МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ЯГОНА ГУЛҚОҒОЗЛАР ЗАВОДИ

47

илк маҳаллий маҳсулот асосчиси

         Флизелин асосидаги винил гулқоғозлар хонадон ва офисларни безатишда кенг қўлланилади. Лекин шу кунга қадар мамлакатда ушбу маҳсулотга бўлган талаб тўлалигича импорт ҳисобидан қоплаб келинаётган  эди.

Яқинда “Ўзсаноатқурилишбанк” ташаббуси билан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Pergament Quality Exclusive” корхонасига  журналистлар учун пресс-тур уюштирилди. Унда бозорларимизда талаб жуда юқори бўлган қурилиш маҳсулотларидан бири  – гулқоғозлар эндиликда ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётгани маълум қилинди.

– Корхонамиз нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ягона флезилин асосли винил гулқоғозлар ишлаб чиқарувчи саналади, – дейди пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган  “Pergament Quality Exclusive” МЧЖ таъсисчиси Аваз Ғайбуллаев. – Маҳсулотларимиз сифати Европа ишлаб чиқарувчилариники билан бир хил бўлишига қарамай, бозорга чет элникидан икки бараваргача арзон нархда етказиб берилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга қарийб 12 миллион ўрам гулқоғоз импорт қилинган. “Ўзсаноатқурилишбанк” молиявий кўмагида эндиликда “Pergament Quality Exclusive”  корхонасидайилига 2 миллион 640 минг ўрам гулқоғоз ишлаб чиқариладиган бўлди.

– Бу миқдор билан чекланиб қолмаймиз, албатта, – дейди корхона таъсисчиси журналистлар билан мулоқотда. – Келгуси йилдан иккинчи линияни ишга тушириб, ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга ошириш ниятидамиз. Бундан ташқари, хом ашёнинг 30-40 фоизини маҳаллийлаштириш, турдош қурилиш материалларини ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз.

Корхона томонидан жорий йилнинг январь – октябрь ойлари давомида 39 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.Қўшни мамлакатларга, шунингдек, Озарбайжон ҳамда Ҳиндистонга 1,4 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишди.

Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch”

Бошқа хабарлар