Тўғри танлов

48

Корхона раҳбари қай эшикка бормасин, «бу бизга тегишли масала эмас», қабилидаги жавобни олди. Энди нима қилсам экан, дея ўйланиб юрганида ҳуқуқшунос дўсти жонига оро кирди. У дўстининг маслаҳатидан сўнг қаерга, кимга мурожаат қилишни англаган эди.

– Бизга мурожаат қилган йигит каттагина корхона раҳбари экан, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов. – Унинг муддаосини эшитгач, барча муаммоларга барҳам беришнинг тўла имкони бор, дедик.
Жомбой тумани Фарҳод шаҳарчасида фаолият кўрсатаётган «EKO ORIENT GROUР» масъулияти чекланган жамият раҳбари Суҳроб Пўлатов ҳамкор топганидан суюниб кетди.
– Кўрсатиладиган хизмат учун шартнома асосида қанча маблағ бўлса тўлаб берамиз, – деди тадбиркор. –Фақат амалий ёрдам берилса бўлди.
Касаба уюшмалари вакиллари унга жамоат ташкилоти томонидан кўрсатиладиган барча хизматлар бепул ва беғаразлигини, ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини қисқа, лўнда қилиб тушунтириб берди.
Хўш, тадбиркорни касаба уюшмаларига қай мақсад етаклаб келганди?
…Майизни қайта ишлашга ихтисослашган корхонани ташкил этган тадбиркор Суҳроб Пўлатов 15 нафар ходимни иш билан банд этиб келаётир. Ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, ишлов берилиб, қадоқланган маҳсулотларни бозорга чиқариш каби ташкилий жараёнлар бир меъёрда олиб борилмоқда. Айни чоғда хорижий давлатлардан ҳам ишонч­­ли мижозлар кўпаймоқда. Буюртмалар ҳам етарлича. Замонавий технологияга асосланган ишлаб чиқаришни маҳаллий ёшлар қойилмақом тарзда уддалаб келмоқда. Раҳбарнинг бундан кўнгли тўқ бўлса-да, доимо ичини бир ўй кемирарди. Айниқса, фалон корхона ходимининг қўлини дастгоҳ тортиб кетибди, корхона ходими эҳтиётсизлик орқасидан фалон дардни орттириб олибди, деган совуқ гапларни эшитганида ўйланиб қоларди.
Хуллас, корхонада касаба уюшма қўмитаси ташкил этилиб, ўқув-семинарлар ўтказилди. Ходимлар меҳнат муҳофазасига оид барча қонун-қоидалар ва йўриқномалар билан таништирилди. Корхонада бу йўналишга мутасадди белгиланиб, хавфсизлик қоидаларига оид дафтар юритиш, плакатлар, огоҳлантирувчи белги ва ёзувлар жорий этилди. Жамоада меҳнатни муҳофаза қилиш борасида ишларни тизимли ташкил этиш, уни бошқариш ва назорат қилиш юзасидан барча меъёрий ҳужжатлар шакллантирилди.
Корхона раҳбари буйруғи билан электр энергияси, ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена ҳолатларини назорат қилиб борувчи масъул шахслар белгилаб олинди.
– Касаба уюшмалари кўмагида хавфсизлик техникаси йўриқномалари ишлаб чиқиб, тасдиқладик, – ­дейди корхона раҳбари Суҳроб Пўлатов. – Ходимларимизни дастлабки ва иш давомида ҳамда вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни режалаштирдик. Эндиликда ҳар бир ишчи муносиб меҳнат шароитида ишлайди.
Тадбиркорнинг ташвиши ариди. Эндиликда корхонада ишловчилар муносиб шароитда меҳнат қилишларига тўла асос яратилди. Касаба уюшмаларининг беғараз кўмагидан иш берувчи ҳам, жамоа аъзолари ҳам мамнун бўлишди.
– Баъзи тадбиркорлар касаба уюшмаларига аъзо бўлишдан қочишади, – дейди корхона раҳбари. – Биз ҳам бу масалада ўйланиб юргандик. Улар билан мулоқотдан сўнг англадикки, ҳар бир меҳнат жамоасига касаба уюшмалари керак. Агар кимда-ким, фаолиятини қонуний асосда йўлга қўяман, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароити яратаман, уларни муҳофазалайман, деса ҳеч иккиланмасдан касаба уюшмаларига келсин. Ташкилотга аъзо бўлганлар беғараз кўмакчи, холис ҳамкор, куйинчак ҳимоячига эга бўларкан. Буни биз ўз фаолиятимизда синовдан ўтказдик.

Нурилла ШАМСИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар