“Синиқ” сўз жамиятга нима беради?

110

… Сўз ҳам пулдек “синиши” мумкин. Бугун бунинг исботини кўряпмиз. Бундан 20-30 йил илгариям хийла жиддий маъно касб этиб келган “журналист” сўзи ўз устидаги маъно ва масъулиятни бир кийим ўлароқ ечди. Иқтисодиётда синган пул фақат нумезматикага керак. Сўз-чи, сўз айтувчи соҳа-чи?..

Горбачёв “қайта куриши”дан “кўкарган” эркин матбуот кейинги давр учун кераксиз эди. Шу боис унинг тишини “қоқиб” олдик… Мана, 20 йилдан ошдики, қизил ияк матбуотимиз тушуниксиз алжираётган қария аҳволида. Мирзиёев берган эркинлик жамиятга очиқлик олиб киргандай бўлди, бироқ совет мактабларию кечаги бошоғриқлар кўз олдидан кетмаган классик матбуот бунга иккиланиб қаради.

Бу бўшлиқ эса “бульварный” журналистикани ривожлантирди (Жаноб Ортиқхўжаев буни содда ва чиройли қилиб “Сизлар “Божалар” ва фалон артистларга ўхшаб бир марталиксизлар, сизларники санъат эмас” деб ифодалади). Ва бу жамиятга эркин матбуот фонини бергандек бўлди. Аслида истак ҳам шу — янги жамиятда янги, эркин матбуот яратиш эди. Бироқ бу асосий дискурсдан узоқроқ масала бўлиб чиқди. Яъни, “матбуот” бу ишга касб деб эмас, пул деб қараётганини очиқ-ошкор намойиш қилди…

Бугун ахборот оқимида , вазият ўнгарилмас аҳволга келган. Рост билан ёлғон, адолат билан хиёнат, муҳаббат билан нафрат аралашиб кетди. Буларни бир-биридан фарқлаб берадиган ким бор бугун?!. Соҳага масъул мулозимларми?..

Шу ўринда Сталиннинг машҳур мулоҳазаси эсга келади. У Рим империяси нега инқирозга учраган, дея савол қўяди ва ўзи истеҳзоли жавоб қилади: чунки у ерда биринчи даражали масалалар билан учинчи даражали одамлар шуғуллана бошлашганди.

Бугун ривожланган дунёнинг барча жамиятларида матбуотга биринчи даражали, стратегик соҳа сифатида қарашади. Модомики шундай экан, биз матбуот соҳасида глобал ўзгаришлар (хусусан кадрлар борасида) қилдик дея оламизми? Умуман, янгиланаётган Ўзбекистонга янги матбуот керакми ё йўқ?..

Таассуфки, журналист ва блогерлар расмийлар ғазабига дучор бўлаётган, мамлакат журналистларини бирлаштирувчи уюшма кўч-кўронини кўтариб ҳар жойда ижарада юрган, республиканинг бутун бошли босма ОАВлари жойлашган бино шаҳар ҳокимияти томонидан сотувга қўйилганини кўриб туриб, керакдан кўра керак эмас, деган гапга кўпроқ ишонгинг келади.


@platformauzb

Бошқа хабарлар