Ёнингизда шундай кўмакдош бўлса…

26

Чироқчи туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисаси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Райҳон Давронова ҳамиша ҳамманинг дардини эшитиб, уларга ёрдам бериш мақсадида куюниб юради. Шу боисдан, ходимлар унга суянади.

Ўтган йили ўқитувчи Раъно Абдалованинг умр йўлдоши оғир хасталик туфайли вафот этган эди. Касаба уюшма қўмита раисаси унга моддий ёрдам ажратди. Шу мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган ёлғиз аёл Ойчучук Амирова қийналиб қолганини айтганди, унга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди. Ўқитувчи Севара Бекжонова сиртқи факультетга ўқишга кирганди. Унинг шартнома пуллари ҳам қисман тўлаб берилди. Сарвиноз Бегимова ва Саодат Санаева касал бўлиб, шифохонага тушганда, улар ҳам эътибордан четда қолмади.
Ўқитувчи Дилфуза Қўшшиеванинг ўғли аллергиядан қийналиб юрарди. «Зомин» санаторийсига йўлланма берилгач, Жиззах тоғларининг шифобахш табиати боланинг дардини аритди…
Касаба уюшма қўмита раислигига сайланганига эндигина бир йил бўлган бўлса-да, Райҳон Давронованинг фаолиятида бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
– Айни вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши мутахассислари томонидан ўтказилаётган масофавий ўқишда билимларимни мустаҳкамлаб боряпман, – дейди Райҳон опа. – Меҳнат муҳофазаси, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этиш каби долзарб масалаларда дарслар ўтиляпти…
Райҳон Давронова яқинда «Энг яхши инновацион таклифлар» танловида қатнашиб, «Энг фаол аёл» номинация­ида эътироф этилди. Райҳон опа ўзи яшайдиган «Ўзбекис­тон» маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз хотин-қизлар учун тикув цехи, иссиқхоналар ташкил этилишида жонбозлик кўрсатди. Натижада саккиз нафар аёл ишли бўлди.
– Давлатимиз раҳбарининг таълимга қаратаётган чексиз эътибори ғайратимга ғайрат қўшмоқда, – дейди у. – Қолаверса, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Чироқчи тумани кенгаши раиси Абдураим Ҳайдаволов масъулиятли ишимда доим кўмакчи. У кишидан кўп нарсани ўрганмоқдаман.
Ҳаракатчан инсонлар бир жойда тўхтаб қолмайди. Тинимсиз олдинга интилади. Ташаббускор, фидойи, жонкуяр ўқитувчи ва касабақўм Райҳон Давронова ана шундай юртдош­ларимиздан биридир.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар