Янги тараққиёт босқичидаги вилоят

77

Айни пайтда Тошкент вилоятида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга ошириляпти.Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, спорт, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм, тадбиркорлик каби турли жабҳаларда янгиланишлар жараёни авжида. Пастқам уйлар, кўримсиз маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари ўрнида замонавий бинолар, сайилгоҳлар, мактаб, боғчалар, меҳмонхоналар қад ростлади ва бу жараён изчил давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йили Тошкент вилояти маркази сифатида Нурафшон шаҳри вужудга келди. Ўтган йили унинг бош режаси ишлаб чиқилган эди. Ҳозирда бу ерда бунёдкорлик ишлари жадал суръатда. Хусусан, Тошкент йўли кўчаси кенгайтирилиб, бир қаватли эски иморатлар ўрнида кўп қаватли уйлар, офислар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда. Йил охиригача 8 та банк филиали ва 9 та маъмурий бино фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Шу жумладан, Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 5 қаватли замонавий маъмурий биноси қурилиши ҳам бошлаб юборилган.

Инсон манфаатлари йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг жорий йил 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида ­кўплаб соҳалар қатори коммунал соҳа, жумладан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. «Осиё тараққиёт банки» иштирокидаги қиймати 144 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари ҳозирдаёқ ўзининг ижобий натижасини бера бошлади.
Биргина Оққўрғон тумани «Ҳамзаобод» МФЙнинг ўн олтита кўчасидаги етти юзтадан зиёд хонадонни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 8,5 километр масофага қувур ётқизилди. Бу юмушга бир ярим миллиард сўм маблағ сарфланди. Икки юз қирқ миллион сўм эвазига иккита сув минораси қад ростлади. Қурилиш ишлари икки ярим ойда тўла-тўкис якунланди. Шу тариқа салкам ўттиз йил мобайнида ичимлик сувидан қийналган тўрт минг нафар аҳоли эҳтиёжи қондирилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ўзгаришлар бошланганини эътироф этиш лозим. Тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, аҳоли орасида юқумли ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш мақсадида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиника ва қиш­лоқ врачлик пунктлари замон талаб­лари даражасида таъмирланмоқда. Ҳозирда барча туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларида реконструкция ишлари авжида. Нафақат марказ, балки чекка ҳудудлардаги шифо ­масканларига тажрибали ва малакали шифокорлар жалб этилмоқда. Яна бир муҳим янгилик, соҳага инновацион лойиҳалар кириб келмоқда. Буни Олмалиқ шаҳридаги 2-оилавий поликлиника ва Пискент тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси «Электрон полик­линика»га айлантирилаётгани мисолида кўриш мумкин. Бу ерда ­навбатга ёзилиш, тиббий маълумотномалар электрон тарзда қайд этилади. Натижада одамларга уйда ўтирган ҳолда олдиндан навбат олиш имкони яратилади.

Илдамлаётган иқтисод

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик суръати ҳам жадаллик билан ўсиб бормоқда. Кундан-кунга тадбиркорлик субъектлари кўпайиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир. Жумладан, ўтган ярим йил давомида вилоятда 5413 та янги корхона ва ташкилот ишга тушди. Натижада мана шундай тузилмалар сони 35 мингтадан ошиб кетди. Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, 29 минг 550 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 29 минг 284 таси ёки 99,1 фоизи кичик бизнес субъекти ҳисобланади.
Бундан ташқари, вилоятда ташқи савдо айланмаси ҳам сезиларли равишда ошган. Жумладан, жорий йилнинг январь-июнь ойлари бўйича бу кўрсаткич 2249,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шу тариқа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 139,2 фоизга ўсишга эришилди.

Саноат салоҳияти янада ошади

Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 40 триллион 300 миллиард сўмлик 800 тага яқин лойиҳадан иборат дастур ишлаб чиқилган эди. Ушбу лойиҳаларнинг 300 дан зиёди саноат соҳасига тегишли. Ҳудудлар саноатини комплекс ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи ташаббуси билан бунга яна 310 та қўшимча лойиҳа шакллантирилди.
Кези келганда айтиш лозимки, вилоятда 2019-2022 йилларда умумий қиймати қарийб 51 триллион сўмлик 636 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 4,2 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш орқали саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2, аҳоли даромадларини 2,1 баробар ошириш кўзда тутилган. Бу 51 мингдан ортиқ доимий иш жойи ташкил этиш имконини беради. Муҳим жиҳати шундаки, вилоят саноатини ривожлантириш бўйича таклиф этилган лойиҳаларнинг 60 фоизи бўш турган объектлар ва ер майдонларига жойлаштирилди. Масалан, биргина Янгийўл туманида 250 гектар ер ва 350 минг квадрат метр майдонга эга бинолар, Янгийўл шаҳрида 64 гектар ер ва 136 минг квадрат метр иншоотлар бўш тургани аниқланган.
Президентимизнинг жорий йил 21 июнда қабул қилинган «Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори барча ҳудудлардаги сингари Тошкент вилоятидаги кичик саноат зоналари учун ҳам айни муддао бўлди. Бундан фойдаланиб, вилоятда саноатни изчил ривожлантириш, бўш объектлар негизида янги қувватларни ишга тушириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Уларнинг ижроси юзасидан жойларда амалий ишлар бажарилмоқда. Жумладан, Янгийўл шаҳрида ташкил этилаётган саноат зонасида қиймати қарийб 22,5 миллион доллар бўлган қатор инвес­тиция лойи­ҳалари амалга оширилади. Жумладан, «BK Medicare» масъулияти чекланган жамияти қиймати 5 миллион 490 минг АҚШ долларига тенг фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади. Бундан ташқари, «Korea System» МЧЖ енгил автомашиналар учун эҳтиёт қисмлари, «Namgang» МЧЖ қадоқлаш қутилари, «Hanra Steel» ва «BK Chemical» МЧЖлари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бундан ташқари, ноанъанавий ўсимлик мойларини қайта ишлаш ва шу каби бош­­қа бир қатор лойиҳалар амалга оширилади. 2019-2021 йилларга мўлжалланган мазкур хорижий инвестиция лойи­ҳалари тўлиқ амалга оширилиши билан саноат зонасида 200 та янги иш ўрни яратилади.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2019-2020 йилларда Тошкент вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйи­­ча қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Қарор асосида 2019-2020 йилларда Тошкент вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури маъқулланди.
Дастурга мувофиқ, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 бараварга, экспорт ҳажми 1,4 бараварга ошади ҳамда 49 000 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилади.

Беш ташаббус – беш имкон

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар банд­лигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та муҳим ташаббусни илгари сурди.
Қувонарли жиҳати шундаки, Бўка тумани давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган ҳаётбахш ташаббусини ҳаётга жорий этиш бўйича намуна қилиб олинган. Бугун ушбу ташаббуслар ижроси бўйича бош­ланган ишлар бўкаликлар ҳаётига том маънода янги давр руҳини олиб кирди.
Биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида 280 га яқин тўгарак ташкил этилди. Бир пайтлар фаолияти тўхтаб қолган маданият марказлари, кутубхоналар яна гавжумлашди. Мактаблардаги тўгарак­лар хоналари мусиқа асбоблари билан таъминланмоқда. Бу каби тадбирлар орқали тумандаги 10 минг нафарга яқин ўғил-қизни санъат йўналишига қамраб олиш мақсад қилинган.
Иккинчи ташаббус асосида фарзанд­ларимизни жисмоний чиниқтириш, спортдаги қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиш мақсадида мактаблардаги спорт тўгараклари сони 35 тадан 64 тага етказилди. Маҳаллалардаги спорт майдончалари таъмирланиб, ободонлаштирилди. «Ровот», «Катта Ровот», «Навобод» маҳаллаларида замонавий футбол ва волейбол майдончалари барпо этиляпти.
Учинчи ташаббус бўйича тумандаги барча мактабларни компьютер техникаси ва юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Туман марказида яқинда ташкил этилган «Рақамли технология­лар» ўқув маркази ёшлар, умуман, аҳолининг компьютер саводхонлигини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчи ташаббус доирасида туманда «Китоб карвони» тадбирлари ташкил этилиб, 20 мингдан зиёд бадиий китоб аҳоли, жумладан, ёшларга совға қилинди. 5 та маҳалла кутубхонаси иш бошлади.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда «Бўстон», «Чавлисой», «Рамадон», «Катта Ровот» маҳаллаларининг ҳар бирида 300 иш ўрнига эга 4 та тикувчилик корхонаси барпо этилди. Уларда 1 минг 200 нафардан зиёд хотин-қиз ишли бўлди. Айниқса, туманнинг ­«Бўстон» маҳалласида улкан ­бунёдкорлик ишлари бажарилди. Уйларнинг ташқи қисми таъмирланиб, томлари янгиланди, янги дарвозалар ўрнатилди. Йўлларга асфальт ётқизилди, кўча чироқлари ўрнатилди. 4,3 километр газ қувури демонтаж қилинди, 2,3 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилди. Хонадонларга газ баллонлари тарқатилди.
Маҳалла марказидаги Ёшлар истироҳат боғида йигит-қизлар волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, стол тенниси билан шуғулланади, аттракционлар, рақс майдони, интернет кафеда вақтини мазмунли ўтказади. Ҳудудда китобхонликни оммалаштириш мақсадида «Халқ кутубхонаси» ташкил этилди. Янги маҳалла биноси қад ростлади. 450 томошабинга мўлжалланган ­«Бўстон арена» стадиони реконструкция қилинди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансига ўтказилган стадионда барча зарур ­шароитлар яратилган. Бу ерда 100 нафардан зиёд ўқувчи-ёш футбол билан шуғулланади.
Маҳалладаги 7-қишлоқ оилавий поликлиникаси мукаммал таъмирланиб, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 100 қатновга мўлжалланган шифо маскани бешта маҳалладаги 14 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда кундузги стационар, ижтимоий дорихона, электрон поликлиника тизими йўлга ­қўйилди. Ташкил этилган ­«Бўстон барака чеварлари» МЧЖга қарашли тикувчилик цехида 150 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.
Президентимиз жорий йил июнь ойидаги ташрифи давомида мазкур корхонага ҳам бориб, санъатнинг турли йўналишидаги тўгаракларга қатнаётган ўғил-қизлар билан суҳбатлашди. Тумандаги 27-умумтаълим мактаби 3-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубова бешта муҳим ташаббусга бағиш­ланган шеърини ўқиб берди. Давлатимиз раҳбари қизига яхши таълим-тарбия, ижодий муҳит ва шароит яратиб бергани учун Фазилатнинг отасига автомобиль совға қилди. Ўзига эса ­уйида кутубхона очиб беришини айтди. Эътиборли жиҳати Мустақиллик байрами арафасида «Фазилатхон» кутубхонаси тантанали равишда очилди.
Дарҳақиқат, Тошкент вилояти бугун ўзгаришлар майдонига айланиб, вилоят аҳли янгича руҳда яшамоқда. Вилоят маркази Нурафшондан тортиб бошқа барча туман ва шаҳарлардаги янгиланишлар инсонларнинг ҳаётига қувонч ва фаровонлик олиб кирмоқда. Бу, албатта, давлатимиз раҳбарининг «Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак» деган эзгу тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Муроджон НОСИРОВ,
Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар