СБЁВ – хавфли «хасталик»

68

Кундалик мулоқотимиз давомида истасак-истамасак бир-биримизга қайсидир иллат ёки фазилатнинг ўзлаштирилиши ёки «юқиши»га сабабчи бўламиз. Шуларнинг ичида энг оммавийси «сўзларни бузиб ёзиш вируси» билан «хасталаниш»дир.

Бу ҳолат сизга қанчалик таъсир қилади, билмадим-у, мен сўзлардаги хатоликларни кўрганимда беихтиёр қаттиқ асабийлашадиган бўлиб қолганман.
Бир куни яқин дугонам «Салом, қалайс? б6ляптими cарчамаяпсм дам олиwла бн нма ­енгликла« деб ёзиб қолди. Тўғриси, жавоб қайтаргим келмади! Бир томондан, менга нисбатан оқибатлилигини ўйлаб қувонган бўлсам, бир томондан, унга бўлган ҳурматим бир поғона тушди. Ўша куни атайин бошқаларнинг ёзганларини ҳам диққат билан кузатдим. Афсуски, бу фақат битта дугонамга хос нуқсон бўлиб чиқмади…
Гуруҳлардан биридаги суҳбатларни кўздан кечирар эканман, бунга жим қараб тура олмадим. Уларга мурожаат билан юзландим: «Ассалому алайкум, дўстлар! Соғ-саломатмисиз? Биз – Ватаннинг келажагимиз! Илтимос, Конс­титуциямизда белгилаб берилган ҳуқуқ ва мажбуриятларимизга қандай амал қилсак, «Давлат тили ҳақида»ги қонун борлигини, унга амал қилиш зарур ва шартлигини эсдан чиқариб қўймайлик! Одатда йўл қоидаси бузилса, қонун олдида жаримага тортилишини ким билмайди ахир! Келинглар, тилимиздаги қоидаларни ҳам бузмасликка ҳаракат қилайлик! Виж­донимиз, саводимиз, буюк адабиётимиз, тилимиз, келажагимиз олдида жарима тўламаслик, юзимиз шувут бўлмаслиги учун!».

Назокат ШАРИПБОЕВА,
Қорақалпоқ давлат университети талабаси

Бошқа хабарлар