаги бошқа жарангдор гапни ёзганимиз яхши. Бу каби ёзувлар ранг­­ли, миллий руҳ билан суғорилган ҳолда ёзилса, миллатимизга хос эзгу фазилатни акс эттириб, юртдошларимизни бағрикенгликка чорлаб туради.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, шу кунларда кўча-кўйда яхши бир ўзгаришнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Пойтахтимиз йўлларидаги йўловчи бекатлари ёнгинасидан тадбиркорлар мўъжазгина дўконлар очмоқда. Унинг эгалари ён-атроф ҳудудларни ҳам замонавий таъмирлаб, совутгич мосламалари ўрнатмоқда. Аввало, ёзнинг жазирама иссиқ ва ёғингарчилик кунларида бундай бекатлар одамлар жонига оро кириб, уни таъмирлаётган тадбиркорлар элнинг дуосини олган бўлса, иккинчидан, муҳим жамоат жойларидан бўлган бекатлар саҳни тозаланиб, ободлашмоқда.

Яна бир эътиборимизни торган жиҳат тунги Тошкент қиёфасидаги ўзгаришлардир. Авваллари пойтахтимизнинг энг марказий кўчаларида ҳам чироқлар нури «I love you» деган ёзувларни ифода этарди. Эндиликда эса бу ёзувлар ўрнига миллий нақш безакларимиз нур сочиб турибди. Мана, сиз ҳам томоша қилинг. Гўёки баланддан таралаётган нур қалбингизга ҳам оқиб кираётгандек бўлади. Унга қараб завқланасиз. Чунки у ўзимизники. Бировники эмас…

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар