Учтепа тумани куз-қиш мавсумига тайёрми?

125

Республика ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ўрганиш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган мазкур учрашувда Президент администрацияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шунингдек, ­масъул вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Дастлаб мавсумга тайёргарлик кўриш борасида бугунга қадар ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларда амалга оширилган таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари сарҳисоб қилинди.

Шундан сўнг мавсумга тайёргарлик кўриш юзасидан туман штаби ва тегишли гуруҳлар фаолиятига эътибор қаратилди. Кўп қаватли уйлардаги мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, том қисми, уйларнинг олд қисмидаги йўлаклар, кириш йўлак­лари, ертўла қисмининг талаб даражасида экани, электр тақсимлаш шитлари, ирригация тармоқлари, тарновлар, иссиқлик қувурлари ҳолатини текшириш, иссиқлик тармоқларини ювиш ва баланд босимда текшириш масаласи, лифтлар ҳолати, иссиқлик энергияси тизими, марказий ва маҳаллий қозонхоналар аҳволи, иссиқлик тизими қувурларининг яроқли ва яроқсизлиги, иссиқлик таъминоти тармоқларини таъмирлаш, иссиқлик тармоқларининг изоляция қилиш борасидаги ишларга эътибор қаратилди.

Хусусан, Учтепа тумани ҳудудида мавсумга тайёргарлик ишларини кўздан кечиришда ишчи гуруҳлар зиммасига хусусий уй-жой мулк­дорлари ширкатлари ва профессионал бошқарув компаниялари фаолияти, мактабгача таълим муассасалари, ўрта таълим мактаб­лари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий таълим муассасалари, тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларини текширувлар давомида аниқланган ҳолатлар муҳокама қилинди. Ўрганиш­лар давомида «Боғис­тон» маҳалласида жойлашган 25-поликлиника ҳали таъмирда экани, «Журжоний» маҳалласидаги 23-поликлиникага иссиқлик берилмагани, қозонхонаси таъмирталаблиги, Ўрикзор даҳасида жойлашган марказий кўп тармоқли поликлиника Ўрикзор амбулаторияси иссиқлик билан таъминланмагани аниқланди.
Ичимлик суви таъминоти, канализация тизими, сув ишлаб чиқариш ва канализация иншоотларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати, электр тармоғи объектлари, табиий газ таъминоти кабилардаги муаммоли ҳолатлар юзасидан танқидий фикрлар билдирилди.

Учрашувда кўтарилган муаммолар, айрим мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб аҳолига азият етказаётган ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилот ва муассасаларга ваколати доирасида кечиктирмасдан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар