Сохта чирой «сир»лари

38

ёхуд ўзликдан воз кечишга сарфланаётган сармоя

Шу кеча-кундузда интернетга кирган заҳотингиз пластик жарроҳликнинг «нодир намуналари»ни, яъни салқиган қовоқларнинг амалиётдан сўнг «идеал» қиёфага келтирилгани «до» ва «после» кўринишдаги суратлар билан реклама қилинаётганига бот-бот кўзингиз тушиши аниқ. Бундай рекламалар остида қолдирилган изоҳларнинг аксариятида жарроҳнинг меҳнатига тасаннолар айтилиб, барча бирдек уни кўкларга кўтараётгани ҳам бор гап. Ҳақиқатан,мутахассисларнинг одам қиёфаси устида олиб борган амалиёти таҳсинга лойиқ. Аммо бу масалада танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак.

Маълумотларга кўра, дунё бўйича шифокорлар орасида энг кўп маош оладиганлар, бу пластик жарроҳлик мутахассислари экан. Шундай бўлиши ҳам керак-да, аслида! Сабаби, бундай шифокорларга битта-яримта «камбағал»нинг иши тушмайди. Уларнинг аксарият мижозлари пулдор, казо-казолар ахир, шундай эмасми?!
Юзида чандиғи, туғма доғлари борлар ёки бўлмаса, танасида ортиғи билан туғилганларнинг пластик жарроҳга мурожаатини тушуниш мумкин. Лекин машҳурлар қиёфасини орзулаб, ўзлигидан, яъни ота-бобоси-ю момосидан мерос ташқи қиёфасидан воз кечаётганларни на оқлаб, на ёқлаб бўлади.
Бундайлар орасида яна кексаликни тан олмайдиганлар ёки гўзалликка муккасидан кетган «қўғирчоқ қиёфа»даги элга таниқли машҳурлар ҳам борки, беихтиёр ўйлаб қоласан киши: таниқли бўлдинг – ақлли бўлдинг дегани эмас эканда-а!
«Хўш, бунинг нимаси ёмон, улар халқ таниган, эл назаридаги одамлар. Демакки, чиройли кўринишда бўлишга мажбурдирлар», дея пластик жарроҳ билан қиёфаси устида кўп ва хўб «ишлашган» машҳурларни оқлаб, фикримизга эътироз билдирадиганлар ҳам орамизда топилади, албатта. Аммо бундай эътирозлар кўп ҳолларда худбинликни ёқлашдан бошқа нарса эмас ва буни анг­лаб етиш учун оқил ёки оқила бўлиш шарт эмас.
Эътибор қилинг, «қирғий» бурнини «чўққи» бурунга айлантириш, юпқа ­лабларини шишириш, қисиқ кўзларини шаҳло кўзга айлантириш, ажин тушган юзларни торттириш учун сиз севадиган ўша машҳурлар «орзу-ҳавасли» одамларнинг тўйларида фоног­рамма қилиб, топган долларларини хорижлик пластик жарроҳларга қўш-қўллаб тутқазишлари сир эмас-ку! Бу маблағлар билан бир чекка қиш­лоқнинг хароба мактабини, боғчасини ёки бўлмаса, кўчасини обод қилса, бир муҳтожнинг корига яраса яхшироқ эмасми? Ҳозир бировнинг чўнтагидаги пулларни ҳисоблайдиган замонмас, пул топаётган экан, омадини берсин, мактаб, боғча, қишлоқ кўчаларига масъул тегишли ташкилотлар бор, муаммоларни ўшалар ҳал қилсин, машҳурларни тинч қўйинг, дерсиз! Тўғри, фикрингизда жон бор. Унда ўша машҳурларнинг машҳурлиги қаерда қолди?
Гап келганда бугун, аёлллар ўртасидаги гўзаллик анъаналари талабларига ҳам ҳайрон қолишимни яшириб ўтирмайман, гарчи ўзим ҳам шу тоифадан бўлсам-да. Айниқса, самурайлар (япон жангчилари)нинг қошларидек «ваҳимали» қош­ларнинг аёллар орасида бугун ­«тренд»далигини кўриб, куйишни ҳам, кулишни ҳам билмайсан киши! Қайси аёлга қараманг, аксарияти ярашса, ярашмаса қалин, тўртбурчак қошларни пешонасига «қўндириб» олган, макияжлари ҳам бир хил. Очиғи, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмай қоляпти, гўёки конвейердан чиққан маҳсулот каби.
Юзи таранг тортилганидан ҳатто, мийиғида ҳам кулолмайдиган, қошлари қалинликда мисоли «ўқлов»дек, лаблари пуфак мисол шиширилган айрим санъаткор аёлларимизни афишаларда тушган расмларидан бирдан таниб олиш ниҳоятда мушкул. Яқинига бориб, исм-фамилия­сини ўқигачгина «ие, сиз, ўшами?», дейишингиз аниқ. Шу кунга қадар машҳур актрисаларимиз Гулчеҳра Жамилованинг шаҳло кўзлари, Гулчеҳра Саъдуллаеванинг бодом қовоқлари, Раъно Ярашеванинг лўппи юзлари, Лола Элтоеванинг бўртган яноқлари, Раъно Шодиеванинг юзидаги сепкиллари билан таниб олардик, аммо бугунги санъаткорларимиз аксариятининг қиёфаси бир хил. Плас­тик жарроҳлик ва замонавий макияж туфайли кўпчилигида икки энлик қош, ҳаммаси шаҳло кўз, кўпчилигининг лаблари дўрдайган. Қиёфасида эсда қоларли ўзига хосликни топиш мушкул.
Ҳар бир хонадонда чақалоқ туғилса, еттига киргунча унинг ҳали етти марта ўзгаришини билсак-да, энг аввало, «чақалоқ кимга ўхшабди?», дея савол берамиз. Ўғил бўлса, отасига ўхшабди, қиз туғилса аммасига ўхшабди, дейилганда, ўзига ўхшаган чақалоқни аммаси-ю холаси «қонимиз бир-да», дея алқаб қўйишади. Бугун бобомерос, момомерос қиёфасидан ими-жимида воз кечаётганлар шу қиёфаси билан бирга қариндош-уруғлари сиймосини ҳам пластик жарроҳнинг чиқит челагига «ғижимлаб» ташлаб қайтаётганини билишармикин?! Хўш, энди айтинг-чи, ўзлигидан воз кечаётганлардан нима кутиш мумкин?!
Шунинг учун ҳам айтишса керак-да, аслинг каби кўрин ёки кўринганингдек бўл!

Орзугул РУСТАМОВА,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар