5 йиллик товон пули тўланди

45

Гулчеҳра Аҳророва Самарқанд шаҳридаги «Нафис» акциядорлик жамиятида 28 йил ишлаган. Касб-касаллигига чалингач, нафақага чиққан. Корхона собиқ ходимига товон пули тўлаб келаётганди. Аммо бозор иқтисодиётига мослаша олмаган корхона касодга учради. Кўпчилик қатори Г.Аҳророва ҳам бунинг жабрини тортди – товон пулини ололмай қолди.

Унинг гоҳ у эшикка, гоҳ бу эшикка бош суқишлари натижа бермади. Аксар жавоблар бир хил эди: таназзулга юз тутган корхонанинг вориси йўқ… Бу масалада фалончига учранг… Мурожаат-у, жавоб кутишлар йилларга уланди. Умидлари чок-чокидан сўкилай деганда, касаба уюшмаларига нажот истаб келди.
– Гулчеҳра Аҳророванинг муаммоси прокуратура органлари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритилди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов. – Суд қарори билан Гулчеҳра Аҳроровага 5 йил мобайнида тўлаб берилмаган ва ойма-ой тўланиши лозим бўлган товон пули бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Самарқанд тумани бўлими ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.
Бугун Гулчеҳра мурожаати ижобий ечим топганидан мамнун.
– Беш йил мобайнида тўхтаб қолган нафақа бир йўла тўлаб берилди, – дейди у. – Ҳозир ойма-ой нафақа пулини олиб турибман. Оддий бир фуқаронинг манфаатини жон куйдириб ҳимоя қилган касаба уюшмаларидан беҳад миннатдорман.

Нурилла ШАМСИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар