Томдаги «дорбоз»лар

74

ёхуд қурувчилар қачонгача ҳимоясиз меҳнат қилади?

Мамлакатимиз улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган. Бундан Жиззах вилояти ҳам мустасно эмас. Хусусан, Жиззах шаҳрида қурилиш ишлари авжида.

Аммо… Меҳнат муҳофазасига эътибор бериляптими?

Афсуски, бу саволга ҳамма ташкилотларда ҳам ижобий жавоб топиш мушкул. Масалан, шаҳардаги «Агростандарт Плюс» қурувчилари махсус кийим-бош билан таъминланмаган. Ўзини «бригадир» дея таништирган Мўмин Мойлановнинг айтишича, бу ерда қурувчиларнинг аксарияти ёлланма ишчилар экан. Улар оғзаки шартнома асосида меҳнат қилмоқда ва кунига 45-50 минг сўмдан иш ҳақи олади. Бир кунда ўртача 10-12 соат ишламоқда.
Савол туғилади: меҳнат ҳуқуқлари нега бузилмоқда?

Қаерга мурожаат қилишни билмаймиз

Жиззах шаҳридаги «Исломжон Анорбой» МЧЖ қурувчилари 52 хонадондан иборат кўп қаватли уй барпо этишмоқда. Бинонинг том қисми тўлиқ ёпиб бўлинган. Ташқи пардозлаш ишлари тугаш арафасида.
Корхонанинг Меҳнатни режалаштириш бўлими бошлиғи Бахтиёр Бойматов салкам 40 йилдан буён қурилиш соҳасида меҳнат қилиб келмоқда. Унинг айтишича, олдинлари қурилиш ташкилотларида касаба уюшмалари фаолият юритган. Аммо 2000 йилдан бошлаб бу тизимда ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
– Жамоамизда 30 нафар ходим бор, – дейди у. – Бундан ташқари, мавсумий ишларга яна 50-60 нафар ходим жалб этилади. Касаба уюшма қўмитасини ташкил этиш учун, очиғи, қаерга мурожаат қилишни билмаймиз.

«Каска»си йўқ қурувчилар

«Гулрух Мега стрoй» МЧЖ фаолияти билан танишганимизда ишчи Ифтихор Худойқулов пайвандлаш юмушлари билан банд экан. Махсус кийим-боши йўқ. Нега меҳнат муҳофазасига риоя қилмаётганини сўраганимизда, елка қисди. Айтишича, у ёлланма ишчи сифатида ишлайди, корхона билан ҳеч қандай меҳнат шартномаси тузилмаган. Бажарган ишига қараб нақд пул олади.
Қурилиш жараёни билан яқиндан танишдик. Еттинчи қаватда ишчилар худди дарбоз арқонда юргандек ишламоқда. Аммо хавфсизлик камари ва «каска»си йўқ.
Ҳолбуки, меҳнат қонунчилигига мувофиқ, қурилиш, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-қурилиш корхоналари ходимлари махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситалари билан бепул таъминланиши керак. Жиззахдаги қурилиш корхоналари раҳбарлари уларга қонунлар тегиш­ли эмас деб ўйлашади, чоғи…

Ортиқча ғалва(ми?)

– Айрим хусусий корхоналарда меҳнат муҳофазасига ортиқча ғалва деб қаралади, – дейди Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши бош юристконьсулти Шерзод Худойбердиев. – Ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча кўнгилсизликларнинг аксарияти касаба уюшмалари таркибига кирмаган қурилиш ташкилотларида рўй бермоқда. Жиззах вилоятида қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар касаба уюшма аъзолигига қабул қилинмаган. Бу ташкилотларда меҳнат хавфсизлиги устидан жамоатчилик назорати фаолияти ҳам йўлга ­қўйилмаган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва иш ҳақини олишда турли муаммолар юзага келмоқда.
– Хусусий ташкилотларни касаба уюшмаларга аъзо қилиб, ходимлар манфаатини ҳимоялаш мумкин эмасми? – дея сўраймиз суҳбатдошимиздан.
– Мумкин, – дейди у. – Тармоқ касаба уюшма ташкилоти билан ҳамкорликда қурилиш ташкилотларида аъзолик афзалликларини тушунтирганмиз. Аммо уларни бошқараётганлар кўп ҳолларда таклифларимизни рад этишади. Боиси, касаба уюшманинг тузилмаслиги аксар ҳолларда қурилиш корхоналари раҳбарларининг манфаатига хизмат қилади-да. Уларга касаба уюшмалари сафига аъзо бўлиш мажбурий эмаслигини, лекин иш берувчи сифатида меҳнат муҳофазасини таъминлашга мажбур эканини англатишга интиляпмиз. Қурилиш корхоналарида ҳам касаба уюшмалари ташкил этилса, ишчи-ходимларнинг манфаатлари таъминланган, уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлмаган бўлар эди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар