Тез ёрдам машинасини ўтказиб юборинг, акс ҳолда катта жарима тўлайсиз!

27

Фавқулодда хизмат машиналарининг ўтиб кетишига халақит берганлик учун жарима миқдорини ошириш режалаштирилмоқда.

Ўт ўчириш, тез ёрдам ва ички ишлар органлари хизмат машиналари чақирув бўйича кетаётган вақтда, уларнинг ўтиб кетишига халақит берган ҳайдовчиларга солинадиган жарима миқдорини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ўзгариш муҳокама учун эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128.5-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасига кўра, ушбу модда биринчи қисмининг санкциясидаги «беш» сўзи «ўн» сўзи билан алмаштирилади. 128.5-модданинг амалдаги биринчи қисмига мувофиқ, «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўсқинликсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқидан фойдаланадиган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериши – энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади».
Қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгартириш қабул қилинса, мазкур жарима миқдори энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида белгиланади.
Ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Ishonch.uz

Бошқа хабарлар