Ўрганишга молик жиҳатлар ниҳоятда кўп

48

Абиль АГАСИЕВ,
Озарбайжон касаба
уюшмалари Конфедерацияси раиси ўринбосари,
Конфедерация Курортлар
кенгаши раиси:

– Аввало, юқори даражада ташкил этилган халқаро конференция учун ташкилотчилардан миннатдормиз. Бу бизнинг Санатор-курортлар бошқармаси билан ҳамкорлик алоқаларимизни мустаҳкамлашимизда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистонга иккинчи бор келишим. Бундан беш йил аввал ҳам келгандим. Бугунги ташрифимда тизимда кўпдан-кўп янгиликлар юз берганига гувоҳ бўлдим. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ижтимоий соҳани ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, барча соҳаларда инсон манфаатлари бош мезон этиб белгилангани эътиборлидир. Бу жиҳатнинг санатор-курортлар соҳасида ёрқин намоён бўлаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Ташриф жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти қабулида бўлдик. Бу учрашув менда ниҳоятда катта таассурот қолдирди. Самимий қабул чоғида Ўзбекистоннинг эришаётган ютуқлари, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлдик. Касаба уюшмаларининг олиб бораётган кенг кўламли ишлари, соҳадаги янгиликлар билан танишар эканмиз, бу серқирра фаолиятдан ўрнак олса арзийди, деган хулосага келдик.

Касаба уюшмаларининг санатор-курортлар фаолиятини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофга лойиқ. Биз ўргансак бўладиган кўплаб тажрибалар орттирдик.
Бухородаги «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийси ҳақида эшитган, таърифу-тавсифлардан ҳайратланганимиз рост. Айни вақтда кўҳна шаҳар зиёрати билан бирга, мазкур санаторий фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш истагидамиз. Ўйлайманки, олган таассуротларимиз, тажрибаларимиз бундан буёнги фаолиятимизда қўл келади.

Чонг Хвай Хое,
Малайзия вакили, Соғлиқни сақлаш
бўйича катта мутахассис, тиббиёт фанлари номзоди, иммунолог:

– Келажакда баъзи терапия муолажаларини санаторийларингизда жорий қилиш ниятидаман. Ўзбекис­тонда кўп бор бўлганман. Ҳар гал келганимда кўплаб ўзгаришлар шоҳидига айланаман. Ўзбекистонда тоғлар кўп. Шунинг учун тоғ бағрида санаторийлар қуриш мақсадга мувофиқ. Чунки бу йўналишга талаб жуда катта.

Адибахон УСМОНХЎЖАЕВА,
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
физиотерапия ва курортология
бўйича бош мутахассиси:

– Ушбу халқаро анжуман ўзаро таж­риба алмашишда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, хорижий санатор-курортлар фаолияти ва тажрибалари билан танишиб, яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ғоят самарали.

Александрос Доунаус,
Греция вакили, Афинадаги «Флеминг»
касалхонаси шифокори, хирург:

– Конференцияда долзарб масалалар муҳокама қилинди. Афсус­ки, Грецияда бу каби тадбирлар ташкил этилмайди. Санаторийлар ва тиббиёт муассасаларининг аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида йиғилиши анжуманга бўлган қизиқишимни янада орттирди. Маърузаларда соҳага оид муҳим мавзулар юзасидан фикрлашиб олинди. Анжуман хорижлик мутахассислар ўртасида мулоқотни яхшилаш ва тажриба алмашишга хизмат қилгани билан янада аҳамиятга молик.

Зоҳид АБДУРАҲИМОВ,
ЎзКУФК тасарруфидаги
Санатор-курортлар
бошқармаси бош мутахассиси:

– Конференцияни ўтказишдан учта асосий мақсад кўзланган. Биринчиси, мамлакатимизда санатор-курортлар фаолиятининг ривожланишини халқаро миқёсда намоён этиш, иккинчиси, тиббий туризмни ривожлантириш ва учинчиси, илмий-амалий таж­рибага эга ходимларнинг жаҳон ва юртимиз миқёсида амалга оширилаётган илмий изланиш­ларни амалиётда қўллашига имконият яратиш. Бунинг учун уч кунлик конференция дастури тузилган бўлиб, ҳар бир мақсадга алоҳида эътибор қаратилган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бу соҳада кўплаб янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Ҳозирда йилига 140 минг нафар одам даволанаётган бўлса, келгусида бу кўрсаткични 150 мингтага етказиш режалаштирилмоқда. Хорижлик ҳамкасбларимиз мамлакатимиздаги санатор-курортлар фаолиятига катта қизиқиш билдираётгани, ўйлайманки, амалга оширилаётган ишларнинг амалдаги самарасидир.

Весела КЕХАЕВА,
Болгария вакили,
ФИЗ Евро-Ўртаерденгизи
университети халқаро алоқалар
бўлими мутахассиси:

– Мазкур конференция ҳамкорлик алоқаларини мус­таҳкамлаш, санатор-курортлар фаолиятини яхшилаш йўлидаги тажрибаларни ўзаро алмашишга хизмат қилади. Очиғи, Ўзбекис­тондаги санаторийлар менга жуда ёқди. Уларнинг баҳаво тоғ ёнбағирларида жойлашгани, архитектураси, дизайни ва яратилган шароитлар эътиборимни тортди. Келажакда Ўзбекис­тон ва Болгария санатор-курортлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз.

Бошқа хабарлар