Ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда

28

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Татаристон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.

Унда меҳмонларга Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг фарзанд­ларини соғломлаштириш, ёшларни касаба уюшмаларига жалб этиш, халқаро ҳамкорликни ривож­лантириш борасидаги тизимли тадбирлар, мамлакатимизда юритилаётган изчил ижтимоий сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар, санатор-курортлар фаолияти ҳамда бошқа ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Касаба уюшмаларининг ижтимоий мулоқотни ривож­лантириш борасидаги фаолиятини кучайтиришга йўналтирилган ишлар ва шу мақсадда жамоа музокаралари ҳамда жамоа-шартномавий муносабатларни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан муфассал сўз юритилди.
Мулоқот чоғида икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ­мустаҳкамлаш, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш тизимини йўлга ­қўйишга келишиб олинди.
Татаристон касаба уюшмалари Федерацияси раи­­си Елена Кузьмичева ушбу учрашув спорт ва туризм­ни ривож­лантириш, санатор-курортлар фаолиятини яхшилаш бўйича тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Делегация аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги «Косонсой», «Чинобод», «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийлари фаолия­­ти билан танишишди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар