Чиқитга айланаётган хомашё

62

ёхуд Чироқчида чарм маҳсулотлари тайёрлаш имконияти йўқми?

Сизга ёлғон, менга чин, республика миқёсида энг кўп қўй ва мол Қашқадарёнинг Чироқчи туманида сўйилади. Тери қабул қилиш ва топшириш билан шуғулланган танишим Отабек Яхшибоевнинг айтишича, бундан беш-ўн йил муқаддам бир ҳафтада Чироқчи туманидан ўн минг донага яқин тери йиғиб олинган ва хорижга хомашё сифатида сотилган. Бироқ бугунги кунда аҳвол анчагина ўзгарган.

– Божхона харажатлари ошгани туфайли териларни хориж­га жўнатиш деярли тўхтаган, – ­дейди Отабек. – Қашқадарёда терини қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулот қиладиган корхона йўқ. Шу боис, ҳар куни минг­лаб қўй терилари чиқиндига чиқариб ташланмоқда… Олдин қишлоқма-қиш­лоқ ким қўй сўйса, тери излаб юрардик. Энди эса терига эҳтиёж қолмаган ҳисоб. Бугунги кунда қатор-қатор чиқинди ташиш машиналари сон-саноқсиз териларни туман чиқиндихонасига тўкиб ­келяпти.
Нафақат чиқиндихона, қишлоқ ичидаги йўллар бўйида ҳам уюм-уюм пўстакларни учратиш одатий ҳолга айланди. Ёзнинг иссиғида уларнинг ҳидига чидаш янаям қийин.
– Яқинда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ишлаб келдим, – сўзида давом этди Отабек. – У ерда бир тадбиркор турк ишбилармонлари билан ҳамкорликда пойабзал цехини ишга туширибди.
Тадбиркор тери хомашёсини анчагина қиммат нархда сотиб олиб, уни қайта ишлаб, эркаклар, аёллар, болалар учун сифатли пойабзал чиқарар экан.
Нафақат пойабзалнинг устки қисмини, балки тагини ҳам чармдан тайёрлаши эътиборимни тортди. Яъни, ишчилар чармни эритиб, қолипга қўйишар, натижада сифатли тагчарм ҳосил бўлар экан. Хуллас, иш бошлаганига эндигина бир йил бўлган корхонада 50-60 киши фойдали юмуш билан банд: аёллар пойабзалнинг устини тикса, эркаклар тагчармни тайёрлаб беришмоқда. Дўкондорлар битта туфлини цехдан 10-15 минг тенгега сотиб олишиб, харидорга 20-25 минг тенгега сотишаётганини кўрдим. Туфлилар cифатли, бемалол 5-6 йил чидаб беради. Энг эътиборлиси, ишчиларнинг аксарияти Ўзбекистондан борган эркаклар ва аёллар …
– Сир бўлмаса, у ердаги ойлик маошлар қанча? – сўрайман Отабекдан.
– Ўзимизнинг сўмга айлантирганда оддий ишчилар бир миллион саккиз юз минг-икки миллион, усталари эса икки ярим-уч миллион сўмгача ойлик олишади.
Ўйлаб қоламан, нега энди Қашқадарёнинг бир туманида ойига қирқ-эллик мингтагача қўй-мол сўйилади-ю, бирорта ҳам терини қайта ишлайдиган ёки улардан чарм маҳсулотли буюмлар тайёрлайдиган корхона йўқ? Бу биттагина Чироқчи тумани мисолидаги гаплар. Энди буни бутун вилоят ёки республика миқёсига айлантириб кўринг, қанчадан-қанча қўй териси чиқиндихоналарга кетаётган экан?..
Ахир, теридан ҳам жуда кўп маҳсулот тайёрланиши барчага маълум-ку! Сифатли туфлилардан ташқари, қайиш­лар, сумкалар, курткалар, ҳатто бир неча хил елим маҳсулотларига ҳам тери асосий хомашё вазифасини бажариб беради.
Қачонгача болаларимиз-у ўзимизга «дермантин» пойабзал олиб, ҳар ойда алмаштиришга мажбур бўламиз. Шундай экан, чиқитга чиқаётган уюм-уюм қўй териларидан самарали фойдаланиш чораларини излаш вақти келмадимикан?.
Сизнинг фикрингиз қандай, муҳтарам мутасаддилар, ҳурматли тадбиркорлар?

Акмал Абдиев,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар