Ҳокимлар реал ҳаётни халқ билан бирга яшаб кўришлари керак…

106

Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов анча уддабурон ҳоким чиқиб қолди. Билсангиз, у яқин-яқингача салбий воқеаларга дахлдор бўлиб, шов-шувлар марказида турарди. Бир гал андижонлик Хуршида Тиллаеванинг уй-жой борасидаги даъвоси туфайли ижтимоий тармоқларда турли гап-сўзлар тарқалиб, бу унинг имижига соя солган бўлса, бошқа сафар соғлиқни сақлаш вазирига шаъма қилиб айтган қўпол гаплари ортидан энг юқоридан дакки эшитди. Қолаверса, “сўконғич”лиги ҳам доим унга “бошоғриқ” бўлиб келган.

“Ҳам ишлаб, ҳам ёмонотлиққа чиқайми, шошма, энди бунақаси кетмайди” деди шекилли, охирги икки-уй ойда Абдураҳмонов ракурсни кескин ўзгартирди. Энди бутунлай бошқача йўл тутяпти: бир қарасанг пахта даласида теримчи аёллар билан бирга тушлик қилаётган, бир қарасанг қишлоққа бориб, оддий одамларнинг уйида тунаб қолган… Кеча Андижон давлат университети ошхонасида талабалар билан тушлик ҳам қилибди. Обедга 15 минг сўм тўлабди. Бундай PR устида ким ишлаяпти билмадигу, аммо бирига ёқмаса, бошқасида ижобий тасаввур уйғотади бу. Муҳими, хўжакўрсинга бўлмаса бўлди…

Андижон вилояти ҳокими шов-шувли воқеалар эпицентрида юриш бўйича ўзидан қолишмайдиган Фарғона вилояти ҳокимига ҳам бир “мастер-класс” ўтиб қўйса бўларкан. Чунки “фарғоналик валломат” доим қовун тушириш билан банд. Бир гал кечирим сўраб Сенатга ҳам келиб кетувдилар, ҳеч қанча ўтмай яна қовун туширдилар. Шунинг учун Абдураҳмоновдан маҳорат дарси керакка ўхшайди…

Ўзи деярли доим шу икки вилоят ҳокими трендда. Самарқанд, Наманган вилояти ҳокимлари ҳам ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинади, лекин кўпинча яхши томондан тилга олинади. Негадир Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари деярли йирик планда кам кўринишади. Балки шуниси тинчроқ дейишар. Чунки очиқлик сиёсатидан кейин ҳатто республикада ишлайдиган айрим раҳбарлар, вазирлар ҳам ОАВ олдида чиқишга тайёр эмасликларини кўрсатиб қўйишяпти-да. Биттаси Венесуэлага қиёслаб, бошқаси гўшт кўп еяпмиз деб, яна биттаси муракобод этиб, кун, ой мавзусига айланиб қоляпти. Келтирмоқчи бўлган мисоллари балки мантиқан тўғридир, аммо одамларга етказишни билишмаяпти. Кулгига қолишяпти… Бунинг ўзи битта мавзу.

Балки камнамо ҳокимлар Абдураҳмоновникига ўхшамаган нимадир топишга уринишаётгану, аммо топа олишмаётгандир. Топса бўлади. Масалан, шу кунларда қайсидир қишлоқ хонадонига бориб, свет ўчганда соатлаб қоронғуда ўтириш нималигини ҳис қилиб кўришлари мумкин. Ёки газ йўқ шароитда бир кун яшаб кўришса бўлади. Жуда бўлмаса, метан “заправка”даги «очеред»да 2-3 соат туришсин, ҳайдовчиларни тушуниб, газчиларга вазиятни юракдан чиқариб етказишар…

Қисқаси, ҳокимлар “хонадонма-хонадон юрибмиз” деган “шаблон” гапларни четга суриб, халқ билан бирга реал ҳаётни яшаб кўришлари керак. Тўғри, мулоқотлар қилишяпти, муаммоларнинг аксариятини жойида ҳал этишяпти. Бунисига гап йўқ. Аммо оддий турмушда бўлиши керак бўлган шароитлар бўлмаса одамлар барибир эътироз қилишни қўймайди. Шароитларни билиш, англаш, юракдан ўтказиш учун эса ўша муҳитга тушиб кўриш лозим…

Албатта, буларнинг барчаси шахсий фикрлар.


@platformauzb

Бошқа хабарлар