Турк сериалларини тақиқладик, ўзбек сериалларининг улардан устун жиҳати борми?

48

«Журналист»…

Сериал қаҳрамони Шариф қонуний рафиқасини уйдан ҳайдаб юборади ва хизматкори билан ишқий муносабатга киришади. Натижада хизматкор қиз ҳомиладор бўлиб қолади. Шундан сўнг бу хонадонга бошқа бир қиз хизматкор бўлиб келади. Энди эса йигит унга уйланмоқчи. Шарифнинг онаси эса ўғлини аросатдан қутқариш мақсадида ҳомиладор қизни чет элга сотиб юбормоқчи…

«Юраклар жанги»…

Сериал қаҳрамони Тоҳир Туркияда ўзидан ёши катта бўлган аёл билан шаръий никоҳдан ўтиб яшайди ва ундан фарзандли бўлади. Ўзбекистонга қайтгач, Тоҳирнинг онаси ўғлини ўша аёлнинг катта қизи билан учраштиради. У энди ўзининг ўгай «қизи»ни севиб қолади…

«Бир ками тўлмаган дунё»…

Мактаб ёшидаги қизга ўгай отаси тегажоғлик қилади. Буни эшитган она эса қизини болалар уйига топширади…

Ушбу воқеалар сериалсевар одамлар учун жуда яхши таниш, чунки бу саҳналар бугун телеканалларимизда намойиш этилаётган ўзбек сериалларининг сюжетларидир. Аввал турли маиший воқеалар ва енгил-елпи мавзулар акс этган киноларни «хонтахта фильмлар» деб атардик. Энди эса худди шундай томошабин маънавиятига зарар етказадиган, қотиллик, ўғирлик, гиёҳвандлик, ё бўлмаса, қайнона-келин можароси, хиёнаткор аёл машмашалари акс этган сериаллар сони ортиб бормоқда. Бир-бир ярим соат давом этадиган «хонтахта фильмлар»нинг зарари унчалик сезилмасди. Чунки уни томошабинлар бир кўриб, кейин унутиб юборишарди. Аммо телеканалларнинг маълум соатини банд этган, ойлаб намойиш этилаётган савиясиз сериаллар томошабин руҳиятини ўзгартирмай, унинг ҳаётига таъсир этмай қолмайди…

Сериаллар ҳаётга кўчяптими?

Интернет саҳифаларини кузата туриб ўйланиб қоласан киши, худди сериалларимиздаги воқеаларга ўхшаш жиноятлар, кўнгилсиз ҳолатлар таъбингни хира қилади. Кейинги пайтларда «Қайнона келинини дўппослади», «Келин қайнонасини ўлдирди», «Эр хиёнаткор хотинини кечирмади» дея номланган хабарларни ўқий туриб, миллий сериалларимизнинг сюжети хаёлингга келаверади.

Масалан, яқинда Ангрен шаҳрида бир гуруҳ аёллар кўчада бошқа бир аёлни дўппослаётгани тасвирлари пайдо бўлди. Қиз уни ураётган аёллардан бирининг эри билан учрашиб юрар экан. Бир сўз билан айтганда, кўчанинг ўртасида бир қиз «самосуд» қилинмоқда. «Журналист» сериалининг 153-қисмида худди ана шундай тасвирларга кўзимиз тушди. Унда ҳам бир аёл қўшнисига эри билан ишқий муносабатда бўлган қизни калтаклатади ва ўзи воқеани телефонга суратга туширади. Тасвирни интернетга тарқатишини бот-бот такрорлайди.  

— Ёзувчи, сценарист ва шоирлар жамиятдаги бирон иллатни қаламга олаётганда эҳтиёт бўлиши керак. Чунки инсонларда, айниқса, болаларда кўрган нарсасини такрорлаш инстинкти жуда юқори, — дейди психолог Зебунисо Аҳмедова. — Тўғри, ҳеч ким спиртли ичимлик истеъмол қилиш яхши ёки хиёнат қилиш керак деб ёзмайди. Аммо бунинг нимаси ёмон эканини, аянчли оқибатини маромига етказиб изоҳлаб беролмаса, бу иллатни тарғиб қилиб қўйган бўлади. Масалан, мен сизга фил ҳақида ўйламанг, десам, хаёлингизга узун хартумли фил образи гавдаланади. Кейин эса уни нима учун ўйламаслигингиз кераклигини тушунтириб берсамгина, сиз филни унутишга уринасиз. Бугунги миллий сериалларимизда хотинига ёки эрига хиёнат қилиш, гиёҳванд моддалар ёки спиртли ичимлик истеъмол қилиш саҳналари жуда кўп ва бўрттирилган ҳолда намойиш этилмоқда. Аммо уларнинг оқибати нима бўлиши тўлиқ очиб берилмаяпти. Бу эса медиа маҳсулотларнинг айни шу иллатлар рекламасига айланиб қолишига сабаб бўляпти.

Хом маҳсулот қоринни оғритади

— «Ҳаёт жилғалари», «Фидойилар» каби сериалларимда ўнлаб истеъдод эгалари кашф қилинди. Ҳар бир серияда қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракати, гапиришига эътибор қаратардик, — дейди режиссёр Абдухалил Мигноров. — Ушбу картиналар университет талабаларининг чекка қишлоқдаги амалиёти ҳамда шифокорларнинг фидокорона меҳнатлари тўғрисида ҳикоя қилиб, инсонларни илм йўлида фидойи бўлишга, ўз касбига меҳр ва садоқат билан ёндашишга ундайди. Ҳозир сериалларимиз бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб кетган. Уларда инсонга мотивация берувчи ёки бирор иллатдан қайтарувчи олий ғоя етишмайди. Бир-иккитасини томоша қилдим — барчаси юзаки.

Сериаллар кўпайгани яхши, аммо сифатни ҳам эсдан чиқармаслик керак-да. «Хонтахта фильмлар»дан «хонтахта сериал»лар олишга ўтдик, бу кино санъатининг тараққиёти эмас. Ахир, қўшни аёлларнинг ғийбати, нотинч оиланинг ади-бадисига таяниб яхши бир сериални суратга олиш мумкинми? Сериалнинг масъулияти бадиий фильмдан кўра бир неча баробар оғир. Шунинг учун уни суратга олишга жиддий қараш, кўп вақт ва меҳнат сарф этиш талаб этилади.

Ростдан ҳам, бугунги сериалларнинг воқеаларини кўриб, ундаги мантиқсизлик, бир-бирига номутаносибликни пайқаб, бу фильмларнинг сценарийси йўл-йўлакай, қўл учида ёзилганини англаш мумкин. Масалан, «Журналист» сериалида унинг бош қаҳрамони ким эканини билиш мушкул. Воқеалар ривожи қандай аниқ мақсадга хизмат қилаётганини билиб бўлмайди. Чунки сюжетда узвийлик, хулоса маромига етмай қолган.

Қисқа қилиб айтганда, агар дастурхонга тортилган таом тобига етказиб пиширилган бўлмаса, хўрандаларнинг соғлиғига зиён етказади. Худди шунингдек, сериаллардаги ғоя ва сюжетлар ҳам маромига етказилмаса, томошабин маънавияти, руҳиятига салбий таъсир этиши шубҳасиз.

Томошабин фикри қандай?

Мақолани тайёрлаш жараёнида холисликни таъминлаш учун томошабинлар фикри билан қизиқдик. Уларнинг қарашлари турлича: кимдир бу сериаллар ҳаёт ҳақиқатини кўрсатяпти, атрофимизда бундай инсонлар камми, деса, бошқаси ҳамма нарсани ҳам телеэкранга олиб чиқаверишадими, бу нимаси, дея жаҳл қилади.

— Бир пайтлар ишқий муносабатлар очиқ-ойдин акс этган хориж сериалларини томоша қилиб ўтирардик, чунки ўзбек сериаллари сони кам эди — дейди уй бекаси Дилдора Тўраева. — Бугун ўзбек сериаллари сони ҳам кўпайиб қолди ва бу аста-секин менталитетимизга тўғри келмаган, ёт ғоялар билан суғорилган хориж сериалларини суриб чиқармоқда. Тўғри, сериалларимиз сифат бўйича улар билан беллаша олмас, аммо ўзимизнинг реал ҳаётимизни акс эттириши билан биз, томошабинни ўзига жалб қиляпти.

— Кеча ўзбек сериалларидан бирида қип-қизил қонга беланган пичоқни кўриб сесканиб кетдим, — дейди яна бир уй бекаси Ҳамида Ҳасанова. — Кейинги пайтларда сериалларимизда спиртли ичимликлар, совуқ қуроллар, наркотик моддалар очиқ-ойдин намойиш этилмоқда. Ҳатто айрим чет эл фильмларида ҳам бундай ҳолат ва маҳсулотлар хиралаштириб, таниб бўлмас даражада кўрсатилади. Бизда эса бунга эътибор берилмаяпти. Умуман олганда, сериалларимиздаги айш-ишрат саҳналари, хиёнат, қотилликларни кўриб, чет эл сериалларидан нима фарқи бор, дея ўйлаб қоламан. Тўғри, ҳозирча актриса-актёрларимиз турли ножўя ҳаракатлар қилишмаяпти, аммо уларнинг гап-сўзлари, имоси, сериал мазмуни буни яққол намоён этиб турибди. Бизга шундай сериаллар керакми? Менталитетимизга тўғри келмайди, дея бир нечта хориж сериаллари экранлардан олиб ташланди. Хўш, ўзимизнинг сериалларда кўрсатилаётган ўсмир қизга зўравонлик қилиш, хотинига хиёнат, эрини алдаш бизнинг менталитетимизга мосми?

Тўғри, ҳаёт фақатгина тўю томоша, байрамлардан, инсонлар тақдири эса қувонч ва бахтдан иборат эмас. У яхши ва ёмон, яхшилик ва ёвузлик ўртасидаги азалий курашдан ташкил топган. Кино-сериаллар эса ана шу ҳаётнинг инъикосини намойиш этувчи санъат туридир. Фақат шукроналик, «ҳайбаракаллачилик» билан ҳам яхши санъат асарини яратиб бўлмайди. Аммо инсон ақлини шоширадиган иллатлар талқинини катта экранга олиб чиқаётганда ҳам эҳтиёт бўлайлик. Томошабинларга оқни оқ, қорани қора деб кўрсатиш йўлида заҳматдан қочмай, бор маҳоратимизни ишга солайлик. Зеро, медиа маҳсулотларни кўриб инсонлар тўғри йўлдан оғмасин, аксинча адашганлар ўз йўлини топсин.

Сиз бунга нима дейсиз, азиз маҳалладош?

Санжар ЭШМУРОДОВ


Дарвоқе…

Илк ўзбек актёри ким бўлган?

Биринчи ўзбек актрисаси, илк ўзбек актёри ким эканини биласизми? Улар қандай қилиб бу соҳага кириб келган?

Тарихда биринчи ўзбек киноактёри, сценарийнавис, кинорежиссёр сифатида ном қолдирган инсон — 1893 йилда Тошкентда туғилган Сулаймон Хўжаевдир. У ХХ асрнинг бошларида яратилган дастлабки ўзбек фильмлари: «Равот қашқирлари», «Чачвон», «Сўнгги бек», «Авлиё қизи», «Тонг олдидан» фильмларида артист сифатида иштирок этган. Сценарий муаллифи, режиссёр ассистенти ва ҳатто режиссёрлик ҳам қилган.

1911 йилда Тошкентда туғилган Турсуной Саид­азимова биринчи ўзбек актрисаси сифатида танилди. Қисқа умри давомида у ўзбек ва чет эл драматургиясидан ёрқин образлар яратди: Николай Гоголнинг «Ревизор»идаги Мария Антоновна, 1927 йилда Карло Готцининг «Маликайи Турандот» асаридаги Турандот, Карло Голдонининг «Икки бойга бир малай» комедиясидаги Клариче образлари шулар жумласидан.

“Маҳалла” газетаси

(48-сон, 2019 йил 7 ноябрь)

Бошқа хабарлар