«Жамоа газетани одамларга ўқита оляпти»

133

«Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари ижодий жамоасининг муштарийлар билан ижодий учрашувларининг ­навбатдагиси Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида бўлиб ўтди.

Таҳририят ходимларини Андижонда Муҳаммад Юсуф, Фарғонада Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаблари ўқувчилари улуғ шоирларимизнинг ўлмас ва умрбоқий шеърлари билан қарши олишди. Халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ҳамда истиқлолни ўзининг гўзал шеър ва достонларида юксак маҳорат билан ифодалаган ижодкорлар ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Таҳририят жамоаси ва муштарийлар адибларнинг мемориал музейлари билан яқиндан танишишди.

Таъкидлаш жоизки, газеталарда чоп этилаётган ранг-баранг мавзудаги мақолалар муштарийларни бефарқ қолдираётгани йўқ. Айниқса, таҳлилий ва танқидий мақолаларга кенг ўрин берилмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида газета саҳифаларида 150 тадан ортиқ танқидий мақола берилиб, уларнинг 80 таси ижобий ҳал этилди. Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, тарих, адабиёт, маънавият сингари мавзуларнинг кенг ёритилаётгани ҳам муштарийлар қизиқишини оширмоқда.
Газетхонларнинг фикри­­ни ўрганиш, қайси мавзулар ўқувчиларни кўпроқ қизиқтиришини билиш мақсадида ташкил этилган учрашувларда газеталарнинг мавзу-мундарижасини янада бойитишга арзигулик таклифлар бериляпти.
Қуйида шундай фикрларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Усмонжон АҲМЕДОВ,
меҳнат фахрийси (Андижон вилояти):

– Газетанинг вазифаси хабардор этиш, тарғибот қилиш, кўнглидаги дард-у ташвишларини айтиши учун одамларга минбар бериш, баҳс, фикр ва мулоҳазаларга ҳамда муайян соҳадаги ­муаммоларга қаратилган танқидий-таҳлилий чиқишларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Бугун «Ishonch»да мана шу жиҳатларнинг барчасини кўриб хурсанд бўляпмиз.
Президентимиз «Халқ давлатга эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!»деган тамойил­­ни илгари суряпти. Газетада турли соҳалардаги оғриқли муаммолар кўтарилган мақолалар, кўпчиликни қизиқтираётган ва муштарийлар томонидан йўлланган саволларни тегишли ташкилотларга йўналтириш (масалан, «Бош прокуратура диққатига!», «Халқ таълими вазирлиги эътиборига!» ва ҳоказо) анъанаси йўлга қўйилганини юқоридаги тамойилни янада ҳаракатга келтиришга ҳисса қўшиш деб баҳолаймиз. Мавзулар ранг-баранг, дадиллик бор.
«Матбуот бонг уради» рукни остида маҳаллий ва марказий нашрларда эълон қилинган сара мақолалар ҳақида қисқача анонс бериб борилаётгани ҳам таҳририятнинг бағрикенглигидан далолат.

Ғолибжон Абдуллаев,
журналист, сиёсатшунос (Андижон вилояти):

– «Бугунги давр кишилари газета ўқимай қўйяпти», деган гапни кўп эшитамиз. Бу ­фикрга қўшилмайман. Газетани ўқита олиш таҳририят, жамоадаги журналистларнинг ўзига боғлиқ. Дадил айтишим мумкинки, «Ishonch» бу вазифаларни уддалаяпти.
Битта мисол: Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ўтган йили «Мард элга қайишади» деган таҳлилий мақола орқали ­Шавкат Мирзиёев феномени жуда чиройли очиб берилган. Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг яқинда эълон қилинган «Илк ва сўнгги сўзимиз: Ватан!» сарлавҳали мақоласини юқоридаги чиқишнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Очиқ айтсак, мамлакатимизда амалга оширилган катта ўзгаришлар ҳақида ҳали бошқа бирор нашрда мана шундай янги фикр, кучли таҳлил, халқчил материални кўрмадим. «Ishonch» шу маънода ўз феноменини яратяпти. Мана шу йўлдан оғишмай давом этиш керак.
Таълим муаммоларига бағишланган қатор мақолалар, ҳатто халқ таълими вазирига очиқ хат эълон қилинди. Таълим масаласи газетанинг доимий кун тартибида туришини таклиф қиламан. Тизимда бартараф этилиши зарур бўлган муаммолар талайгина. Уларнинг илдизларини аниқлайдиган таҳлилий мақолаларни бериш айни муддао. Бир сўз билан айтганда, газетадан катта-ю кичик, олим-у деҳқон, қурувчи-ю сиёсатшунос – барча қатлам ўзи учун керакли мавзуни топа олади.

Икромжон Аслий,
шоир (Андижон вилояти):

– Мен ҳар икки газетани бағрикенг нашр деб биламан. Чунки таҳририят ижодий жараёнда ўз мухбирларигагина суяниб қолмай, чет муаллифлар билан ҳам фаол ишлайди. Шахсан ўзимнинг ҳам йил давомида бир қанча битикларим чоп этилди.
«Ishonch»да мумтоз шоирларимиздан тортиб, замонавий ижодкорлар асарлари, муаллифларнинг суратлари билан бирга саҳифа-саҳифа туркумлар берилаётгани, эссе, новелла, адабий танқид, ҳатто дос­тонлар эълон қилинаётганини олқишлаш зарур. Шу жиҳатдан «Ishonch» адабиёт газетасига ҳам кўмаклашаётгандай. Демак, у вақтли матбуот эмас, балки кутубхоналарда сақлаб, йиллар давомида ўқишга арзийдиган нашрдир.

Абдурашид Эргашев,
Асака туманидаги 26-умумтаълим мактабининг
бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси:

– Касаба уюшмалари фаолияти, маънавият, миллий анъаналаримиз, урф-­одатларимиз тарғиботига бағишланган, шунинг баробарида менталитетимизга зид жиҳатлар хусусидаги таҳлилий мақолаларни қолдирмай ўқиб бораман. Уларни ҳамкасбларимизга ҳам тарғиб қиламан. «Блогерлар бурчаги» рукни очилгани ҳам жуда маъқул бўлди. Чунки орамизда интернетдан фойдалана олмайдиган, аммо доим газета ўқиб борадиганлар ҳам кўп. Шу маънода ижтимоий тармоқлардаги постлардан энг саралари тақдим этиб борилиши ҳам жуда яхши лойиҳадир.

Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари
бирлашмаси кенгаши раиси:

– Кейинги йилларда газетада сара мақолаларнинг сони кескин ошди. Тараққиётга тўғаноқ бўлаётган омиллар, ён-атрофимиздаги ижтимоий муаммолар дадил кўтариб чиқилмоқда. Танқидий, таҳлилий, мушоҳадага чорловчи мақолалар эса муштарийларнинг газетага бўлган ишончини янада орттирмоқда. Муболағасиз айтиш мумкинки, севимли нашримиз бўлган «Ishonch» чинакам халқ минбарига айланиб бормоқда.

Шоҳидахон КАРИМОВА,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгашининг Фарғона вилояти
бўйича масъул ташкилотчиси:

– «Ishonch» газетасида мамлакатда кечаётган ислоҳотлар жараёни, одамларнинг онг-у тафаккуридаги ўзгаришларни акс эттирувчи ҳаётий мақолалар кўплаб бериляпти. Ҳамкасбларим билан давра суҳбати ташкил этсак, доимо ушбу нашрда чоп этилган мақолалар муҳокама қилинади. Айниқса, саломатлигимизни асрашга оид мавзулар кўтарилаётгани кўпчиликда қизиқиш уйғотяпти. Шуни инобатга олиб, газетада «Саломатлик саҳифаси» ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси:

– «Ishonch» газетаси кейин­­ги йилларда ҳар жиҳатдан ўзгарди. Аввало, мавзуларнинг ранг-баранглиги, таҳлилий мақолалар, асос­­ли хулосалар, таклифлар газетхонни бефарқ қолдираётгани йўқ. Иккинчидан, дизайни жудаям ўзгарди. Буни бошқа газеталар яхши маънода ўзлаштирмоқда. Жиддий-жиддий масалаларнинг кўтариб чиқилиши бугун уни чин маънода халқ газетасига айлантирди.
Ишонч билан айтишим мумкинки, газета бугун танқидий мақолалар бериш бўйича етакчилик қилмоқда. Масалан, «Тор жойдаги томошалар», «Тез айтиш»да ким ғолиб?», «Салла ўрнига калла», «Мураббий нега ошпазга айланди?» каби мақолаларда жиддий масалалар кўтарилган.
Айниқса, Қудратилла Рафиқовнинг «Илк ва сўнг­­ги сўзимиз: Ватан!» мақоласи кўпчиликнинг кўнглидан жой олди. Барча соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Уни ҳар биримиз фарзандларимизга ҳам ўқиб беришимиз лозим. Бундан кейин ҳам мана шундай кенг қамровли, таъсирчан мақолалар кўпроқ берилса, газетанинг нуфузи бундан-да юксалишига шубҳа йўқ.
Яна бир таклифим шуки, хорижий мамлакатлар касаба уюшмаларининг иш тажрибаси ҳақида мақолалар кўпроқ берилиши фойдадан холи бўлмайди. Шунда бош­ланғич касаба уюшма раислари, шу соҳадаги мутахассислар ўз бурчи, вазифаси, ҳуқуқи ва амалиётни кўпроқ билиб олган бўлар эди.

Гулнора ЮСУПОВА,
«Posco International Textile» LLC
касаба уюшма қўмитаси раиси:

– «Posco International Textile»LLC чет эл хусусий корхонасида 4 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида чоп этилаётган мақолаларни севиб мутолаа қиламиз. Шу ўринда бир хабарни айтсам, яқинда «Ishonch»да чоп этилган мақола Жанубий Кореянинг корпорациясининг сайтида ҳам кўчириб босилди ҳамда дунё бўйлаб 101 та корхона ходимлари ўқишди. Таклифим: иш тажрибамизни янада ошириш учун газетада Ўзбекистондаги чет эл корхоналари касаба уюшма ташкилотлари фаолияти кенгроқ ёритилиши айни муддаодир Бу, албатта, барча касабақўмлар учун фойдали бўлар эди.

Шуҳрат МУСАЕВ,
Наманган вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси:

Бу каби учрашувларни газетанинг халқ олдидаги ҳисоботи десак, хато қилмаган бўламиз. «Ishonch»да биз бугун ва эртага қилмоқчи бўлган ишларимиз инъикоси акс этади. Газета ҳар соҳада бизга кўмакчи. «Ishonch»ни халқимизга янада яқинлаштириш мақсадида бирлашмада «Ishonch» хонаси»ни ташкил қилишни режалаштирдик. Келгусида газетани истаган киши келиб, шу ерда мутолаа қилиш имкони туғилади.

Зиёвуддин МАНСУР,
шоир:

Бугунги газеталар олдида турган асосий вазифа, энг аввало, ахборот долзарблиги, тезкорлигини таъминлаш. Шу ўринда журналистлар ахборотнинг ҳаққонийлигига ҳам жавобгардир. Бу эса «Ishonch» ходимлари ёзаётганларида яққол акс этмоқда. Ҳали танилиб улгурмаган ёш ижодкорлар учун «Ёшлар минбари» ташкил этилса, бу ёшларнинг ҳам аста-секин шу орқали ўз мухлисларини топишига ҳисса қўшган бўлар эди.

Равшан МИРЗАОЛИМОВ,
«Қишлоқ ҳаёти» газетасининг
Наманган вилояти бўйича мухбири:

– Газетадаги сарлавҳа ва рукнларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Кўпгина газеталар бу борада ўрнак олсак арзийди. Шу ўринда чекка қиш­лоқ мактабларида ёшлар ўртасида «Ishonch» умидлари» деган танловлар уюштирилса, келгусида журналист бўлиш орзусида юрган ёшларга имкон берилган бўларди. Яна бир таклифим шуки, ҳозир ҳамманинг ҳам обуна бўлишга қурби етмайди. Одамлар гавжум жойларда «Ishonch» жавони» ташкил этилса, у ерда истаган газетхон «Ishonch»ни ўқий олса!

Жамолиддин МУСЛИМ,
Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти
бўлими раиси:

– Бугун газета оддий халқнинг эътиқодига айланиб улгургани фақат унинг номида эмас, балки таҳририят ходимларининг саъй-ҳаракатларида, деб ўйлайман. Бугун интернет замони! Ҳар ким, айниқса, айрим блогерлар ўзи нимани тўғри деб билса, шу ҳақда интернет тармоқларида турли-туман фикрлар билдиришмоқда. Уларнинг орасида қайси бири холис-ҳаққонийлигини ажратиб олиш анчайин мушкул. Таклифим: газетада «Блогерга жавоб» рукни очилса, бунда профессионал журналистлар айтилаётган янгиликка холис баҳо берса, нур устига нур бўлар эди.

Лутфиддин ҒАНИЕВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба
уюшмаси Республика кенгашининг Наманган
вилояти бўйича масъул ташкилотчиси:

– Газета саҳифаларида чоп этилаётган турфа мақолаларнинг ҳар бирида газетхонлар учун ўрганадиган ва ўқиб бошқаларга ўргатадиган бой илм бор. Айниқса, нашр ўқитувиларимиз учун кенг билим манбаи. «Сўранг, жавоб берамиз» рукни остида материаллар бериб борилса, янада мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Таҳририятдан: Учрашувлар бир йилда бир маротаба эмас, балки тез-тез ўтказилиши ҳар икки томон учун фойдали бўлиши ҳам алоҳида таъкидланди.

Нурилла НЎЪМОНОВ,
Жамшид ЭРГАШЕВ,
Орзигул РУСТАМОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар