Оилани асраш – оламни асраш

39

Жорий йилнинг ўтган даврида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ажрашиш арафасида турган 2975 та оиланинг шароити ўрганилди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг 1783 таси яраштирилиб, 2878 та бола тирик етим бўлиб қолиш хавфидан қутулди. Шунингдек, жойлардаги судларга ажрашиш мақсадида ариза берган 1097 нафар эр-хотиннинг 141 таси ўз фикридан қайтди.

Яхши тарғибот

Вилоятда оилавий ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 56 тага камайди. Аҳоли ва тегишли ташкилотлар ўртасида «Соғлом оила – соғлом жамият» мавзусида ўтказилган ўқув-маърифий тадбирларда шу кунгача салкам 70 минг нафар киши қатнашди. Уларнинг 4526 нафари эндигина оила қурган ёшлар бўлса, 3526 нафари оила қуриш остонасида турган йигит-қизлардан иборат бўлди.

Ажримлар сабаби нимада?

Таассуфки, ҳудудда оилавий ажримлар олдини тўлиқ олиб бўлмаяпти. Демак, бу борада муаммолар бор. Маълумотларга қараганда ажримнинг 67 фоизига эр-хотиннинг келишмовчилиги, 15 фоизига эса қайнона-қайнота ва бошқаларнинг аралашуви, 9 фоизига ичкилик, 1 фоизига ишсизлик, моддий қийинчилик, салкам 4 фоизига эса бошқа зарарли одатлар, яъни ахлоқсизлик, касаллик, беписандлик, номуносиб­лик сабаб бўлмоқда.

Энг фойдали тадбир

Мавжуд муаммолар моҳиятини ўрганиш ва уларни бартараф этиш оилавий ажримларнинг олдини олишда асқотиши турган гап. Навоий вилоятида жорий йилда оилаларни индивидуал тарзда ўрганиш, таҳлил қилиш ва юзага чиққан камчиликларни биргалашиб бартараф қилиш натижасида қийин вазиятга тушиб қолган 104 та оиланинг 102 тасида ажримнинг олди олинди.

Ибрат намунаси

Яқинда Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да «Ибратли оила» республика кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда биринчи ўринни Қизилтепа туманидаги Шаҳриддин Кенжаевлар, иккинчи ўринни Нурота туманидаги Ғайрат Алимовлар, учинчи ўринни эса карманалик Элмурод Кенжаевлар оиласи эгаллади.
Ушбу тадбирнинг маҳалла, туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичида 10 минг нафардан ортиқ намунали оилалар вакиллари қатнашди.

Нормурод МУСОМОВ
тайёрлади

Бошқа хабарлар