МАЪНАВИЯТГА ХИЁНАТ

51

ёхуд кулдиришни билмасангиз, ҳеч бўлмаса, йиғлатманг…

Яқинда «ZO’R TV» орқали ёш қизиқчи-масхарабоз­лар томоша кўрсатишди. Навбат андижонлик ёш масхарабоз Беҳзод Каримовичга (у ўзини шундай деб таништирди) келганда, томошабинларга ичим ачиди.

Нима учун? Нега деганда ҳали ёши ўттизга ҳам бормаган Беҳзод Каримович мириқиб куладиган гап айтмади. Қизиқчилик қиламан, деб «қовун туширди».
Эмишки, мўйлови энди ­сабза ура бошлаганда дадаси унга устара совға қилибди.
– Дада, ҳозирча соқол-мўйлов олишга ёшлик қиламан-ку? – дебди Беҳзод.
Дадаси ҳам бўш келмабди:
– Майли-да, ўғлим, ҳозирча бундан ўзим фойдаланаман. Жичча каттарганингдан кейиш бошқасини олиб бераман, – дея устарани ўзи ишлатаверибди.
Шунда Беҳзод дадасига иддао қилибди:
– Яхшиям менга устара олиб бериш ўрнига уйлантириб қўймаган экансиз…
Қизиқчилик қиламан деб, миллатнинг юзига, миллий қадриятларимизга оёқ қўйишмасми, бу?! Ахир, қизиқчилик санъатининг ҳам ўзига хос меъёрлари бор. Афсуски, билими, интилиши бўлмаган қизиқчиларимиз очиқлик, эркинлик баҳона ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам шарманда қилмоқда. Энг ёмони, бу каби кўрсатувларни, Беҳзод сингари саёз фикрлайдиган қизиқчиларнинг чиқишларини миллионлаб томошабинлар кўриб турибди. Кези келганда, уларга тақлид қилмоқда.
Келинг, очиқ ва аччиқ бўлса-да, Беҳзод Каримовичнинг шу куни «ZO’R TV» орқали намойиш этилган яна бир ҳангомасига эътибор қаратайлик:
– Мен туғилганимдан буён акамнинг эски кийимларини кияман. Мана, ҳозир ҳам саҳнага акамнинг кийимларини кийиб чиқдим. Туфли, кўйлак, костюм – ҳаммаси акамники. Яхшиям, кенойим акам иккаламизни адаштириб юбормайди. Акс ҳолда…
Акс ҳолда, нима?
Араблар ўғрининг қўлини кесиб, хиёнаткор эр-хотинларни сазойи қилишади. Нима учун? Чунки бундай номаъқулликлар миллатга, миллатнинг ботинига чуқур кириб кетмаслиги шарт. Аслида, бизнинг маънавий мулкимиз, ота-боболаримиздан қолган қадриятларимиз, тенгсиз урф-одатларимиз кишилар онгига ўғриларнинг қўли кесилганидан, хиёнаткор эр-хотинларнинг сазойи қилинганидан кучлироқ ва қаттиқроқ таъсир қила олади, қачонки, уларга амал қилинса…
Мана шу фикримиз учун бир мисол. Одатда қизларимизни, опа-сингилларимизни 20-22 ёшда турмушга узатамиз. Ўғил болаларни эса асосан 23-25 ёшдан сўнг уйлантирамиз. Кўп эмас, бундан атиги 40-50 йил илгари балоғатга етган қиз ҳам, йигит ҳам ота-онасига, ҳатто, яқин қариндошларига «Мен фалончини ёқтираман» деб айтолмаган. Ор кучлилик қилган. Уялган. Ҳозир-чи? Ҳозир бош­қача. Аксарият ёшлар «сен бўлмасанг, ­бошқаси…»га ўтиб олган.
Бу ниманинг маҳсули? Балки, бачкана очиқ кулгиларнинг, кўрсатувларнингдир? Буни ҳам ўйлаб кўриш керак. Зеро, телевидение тарғиботнинг энг катта қуролларидан биридир.
Албатта, телеведение­­да тарбиявий кўрсатувлар, инсонга фикр бера оладиган дас­турлар ҳам кўп. Энг ёмони, тарбиявий аҳамиятга молик бир кўрсатув билан қайсидир санъаткорнинг беҳаё чиқиши кетма-кет берилади. Айтаётган гапимиз билан қилаётган ишимизнинг зидлиги ҳам аслида шунда.

Хулоса шуки, эркин фикр, ошкора ҳаёт ҳаммамиз учун фойдали. Бироқ Чарли Чаплиннинг санъат оламидаги чиқишларини Ўзбекистонда қайта кўрсатиш санъаткорликни англатмайди. Санъат йўлини танладим дея, андишани, миллий анъаналарни, умрбоқий қадриятларни, одоб-ахлоқни оёқ ости қилишга ҳаққингиз йўқ. Кулдиришни билмасангиз, ҳеч бўлмаса, йиғлатманг…

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар